Линклар

 
“Мактаб партасидан – урушга”. Россияда шартномавий ҳарбий хизматга доир қонун ўзгармоқда
Шошилинч хабар
21 январ 2025, Тошкент вақти: 13:32

“Мактаб партасидан – урушга”. Россияда шартномавий ҳарбий хизматга доир қонун ўзгармоқда


Россия армиясига ҳарбий хизматга чақирилганлар. Севастополь, 15 апрель, 2021.
Россия армиясига ҳарбий хизматга чақирилганлар. Севастополь, 15 апрель, 2021.

Россияда ҳарбий хизматга ёллашга доир қонун лойиҳаси Давлат Думасига киритилди. У қабул қилинган тақдирда ҳатто илгари муддатли ҳарбий хизматни ўтамаганларни, чунончи, эндигина мактабни битирган 18 ёшли ўспиринларни ҳам шартнома асосида ҳарбий хизматга олиш мумкин бўлади.

Илгари муддатли ҳарбий хизматга олинганига камида уч ой тўлган ёки ўрта махсус маълумотга эга ва 40 ёшдан катта бўлмаган шахслар билангина шартнома тузиш мумкин эди. Украинага босқин манзарасида мазкур чекловлар ҳадемай бекор бўлади (ёшга доир чеклов аллақачон бекор қилинган).

Думанинг Мудофаа ишлари қўмитаси хизматга бормаганлар билан шартнома тузишга рухсат бериш тўғрисидаги тузатишларни маъқуллаб бўлди. 28 июнда лойиҳа Давлат Думасида бирйўла иккинчи ўқишда кўриб чиқилади ва, катта эҳтимол билан, қабул қилинади ҳам. “Гражданин.Армия.Право” ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Сергей Кривенкога кўра, бу Россия армияси Украинада “анчайин жиддий талафот бераётганини” кўрсатади.

“Бўлаётган воқеаларга қараганда, уларга махсус бўлинмалар эмас, балки шунчаки ёлланма ҳарбий хизматчилар керак”, дейди у.
Россия армияси Украинадаги урушда бераётган талафотларини расман очиқламай қўйганига икки ойдан ошди. Март ойида РФ Мудофаа вазирлиги бир ярим мингдан зиёд ҳарбий хизматчисининг ўлганини тан олганди, ўшандан бери урушда ҳалок бўлган Россия аскарлари сонига доир янги маълумотлар эълон қилингани йўқ.

“Медиазона” нашри ҳамда ВВС рус хизмати маҳаллий манбаларнинг хабарлари асосида Россиянинг инсон талафотларини ҳисоблаб чиқиб, урушнинг дастлабки 100 куни давомида камида 3211 нафар аскар қурбон бўлгани ҳақида ёзди.

Айни чоғда Ғарб разведка хизматларидаги манбалар Россия 24 февралдан бери қарийб 20 минг чоғли аскарини йўқотганини айтишмоқда. Россия ҳукумати уруш важидан умумий сафарбарлик эълон қилиш режалари борлигини ҳам инкор этиб келади, бироқ мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида Украинага жўнатиш учун кўнгилли аскар йиғиш анчадан бери тизимли равишда олиб борилмоқда.

“Мен ҳарбий эксперт эмасман, аммо бу ишлар Қуролли кучлар сафларини тўлдириш учун қилинаётганини фаҳмлаб турибман. Армия фақат олдинги марраларда жанг қилаётганлардангина иборат эмас: таъминот хизматлари ва бошқа ишлар учун ҳам тузилмалар зарур. Бўлаётган ишларга қараганда, Россия махсус бўлинмаларга эмас, шартнома асосида ҳарбийга олинган аскарларга жуда муҳтож.

Профессионал бўлмаганлар армияга олингач бирор-нима ўрганишади, деб умид қилишяпти. Бу мамлакат иқисодиёти ва умуман бутун ҳаётни уруш шарт-шароитига ўтказадиган ялпи сафарбарлик эмас, аммо ҳаракатдаги армия ёки жанг қилаётган қисмлар сафини тўлдириш учун жиддий қадам”, дея изоҳ беради Кривенко.

