Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:45

Bellingcat Скрипалларни заҳарлаган иккинчи гумонланувчи ҳам ГРУ агенти эканини аниқлади


Александр Мишкин номига берилган паспорт.
Александр Мишкин номига берилган паспорт.

Терговга ихтисослашган Bellingcat сайти Британияда собиқ рус жосуси Сергей Скрипаль ва унинг қизини заҳарлаганликда гумонланаëтган иккинчи шахс ҳам Россия ҳарбий разведка агентлиги ГРУ ёллаган врач эканини аниқлади.

Ўтган ойда британиялик прокурорлар Руслан Боширов ва Алексадр Петров деб аталаётган икки нафар россияликни жорий йилнинг март ойида Скрипаль билан қизи Юлияни асабни фалажловчи «Новичок» гази билан заҳарлашда айблаган эди.

Россия Скрипалларга қилинган суиқасдга алоқадор эканлигини зўр бериб рад этиб келади.

6 октябрь куни Bellingcat ​сайтида эълон қилинган ҳисоботда:

- «Александр Петров» аслида ГРУга ишлайдиган малакали ҳарбий доктор Александр Евгеневич Мишкин эканлигини аниқладик, - дейилади.

Аввалроқ Bellingcat Бошировнинг асл исми Анатолий Чепига бўлиб, у турли ордену унвонларга эга ГРУ полковниги эканлиги аниқланганини хабар қилган эди.

Александр Мишкин ҳақида интернетда маълумот йўқ ҳисоби. Шунга қарамасдан, Bellingcat унинг ўтмиши билан боғлиқ муҳим фактларни аниқлаган.

Гуруҳ ҳисоботида ёзилишича, Мишкин 1979 йил Архангельск вилоятида туғилган. Кейинчалик Россиянинг сара ҳарбий тиббиёт мактабларидан бирида таҳсил олган.

Тиббиёт бўйича таълим олаётган пайтда ГРУ уни ёллаган, 2010 йилга келиб у Москвага кўчиб борган ва Александ Петров номига яширин ҳужжатлар, жумладан, иккинчи ID ва хорижий паспорт олган.

Bellingcat иккинчи гумонланувчининг шахсини аниқлаш жараёнида кўплаб очиқ манбалар¸ шунингдек уни таниган кўплаб одам кўрсатмалари ҳамда шахсни очиқловчи ҳужжатлар нусхаларига, жумладан, унинг паспортининг скан қилинган нусхасига таянган.

Британия полицияси Bellingcat гуруҳининг навбатдаги ҳисоботини ёки Скрипалларни заҳарлаганликда айбланаётганларнинг ҳақиқий исм-шарифини шарҳлашдан бош тортди

Лондон полицияси гумонланувчиларнинг шахсияти бўйича “тахминларни” шарҳламаслигини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин Скрипалнинг Солсбери шаҳридаги уйи яқинида юргани кузатув камераларига тушиб қолган Боширов ва Петров саёҳатга борган оддий фуқаролар эканлигини иддао қилиб келади.

Британия учун жосуслик қилишда айбланган собиқ ГРУ полковниги Скрипални рус суди 2006 йилда хоинликда айбдор деб топган эди. 2010 йилда у жосуслар алмашинуви ортидан Британияга борган.

3 октябрь куни Путин Скрипални ватанни сотган “аблаҳ” деб атади.

Скрипаль ва унинг қизи Юлия 4 март куни Солсберида ҳушсиз ҳолда топилган эди.

Шифокорлар бошида Скрипаллар гиёҳванд модда туфайли шундай аҳволга тушган, деб тахмин қилди, аммо тез орада улар совет олимлари томонидан ишлаб чиқилган асабни фалажловчи «Новичок» моддаси билан заҳарлангани аниқланди.

Июнь ойида эса Британия фуқаролари Дон Стёржесс ва Чарли Роули Солсбери шаҳри яқинида заҳар қолдиғи солинган идишга суриниб кетиб, касал бўлиб қолган эди. Натижада Стёржесс ҳалок бўлди, аммо Роули умри сақлаб қолинди.

Британия полицияси 5 сентябрда икки гумонланувчи кишининг суратларини эълон қилгач, уларга айблов эълон қилинди.

Айбланувчилар ўша пайтда Солсберида бўлишганини тан олди, аммо шунчаки сайёҳ ўлароқ борганини иддао қилди.

XS
SM
MD
LG