Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:42

Баҳодир Жалол: Каримовнинг биринчи портретини чизган эдим... (Эксклюзив суҳбат)


Рассом Баҳодир Жалолов чизган Ислом Каримов расми
Рассом Баҳодир Жалолов чизган Ислом Каримов расми

Ўзбекистон халқ рассоми¸ СССР давлат рассоми Баҳодир Жалол "Ўзбекистон биринчи президентининг энг яхши портрети" республика конкурсининг ғолиби, деб топилди.

69 яшар рассом Баҳодир Жалол Озодлик билан суҳбатда конкурсда ғолиб деб топилган портретни Каримов ўлимидан икки йил аввал¸ ундан рухсат олиб чизгани билан боғлиқ тафсилотларни айтиб берди:

- Мен Жанубий Корея Бадиий академиясида рассомликдан дарс бериб юрган 2014 йилда бирдан Ислоим Каримов расмини чизиш истаги пайдо бўлди. Биров чиз демади¸ буюртма ҳам беришмади. Савқи табиий билан шу одамнинг расмини чизишим кераклигини ичимдан ҳис қилдим. Ўша йили Тошкентга қайтиб Ислом Каримов билан учрашиш истагини пртезидент девонига билдирдим. Ислом Абдуғаниевич мени тезгина қабул қилди. Мен унга сизни чизгим келди десам¸ у киши "майли", деб изн берди. Мен Ислом Абдуғаниевични 1989 йилдан бери яхши биламан. У киши ҳам мени қадрлаб илк марта Хиндисотонга сафар қилганида менга расм бююртма қилувди. Хуллас, рухсат олиб расм чизишга киришдим. Бирданига 5 та расм устида иш бошладим. Расмлар битгач, Ислом Абдуғаниевич келиб кўрди. Расмлар у кишига манзур бўлди. "Менга ëқди¸ лекин ҳеч кимга кўрсатмасдан бекитиб қўй" деди. У кишининг вафотига ҳали икки йил бор эди ўшанда¸ - дейди рассом.

Баҳодир Жалол Ўзбекистон президенти расмини илк бора чизган рассом сифатида тарихга кирган. 1993 йили Тошкентдаги Ленин музейи Ўзбекистон Тарих музейига айлантирилди. Бино ичидаги Марказий Осиëда инқилоб ғалабаси акс этган рангин мозаика панно (рассомлар В. Замков¸ В Ионина - муаллиф).йўқ қилиниб¸ унинг ўрнига рассом Баҳодир Жалол фреска ишлади.

Фреска марказида от минган Амир Темур тимсолида ҳокимият пирамидаси акс эттирилган. Пирамида тепасида эса очиқ турган Қуръон акс этган. Қуръондан чиқаëтган нур фонида эса Каримовнинг БМТ минбарида ваъз айтаëтгани акс этган. Баҳодир Жалолнинг эслашича¸ Ислом Каримов акс этган бу расм унинг буйруғига биноан музей деворидан ўчириб ташланган:

- Ўзи шу расмни чизганим хато бўлган эди. Каримовдан сўрамасдан чизувдим. Эскизда пртрет ўрнида Амир Темур империясининг уч думалоқ шаклдаги герби акс этган эди. Президент девонида ишлайдиган амалдор талаби билан гербни олиб ташлаб Каримовнинг расмини чиздим. Кейинчалик бу фреска Россия ТВ сида лаганбардорлик¸ шахсга сиғиниш, дея танқид қилинди. Каримов дарғазаб бўлиб¸ бу расмни ўчиртириб ташлади ва расмга буюртма берган амалдорни ишдан ҳайдади¸ - дейди Баҳодир Жалол.

1993 йилда чизилиб атиги олти ой умр сурган бу фрескага диққат билан қаралса¸ Каримовнинг Қуръондан чиқаëтган нурлар орасида йўқ бўлиб кетаëтганини илғаш мумкин эди. Рассом Жалол назарида Қуръони Карим устига Каримов потрети чизилиши бошиданоқ хато бўлган:

- Мен амалдорга Қуръондан баландга одам сиймосини чизсам, композиция бузилади ва мантиққа ҳам зид, деб тушунтирдим. Президентга ëқиш ниятида бўлган бу амалдор чизасан, деб туриб олди. Мен рассом сифатида буюртмани бажардим¸ - дейди Баҳодир Жалол.

Рассом Баҳодир Жалол билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:49 0:00

Саудия қироли Фаҳд¸ Британия қироличаси Елизаветта¸ Туркия президенти Сулаймон Дамирал¸ Хиндистон Бош вазири Индира Ганди портретларини чизган рассом ўз вақтида Леонид Брежнев ва Шароф Рашидовнинг пахта даласида турган расмини ҳам чизган эди. Брежнев потрети ҳақидаги саволимга табассум билан жавоб берган рассом “Қаëқдан топасизлара шунақа ноëб маълумотларни” дея баъзи тафсилотларни айтиб берди:

- Энди ўша даврда "Оқ олтинни олтин қўллар яратади" деган шиор бор эди. Брежневнинг гапи бу. Бу иккала раҳбар далада бирга турганми ë йўқми - аниқ маълумот йўқ. Ўша пайт мафкурасининг буюртмаси эди бу . Госзаказ дейиларди. Дўстим Жавлон билан бирга жавлон уриб (кулади) бу расмни чизгандик¸ дея эслайди рассом.

