Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:14

Рамзан Қодиров Алламжоновга "жавоб бериш" билан таҳдид қилди


Рамзан Қодиров. Телеграм
Рамзан Қодиров. Телеграм

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Ўзбекистон президенти администрациясининг Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжонов ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги бошлиғи Дмитрий Лига “барча ҳийла-найранглари, бўҳтон ва уйдирмалари учун” жавоб беришларини айтиб таҳдид қилди.

Аввалроқ Озодлик икки чеченистонлик Алламжонов ва шунингдек, Лига нисбатан суиқасд режасига доир иш бўйича Интерпол қидирувига берилгани ҳақида хабар қилган эди.

“Комил Алламжонов билан Дмитрий Лига жабрдийда ролини ўйнашга қаттиқ берилиб кетмасликни тавсия қиламан. Ниятларингиз нима бўлса ҳам, вақтида тўхтаганингиз маъқул, акс ҳолда барча ҳийла-найранглар, бўҳтон ва уйдирмалар учун жавоб беришга тўғри келади. Мен ҳозир ўз одатларимизга мос жавоб тўғрисида гапиряпман”, деб ёзди Қодиров 26 декабрь куни ўз Телеграм-каналида.

Қодировнинг иддасига кўра, ОАВлар “Ўзбекистон президенти оиласидаги ўзаро адоват” ҳақидаги миш-мишларни “шиширмоқда” ва “кимдир яхши жамоани заифлаштиришга, тизимни синдиришга уриняпти”.

“Бўлаётган воқеаларга бефарқ қола олмайдиган инсон сифатида муҳтарам президент оиласи вакилларини баёнот билан чиқишга ва бу жирканч миш-мишларга чек қўйишга чақираман”, дея қўшимча қилди Чеченистон раҳбари.

Чечен изи

Ўзбекистон Бош прокуратураси Бислан Расаев ва Шамил Темирхановга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг қатор моддалари бўйича жиноят иши қўзғатган. Улар орасида чегарадан ноқонуний ўтиш ва қурол-яроғ контрабандаси ҳақидаги моддалар бор.

Озодлик манбаларига кўра, 36 ёшли Бислан Расаев ҳамда 31 яшар Шамил Темирханов Қибрайдаги суиқасд ҳодисасидан олдинроқ Алламжоновни ўлдиришни режалаганликда гумонланмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларнинг билдиришича, чеченлар билан боғлиқ айблов эпизодида президент администрациясининг яна бир мулозими - Президент ҳузуридаги Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбари Дмитрий Ли номи ҳам бор.

Дмитрий Ли ҳам Алламжонов каби президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёевага яқин шахс сифатида кўрилади.

Расаев ва Темирханов ҳозирда Россияда яширингани айтилади.

Икки чеченистонлик Қибрайдаги суиқасдни намойишкорона бўйнига олган Шоҳруҳ Аҳмедов кўрсатмасига биноан ушбу жиноят ишига жалб этилгани айтилмоқда.

Озодлик Шоҳруҳ Аҳмедовнинг 2021 йилда Туркияда Рамзан Қодиров танқидчиларига қарши уюштирилган шов шувли суиқасд режасига алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олингани ва етти ой қамоқда ўтирганини аниқлаган.

Ўшанда Аҳмедов айнан Бислан Расаев гуруҳи билан бирга қўлга олинган ва у Расаев билан яқин ҳамкорлик қилгани ўртага чиққан.

Турк матбуотида “рус жосуслари можароси” деб аталган ушбу ҳодисада Аҳмедов билан бирга етти нафар чеченлар айбланган. Туркия нашрлари 15 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси сўралган бу шасхларнинг кутилмаганда суд залидан озод қилинишини Чеченистон президенти Рамзан Қодировнинг шахсан аралашувига боғлаган.

Бу Рамзан Қодировнинг икки ой муқаддам Ўзбекистонда содир бўлган суиқасд юзасидан иккинчи баёноти. 10 ноябрь куни Чеченистон раҳбари Алламжоновга суиқасдда унинг қўли йўқлигини айтиб чиққанди.

Қодиров суиқасдда “чечен изи” борлиги билан боғлиқ тахминларни “иғво” деб атар экан, ростдан ҳам шунақа режаси бўлганида “ишни охирига етказган ва юз фоизлик натижа эришган бўлиши”ни қистириб ўтди.

Айни пайтда Қодиров Озодлик суриштирувида тилга олинган жиҳатларни изоҳсиз қолдирган. Жумладан, Туркияда суиқасдда айбланган Шоҳруҳ Аҳмедов дохил чеченистонлик гуруҳ аъзолари қўлга олинганидан кўп ўтмай, Истанбулга норасмий сафар қилгани сабабини очиқламаган. Қодиров, умуман, “жосуслик” можаросига аввал ҳам ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган.

Турк матбуотига сиздирилган “Жосуслик можароси” номли ишга доир 25 варақлик айблов хулосасига кўра, гуруҳ бошчиси Бислан Расаев кўрсатмаларни Россия Давлат Думаси депутати Адам Делимхановдан олиб турган.

Делимханов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга яқин қариндош ва муҳим иттифоқчи ҳисобланади. Шунингдек, тергов жараёнида Бислан Расаевнинг қатор қотилликлар сабаб халқаро қидирувда бўлган криминал авторетитет Казбек Дукуев билан ҳам ҳамкорлиги борлиги аниқланган.

Турк матбуоти суриштирувига кўра, Делимханов ва Дукуевнинг 20 йил ичида содир этилган олтита суиқасдда қўли бўлган.

Комил Алламжоновга 2024 йил 26 октябрда, Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилишидан бир кун олдин суиқасд қилинган эди. Номаълум одамлар унинг машинасини ўққа тутишган, воқеа мулозимнинг Қибрайдаги уйи яқинида рўй берган. Алламжонов ва унинг ҳайдовчисига зиён етмаган.

Суиқасддан кейинги "тозалаш"лар

23 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ДХХ раиси Абдусалом Азизовни ишдан олди.

ДХХ янги раиси этиб 2019 йилдан буён Мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Баҳодир Қурбонов тайинланди.

Азизов истеъфосининг расмий сабаби ҳанузгача номаълум. Озодлик манбалари унинг Алламжоновга уюштирилган суиқасдга боғлиқ эканини айтишган.

Бир вақтнинг ўзида ҳукумат, ДХХ ва ИИВнинг қатор юқори мартабали мулозимлари истеъфога чиқарилди, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг собиқ ўринбосари Дониёр Ташходжаев ҳибсга олинди.

Орадан икки кун ўтиб, 25 ноябрь куни Отабек Умаров Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари лавозимидан бўшатилди.

Умаровнинг ишдан олиниши Алламжоновга суиқасд фигурантларидан бири Жавлон Юнусов Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 25 ноябрь куни содир бўлди.

Юнусов номи илк бор Озодлик суриштирувида янграганди.

Озодлик суриштирувлари Президент давлат хавфсизлик хизматининг де-факто раҳбари бўлган Отабек Умаровни унга алоқадорлиги иддао қилинган норасмий “Офис” орқали Комил Алламжоновга суиқасд ижрочиларига боғлаганди.

Умаровнинг ўзи ва бошқа расмийлар "Офис" ҳақидаги маълумотларни шарҳламаган.

Расмий тергов Отабек Умаров ёки ҳукуматдаги бошқа бирон мулозимнинг суиқасддаги ролига ишора қилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG