Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Қозонда ўзбек муҳожири тармоқдаги постлари учун 2 йилга қамалди


Россия Давлат Думаси суд приставларига “гражданларнинг обрў-эътибори ва қадр-қимматига путур етказувчи” маълумотларни тарқатаёган интернет-саҳифаларни блоклашга рухсат берувчи қонун қабул қилди.

Москванинг Таганский туман суди Роскомнадзор талаби билан “шифрлаш калитларини ФСБга тақдим этмаётган” Telegramни Россия ҳудудида тўсиб қўйиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Россия ҳукуматининг Интернет устидан назорат ўрнатишга қаратилган бу қадамлари фонида Қозон шаҳрида “экстремистик руҳдаги” фотосуратни жойлаштирганликда айбдор деб топилган 56 яшар ўзбек муҳожири 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Татаристоннинг Қозон шаҳрида ижтимоий тармоқлардан биридаги саҳифасида "экстремистик материалларни жойлаштирганликда" айбдор топилган 56 яшар Ўзбекистон ватандоши Ново-Савинский туман суди қарори билан 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Татаристон Республикаси Бош прокуратураси мулозими Озодлик саволига жавобан суд қарори кучга кирмагунча бу шахснинг исми-шарифи ошкор этилмаслигини билдирди.

- Унга жазо берилди – 2 йилга колонияга сургун қилинди. Ўзбекистон ватандоши бўлган бу шахс ижтимоий тармоқдаги ўз саҳифасида экстремистик мазмундаги фотосуратлар, ёзувлар ва мақолаларни чоп этиб борган. Унинг исм-фамилиясини қарор кучга кирмагунча эълон қилмаймиз, деди Татаристон прокуратураси Бош мутахассиси Алсу Камолова.

Прокуратурадан олинган маълумотга кўра, Интернетда фаол бўлган 1962 йилда туғилган ўзбекистонлик 2015 йилдан 2017 йилга қадар “Одноклассники” ижтимоий тармоғида турли мазмундаги мақолаларни репост қилган, фикр-мулоҳазаларини билдириб келган ва турли коллаж ҳамда фотосуратларни чоп этган.

Прокуратуранинг психология-лингвистика суд экспертизаси хулосасига таяниб чиқарган айбловига кўра, исми ошкор қилинмаётган ўзбек муҳожири тармоқда яҳудий ва арман этник гуруҳларига нисбатан зўравонликка чорловчи материалларни чоп этиб келган.

Алсу Камолова IP-адреси бўйича аниқланган ва ҳибсга олинган ўзбекистонлик Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 282- моддаси, 1- қисми, яъни “Адоват ёки нафрат қўзғатишга қаратилган ҳаракатлар” асосида жавобгарликка тортилганини ҳам қўшимча қилди.

Тергов давомида у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлгани айтилди.

Кремль Интернетни тўлиқ назоратга олмоқчи

Айни пайтда, Россия ҳукуматининг Интернет устидан назорат ўрнатишга қаратилган ҳаракатлари кучайиб бораётгани кузатилмоқда.

12 апрель куни Россия Давлат Думаси “гражданларнинг обрў-эътибори ва қадр-қимматига путур етказувчи” маълумотларни тарқатаёган интернет-саҳифаларни суд приставларига блоклашга рухсат берувчи қонунни учинчи ўқишда қабул қилди.

Ҳужжатга кўра, бирор маълумотни олиб ташлаш тўғрисида суд қарори чиққанидан кейин берилган муҳлатда у бажарилмаса, суд приставлари Алоқа, ахборот технологияларини назорат қилиш бўйича федерал хизмат - “Роскомнадзор”га махсус қарор юбориб, сайтни бир кун давомида блоклашга эришади.

2017 йилнинг май ойида миллиардер Алишер Усмонов "Коррупцияга қарши жамғарма"нинг “Он вам не Димон” (“У сизга Димон эмас”) фильми устидан судга шикоят қилган эди. Олигархнинг талабини қондирган суд қарори борлигига қарамасдан ҳозиргача мухолифатчи Алексей Навалний фильмни ўз саҳифаларидан олиб ташлагани йўқ.

Роскомнадзор шифрлаш калитларини ФСБга тақдим этишдан” бош тортган Telegramни Россия ҳудудида тўсиб қўйишни Москва судидан талаб қилди.

Error rendering VK.

(Павел Дуров россияликга Telegram-дан фойдаланаверишни тавсия қилди​)

Суднинг 13 апрель, жума кунги қарорига биноан Россия ҳудудидаги фаолиятига қўйилган тақиқ Telegram мессенжери раҳбарияти “шифр калитларини Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) бериш мажбуриятини бажармагунича амал қилади”.

- Биз англаб турибмизки, Telegram орқали тарқатилаётган маълумот қонун бузилишига олиб келиши, террорчилик ва экстремистик ташкилотлар томонидан фойдаланилиши ва Россия Федерацияси гражданлари хавфсизлиги, ҳаёти ва соғлиги ҳамда бу тармоқ фойдаланувчиларининг ўзларига хатар туғдириши мумкин,- деди Роскомнадзор Ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Мария Смелянская.

Бутун олам эътиборини ўзига қаратган 20 дақиқа давом этган маҳкама давомида Роскомнадзор Telegramни зудлик билан ёпиб ташлашни талаб қилди.

Telegram асосчиси Павел Дуров босимлар остида 2014 йилда Россияни тарк этган
Telegram асосчиси Павел Дуров босимлар остида 2014 йилда Россияни тарк этган

Бироқ, Павел Дуровнинг судда ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган “Агора” гуруҳи адвокати В. Чиков жума куни мессенжер раҳбарияти ФСБ, Роскомнадзор ва Россия ҳукумати талабларига ҳеч қандай ён босмаслигини билдирди.

Ўтган ҳафтада Роскомнадзор Telegram раҳбарияти олдига қўйган муҳлат якунига етди. Бу муҳлат ичида Роскомнадзор Telegramдан фойдаланувчилар ёзувларини шифрлаш калитларини беришни талаб қилган.

Россияни 2014 йилда тарк этган Telegram раҳбари Павел Дуров бу талабни бажариш техник жиҳатдан имконсиз эканлигни айтиб, бош тортиб келмоқда.

Amnesty International Халқаро Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилот тузган рейтингида Telegram, Facebook Messenger ва WhatsApp билан бирга, энг ҳимояланган мессенжерлар қаторидан ўрин олган.

XS
SM
MD
LG