Баҳодир Жалол
Баҳодир Жалол

Ислом Каримов: "Баҳодир Жалол каби рассом яшаган даврдаги Ўзбекистонни Каримов бошқарган эди"

Озодлик билан суҳбатда рассом ўзининг Ислом Каримов билан 27 йил давом этган зиддиятли муносабатлартини эслади.

Баҳодир Жалолга кўра, “рассом ва ҳукмдорнинг илк учрашуви” 1990 йили Москвадаги Марказий Рассомлар уйида бўлиб ўтган:

- Катта кўргазма уюштирган эдим Москвада. Кўргазма афишаси Кремлдаги Съездлар саройида ҳам осиғлиқ эди. Ўша пайтда Ўзкомфирқа 1- котиби бўлган ва СССР Олий кенгаши депутати сифатида Москвадаги съездга келган Ислом Каримов бу афишани кўриб Москвани лол қолдирган ўзбекистонлик рассом кўргазмасига боришни ихтиëр қилди. (Компартия мулозимларининг санъат дунëсидан бохабар бўлиши кураторлар тарафидан олқишланар эди - таҳр).

Марҳум Ислом Каримов ҳаëти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00

Рассом Баҳодир Жалолнинг эслашича¸ Ислом Каримов иштирок этган кўргазма очилиш маросимида москвалик мунаққидлар рассом ҳақида оташин мақтовли гапларни айтишган:

- Энди санъатшунослар бири олиб, бири қўйиб, мени Леонардо Да Винчи¸ Салвадор Дали ва Алфред Сикейросдан ҳам зўр рассом, деб муболаға қиворишди. Кўргазмага ташриф буюрган ва бу оташин гаплар тагидаги муболағани илғамаган Ислом Каримов сўз сўраб қолди. Ўзи тезда кетмоқчи эди. Аммо санъатшунослар гапидан таъсирланиб мана бу гапни айтди: “Орадан вақт ўтади¸ Ўзбекистонга раҳбар бўлган каримовлар унутилади¸ аммо рассом Баҳодир Жалол исми ва санъати унутилмайди. Балки "Баҳодир Жалол каби рассом яшаган даврдаги Ўзбекистонни Каримов бошқарган эди" деб эслашар¸ агар шундай бўлса, мен бахтли бўлар эдим. Мен Баҳодир Жалол каби рассом билан бир даврда яшаëтганимдан фахрланаман", деб юборса бўладими¸ дея эслайди рассом.

Баҳодир Жалол асари
Баҳодир Жалол асари

Сал ўтмай, Ислом Каримов умрида илк бор остона ҳатлаб, Ҳиндистонга йўл олганида¸ Баҳодир Жалоловга расм буюртирди.

Бу расмни Ҳиндистон раҳбариятига тақдим қилиш акс этган ва Ўзбекистон ТВсида намойиш қилинган лавҳада Каримов яна бир бор “Бу расмни буюк рассом Баҳодир Жалол чизди”, деган сўзларни такрорлаган эди.

Санъатшунос Борис Чухович назарида¸ Каримовлар оиласида Баҳодир Жалолга нисбатан мураккаб муносабат тадрижи мавжуд.

"Каримов назарида Жалол улуғ рассом бўлса¸ тўнғич қиз Гулнора Каримова назарида Жалол шунчаки эклектик муқаллидга мойил расмкаш. 1993 билан бошлаб Ўзбекистон президентининг рассом Баҳодир Жалолга муносабати совуқлашгани кузатилади. Баҳодир Жалолнинг фрескалари бутун мамлакат бўйлаб вайрон қилина бошланди. Бирин-кетин. Туркистон саройига ишланган фреска ҳали бўёғи қуримасдан ўчириб ташланди. Баҳор концерт залидаги Мукаррама Турғунбоевага бағишланган фреска нобуд қилинди"¸ - дейди Борис Чухович.

Баҳодир Жалолнинг ўзи Ислом Каримов ҳақида салбий хотираларни эслашни ҳуш кўрмайди.

- Мен рассомман¸ кўрган нарсамни¸ ҳис қилганим мавзуни чизаман. У одамнинг яхши ëки ëмонлигига тарих баҳо берсин. Ўз вақтида СССР раҳбари Никита Хрушчев Эрнст Неизвестний деган рассомни ҳақорат қилиб¸ мамлакатдан бадарға қилган эди. Аммо бу рассом гина-кудуратни унутиб Хрушчевнинг энг яхши ҳайкалини ясади, деди рассом Баҳодир Жалол.

XS
SM
MD
LG