Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:26

Reuters: Афғонистоннинг янги ҳукуматига Мулла Бародар раҳбарлик қилади


Мулла Абдул Ғани Бародар Толибон ичидаги нисбатан мўътадил раҳбар деб кўрилади.
Мулла Абдул Ғани Бародар Толибон ичидаги нисбатан мўътадил раҳбар деб кўрилади.

Толибон асосчиларидан бири ва унинг сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Бародар Афғонистоннинг янги ҳукуматига раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Reuters агентлиги учта манбага таяниб хабар бермоқда. Бародар Толибон ичидаги нисбатан мўътадил раҳбар деб кўрилади.

Манбаларнинг 3 август куни билдиришича, Толибон асосчиси ва унинг руҳоний раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг ўғли Мулла Муҳаммад Ёқуб ҳамда ҳаракатнинг Доҳадаги сиёсий идораси аъзоси Муҳаммад Аббос Станекзай ҳам ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллайди.

"Толибоннинг барча раҳбарлари Кобулга етиб келди, янги ҳукуматни тузиш бўйича музокаралар якуний босқичда", деб айтган исми очиқланишини истамаган Толибон аъзоси.

Пайшанба куни Афғонистоннинг Панжшир водийсида Толибон кучлари ва уларга қарши исёнчилар ўртасидаги тўқнашувлар давом этди. Бу орада икки ҳафта олдин ҳокимиятни қўлга киритган Толибон пойтахт Кобулда ҳукумат тузишга уринмоқда.

Панжшир – мамлакатнинг толиблар назоратида бўлмаган сўнгги вилоят.

Толиблар АҚШ ва хорижий қўшинлар 20 йил деганда Афғонистондан олиб чиқиб кетилганидан кейин бутун мамлакат бўйлаб ҳокимиятни яшин тезлигида қўлга олди.

Ҳар икки томон тўқнашувларда душманга катта талафот етказганини иддао қилмоқда.

“Биз маҳаллий қуролли гуруҳ билан музокаралар муваффақиятсизликка учрагач, амалиёт бошладик”, деди Толибон матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Унинг сўзларига кўра, Толибон жангарилари Панжширга кириб, баъзи ҳудудларни ўз назоратига олган.

“Улар оғир йўқотишларга дучор бўлишди”, деди котиб.

Афғонистон Миллий қаршилик жабҳаси вакили водийга элтувчи барча йўллар исёнчиларнинг тўлиқ назоратида эканини ҳамда Толибоннинг Шотул туманини эгаллаш ҳаракатлари муваффақиятсиз якунланганини таъкидлади.

“Душман Жобул-Сараждан Шотулга киришга бир неча бор уриниб кўрди ва ҳар сафар муваффақиятсизликка учради”, деди у.

Толибон 15 август куни Кобулга бостириб кирганидан бери Панжширда собиқ мужоҳид қўмондони ўғли Аҳмад Маъсуд бошчилигида маҳаллий жангчилар ва собиқ ҳукумат ҳарбийларидан иборат бир неча минг жангчи тўпланган.

Улар ташқаридан ҳужум қилиш қийин бўлган водийни Толибондан мудофаа қилмоқда.

Хабарларга кўра, икки томон ўртасида музокара олиб бориш уринишлари муваффақиятсиз якунланган. Бунинг учун ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда.

Мужоҳид янги ҳукумат яқин кунларда эълон қилинишини таъкидлади. Толибон расмийси Аҳмадуллоҳ Муттақий эса маросим президент саройида уюштирилишини айтди.

Гуманитар бўҳрон

Халқаро донорлар ва инвесторлар назарида Кобулдаги ҳукумат легитимлиги Афғонистон иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Айни дамда мамлакат қурғоқчилик ва 240 мингга яқин одам умрига зомин бўлган уруш оқибатлари билан курашмоқда.