“Талафотлар жиддийлигини кўриб турибмиз. Украинага кўра, Россия 30 мингдан ортиқ аскарини йўқотган, Россиянинг ўзи эса талафотлари анча камлигини иддао қилади, аммо асирга тушганлар ва бедарак кетганлар ҳам бор. 200 минг кишилик қўшин учун 30 минг – каттагина рақам, бу ҳар беш ё олти аскардан бири ўлди, дегани. Шу важдан ҳозир Россияда шартнома имзолаш ёшини оширишмоқда – илгари шартномани 40 ёшгача тузиш мумкин эди. Умуман, шартлар тобора қаттиқлашяпти.

Муқаддам ёшга доир талаб бор эди – камида шартнома тузаётган одам ОТМ ёки техникумни битирган бўлиши керак эди, энди бўлса ушбу шартни олиб ташлашди ва натижада исталган мактаб битирувчиси шартномага қўл қўйиши мумкин”, дейди Кривенко.
“Бизда мавжуд маълумотларга кўра, захирадан борган янги аскарларга жанговар тайёргарлик машғулотлари олиб борилмаяпти ва улар чақирувдан кейин бир ярим-икки ҳафта ўтгач фронтга жўнатилмоқда. Яъни, умрида қурол тутмаган кечаги мактаб ўқувчиси урушга ташланиши мумкин. Ҳукумат мактаб ва телевизор ёрдами билан ёшларни ўзига оғдирмоқда”.

Кривенконинг айтишича, сўнгги бир неча йилда Россияда анъанавий ҳарбий захира тизимига қўшимча равишда янги сафарбарлик захираси тизими ишлаётганини айтади: россияликлар Мудофаа вазирлиги билан ихтиёрий равишда шартнома имзолаб, ундан ҳар ой бир оз маош олган ҳолда одатдаги ҳаёт тарзини давом эттиришлари мумкин.

Мудофаа вазирлиги ҳозирда бу одамларни ҳам Украинадаги урушга жўнашга тарғиб этмоқда. Ушбу маълумотни Британия разведкаси тасдиқлади. Унинг маълумотига кўра, Россия БАРС (Боевой резерв Армии России – Россия армияси жанговар захираси) дастури бўйича захирада турганларни Донбассга йўллаб, асосан фронтортида хавфсизликни таъминлашга жалб этаётир.
“Армияда хизмат қилган ёки шунчаки, 27 ёшга тўлган барча фуқаролар захирага ўтказилади.

Сафарбарлик эълон қилинганида, қонун бўйича, уларни ҳарбий хизматга чақириш мумкин бўлади. Бундай ҳолатда улар ҳарбий қисмларга чақирилади, урушга тайёрланади ва шундан сўнггина жанговар қисмларга юборилади.

Бироқ бир неча йил муқаддам сафарбарлик захираси (БАРС) номли яна бир тизим яратилди. Мазкур тизимга асосан фуқаролар Мудофаа вазирлиги билан кўнгилли асосда шартнома имзолашади, ҳарбий хизматчи сифатида ҳисобда туришади, лекин аввалгидек яшашда давом этишади. Бунинг учун вазирлик уларга бир оз пул тўлаб туради”, дея тушунтиради ҳуқуқбон.

Улар тез-тез йиғинларга чақирилиб, ҳарбий тайёргарликдан ўтиб туришади, зарурат туғилганида эса комиссариатлар орқали ҳарбий қисмларга йўлланади – у ерда ҳар бири учун ўрин тайин қилинган бўлади. Бу сафарбарлик ресурси бўлиб, жанговар шайлиги юқори бўлгани сабабли “захира” дейилади. Моҳиятан, улар фуқароча ҳаёт кечиришда давом этаётган ёлланма аскарлардир.

“Бунақаларнинг сони аниқ эмас: ҳатто юз мингларча бўлиши мумкин. Яқинда бир гап чиқди: ҳарбий комиссариатлар уларни хизматга чақириб, шартнома имзолаётган ва жанговар ҳаракатлар ҳудудига йўллаётган экан. Бош тортган фуқаро эса, қонунга кўра, захирада турган вақтида унга мунтазам тўлаб борилган пулларни давлатга қайтариши керак бўлади.

Бунинг устига уни жарима ва бошқа маъмурий жазоларга, ҳатто жиноий жавобгарликка тортишлари ҳам мумкин”, дея урғулайди ҳуқуқбон.

XS
SM
MD
LG