Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:33

Москва Минск билан келишмовчиликлари фонида ҳарбий машқлар ўтказмоқчи


Россия ва Беларус кейинги ойда қўшма ҳарбий машқ ўтказишни режалаштирган. Аммо бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни дўстона деб аташ мушкул – Москва билан Минск сут маҳсулотлари эскспорти, чегара назорати, порт ва нефть экспорти бўйича тортишиб келади.

Икки мамлакат 12-20 сентябрь кунлари “Запад” деб номланган ҳарбий машқларни ўтказишни режалаштиряпти. Аммо Москва ва Минск кейинги пайтда тез-тез баҳслашмоқда.

Россия ва Москва ўртасидаги яқин алоқа собиқ совет мамлакатлари орасидаги энг маҳкам ҳамкорлик эмас.

Ҳар икки мамлакат бир-бири билан дўст эканлиги ҳақида жар солса-да, Владимир Путин билан Александр Лукашенко бир-бирига эҳтиёткорлик билан ёндашади.

Империал мақсадларни кўзловчи Россия итоатсиз Беларусни пора бериб бўлса-да ўз йўлига солишни истайди. Айёр Беларус эса фурсатдан фойдаланиб, Россияни иложи борича кўпроқ “соғишни” хоҳлайди.

Яқинлашиб келаётган “Запад” ҳарбий машқлари арафасида Кремлнинг собиқ совет мамлакатларидаги империал сиёсати чекланиб қолгани аён бўлмоқда.

Кўпчилик Путинни Украина ва Грузия каби итоатсиз қўшниларини Беларус каби итоаткор йўлдошга айлантиришга уринишда айблаб келади.

Аммо Беларусни Кремль йўлига солиш Россия учун катта бошоғриқ бўлиб қолмоқда.

Ўтган ҳафтада Путин Беларусни Россия портлари ўрнига Литва ва Латвия портлари орқали нефть экспорт қилгани учун танқид қилди. Лукашенко эса Россия чегарачилари хулқини танқид қилди. Бу орада Россия Беларусдан келадиган айрим сут маҳсулотлари импортини ман қилди.

Кейинги ойга режалаштирилган ҳарбий машқлар эса Минск ва Москва ўртасидаги ҳамкорлик ўрнига икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни юзага чиқармоқда.

“Запад” машқларига Беларусда эҳтиёткорлик билан қарашмоқда. Айримлар ҳатто Россия мамлакатга ҳарбийларини олиб кирганидан кейин, айёрлик билан оккупация қилиши мумкинлигини айтмоқда.

Шу сабаб ҳам бўлса керак, Минск машқлар шаффоф ўтишига ҳаракат қилмоқда.

Мамлакат машқларга етти давлат – Украина, Польша, Литва, Латвия, Эстония, Швеция ҳамда Норвегиядан кузатувчиларни таклиф қилди.

Миснк яна БМТ, Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО, Қизил хоч ва бошқа халқаро ташкилотлар вакилларини чақирди.

Машқлар арафасида икки давлат ўртасидаги келишмовчиликлар аён бўлмоқда.

Калининград вилоятида сўзга чиққан Путин Беларус қайта ишланган нефть маҳсулотларини Латвия ва Литва портларидан эмас, Россия портларидан экспорт қилиши кераклигини таъкидлади.

Аввалроқ икки мамлакат газ нархи ва нефть экспорти кўлами ҳақидаги қарама-қаршиликларга барҳам берган эди.

Ўшанда Беларус бўш келмади ва ўзига маъқул келишувга эришди. Портлар бўйича келиб чиққан тортишувда ҳам Минск ўз позициясини ҳимоя қилиб турибди.

Ўтган ҳафтада Россия қўшниларига босим ўтказишнинг синалган йўлини ишга солди – Беларусдан келадиган сут маҳсулотлари импортини ман этди.

Бу орада Лукашенко Россия ҳукумати бошқарувидаги “Россия 24” телеканалига берган интервьюсида Россия чегарачиларининг хулқи “ишонч йўқолишига” сабаб бўлаётганини айтди.

XS
SM
MD
LG