Ёрдам ташкилотлари Афғонистон гуманитар фалокат ёқасида эканидан огоҳлантирди. Шунингдек, йиллар давомида миллионлаб доллар қийматга эга ташқи ёрдамга таянган иқтисодиёт қулаш арафасида экани айтилмоқда.

Толибон жангарилари ҳокимиятни қўлга олишидан анча олдин ҳам кўплаб одам қурғоқчилик туфайли ўз оиласини боқишга қийналаётган эди. Ёрдам ташкилотларига кўра, эндиликда миллионлаб одам очарчиликка дуч келиши мумкин.

Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Афғонистондаги бўлими раҳбари Мэри-Эллен МакГроарти “Reuters” агентлигига Кобулдан туриб берган интервьюсида:

“15 августдан бери яқинлашиб келаётган иқтисодий инқироз фонида бўҳрон чуқурлашиб, кенгаяётганига гувоҳ бўляпмиз”, деди.

“Wester Union” ширкатининг юқори лавозимли ходими Афғонистонга пул ўтказиш хизмати қайта тикланаётганини билдирди. Расмий бу қарорга АҚШнинг гуманитар фаолиятни давом эттириш чақириғи асосида келинганини айтди.

“Афғонистонда фаолиятимизнинг кўп қисмини оилавий ва у ердаги одамларнинг асосий эҳтиёжларини қондирадиган кичик суммадаги пул ўтказмалари ташкил қилади, шунинг учун ўз бизнесимизни қайта очмоқчимиз”, деди “Western Union” ширкатининг Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва Африка бўйича президенти Жан Клод Фараҳ “Reuters” агентлигига.

“Western Union” ҳамда “MoneyGram International” ширкатлари Толибон Кобулни қўлга олганидан кейин Афғонистондаги хизматларни тўхтатиб қўйган эди.

Легитимлик масаласи

Толибон 1996 –2001 йиллардаги ҳукмронлиги мобайнида шариатнинг радикал шаклини жорий қилган эди. Лекин бу сафар гуруҳ инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва эски душманларни таъқиб қилмасликни ваъда қилиб, дунёга ўзини мўътадилроқ кўрсатишга уринмоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқалар бу ваъдаларга шубҳа билан қараб, янги ҳукумат расман тан олиниши ва иқтисодий ёрдам қайта йўлга қўйилиши гуруҳ қандай йўл тутишига боғлик эканини айтмоқда.

Пайшанба куни Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас агар Толибон маълум шартларни бажарса, Германия Кобулдаги дипломатик миссиясини қайта очишга тайёрлигини айтди.

“Биз инклюзив ҳукуматни, инсон ҳуқуқлари ва аёлларнинг асосий ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини кўришни истаймиз. Шунингдек, Афғонистон қайтадан халқаро террорчилик учун қулай заминга айланмаслиги керак”, деди Маас.

Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Le Figaro газетасига берган интервьюсида Париж гуруҳ ўзгаргани ҳақида ҳали ижобий сигналларни кўрмаганини таъкидлади.

“Reuters” агентлигининг хабар беришича, масала ҳақида тўғридан-тўғри маълумотга эга манба афғон дипломатларидан ҳозирча хориждаги лавозимларида қолиш сўралган. Манбага кўра, бу билан Толибон узлуксизлик туйғусини сақламоқчи.

Толибон душанба куни эвакуация амалиёти ўз якунига етган бўлишига қарамасдан, Афғонистонда қолган чет элликлар ёки афғонларнинг мамлакатдан хавфсиз чиқиб кетишини таъминлашга ваъда берган. Аммо Кобул аэропорти ҳали ҳам ёпиқ бўлгани учун кўпчилик қуруқликдаги чегара пунктлари орқали қочишга уринмоқда.

Бундан ташқари, минглаб ҳужжати бўлмаган ёки АҚШ визасини олишни кутаётган афғонлар учинчи мамлакатларда ташкил этилган “транзит марказларида” қолмоқда.

XS
SM
MD
LG