Россия раҳбарияти 2025 йилда ҳарбий соҳа учун харажатларни жорий йилга нисбатан 27 фоизга оширмоқчи, деб хабар берди Bloomberg агентлиги.
2025-2027 йилларга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасига кўра, янги йилда мудофаа секторига 13,2 триллион рубль (жорий йилда 10,4 триллион рубль) ажратилади.
Бу мамлакат ЯИМнинг 6,2 фоизи дегани.
Давлат бюджетининг қарийб 40 фоизи миллий мудофаа ва ички хавфсизликка йўналтирилади. Англашиладики, Россия ҳукумати таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, миллий иқтисодиёт каби йўналишларга ажратилган жами маблағдан ҳам кўпроқ суммани мудофаа ва хавфсизлик мақсадида сарфлайди.
Бу йил бюджетнинг махфий қисми 11,1 триллион рублни ташкил этган бўлса, келгуси йил бу кўрсаткичи 12,9 триллион рублга етади.
Таҳлилчиларга кўра, 2025 йилги харажатлар сметаси Путин маъмурияти Украинадаги босқинчилик урушини тез муддатда тугатиш ниятида эмаслигидан далолат беради.