Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:56

Россия иқтисодиёти санкцияларга мослашди ва тикланишни бошлади. Қандай қилиб?


Жаҳон банки геосиёсий хавфлар туфайли, айниқса Яқин Шарқдаги можаро манзарасида нефт нархи кўтарилишидан огоҳлантирмоқда. Бу эса, хусусан, Россия нефт савдосидан оладиган даромадларини кўпайдириб олади, деганидир. Санкцияларга қарамай, Россия ҳукумати 2024 йилда нефт-газ даромадлари 30 фоизга ўсишини кутяпти.

Россия ўзига қарши жорий этилган санкцияларга мослашишга муваффақ бўлган – Киев иқтисодиёт мактаби экспертлари шундай хулосага келишди. Урушаётган Россия, Европа бозорида улкан талафот берганига қарамай ўз иқтисодиётини тикламоқда.

Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлангунча Россия бюджетининг 30-35 фоизини нефт сотишдан келадиган даромадлар ташкил этарди. Яъни, юмшоқ қилиб айтганда, нефтга жиддий қарам эди. Россия топган пулларининг бир қисмини урушга, яъни қурол ишлаб чиқариш ва армия таъминотига сарфлаётгани сабабли Украина Европа, АҚШ ва бошқа иттифоқчиларини ушбу даромадларни қирқиш йўлларини топишга қистади. Натижада Евроиттифоқ Россия нефтини тўлиқ тақиқлади ва нарх чегарасини белгилади.

Тақиқ-ку тушунарли. Аммо нарх чегараси дегани хийла мураккаб нарса. Гап шундаки, Россия тижоратда шерик ва ҳамкорларсиз қолиб кетаётгани йўқ. Ҳиндистон, Хитой ва Туркияга Россиядан нефт сотиб олишни ман этиб бўлмайди. Россия нефт экспортининг учдан икки қисми айнан шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бироқ нефт ташувчилар ва суғуртачиларининг аксари – ЕИ мамлакатларидаги ширкатлар ва уларнинг ҳамкорларидир. Нефти бир баррелига кўпи билан 60 доллар баҳода сотиладиган бўлса, Россия ушбу Ғарб ширкатлари хизматларидан фойдаланиши мумкин, деб қарор қабул қилишди. Энг юқори нарх чегараси дегани шу. Бунақа механизм илгари ҳеч қачон ҳеч қаерда қўлланмаган ва у даставвал Россияга қарши жуда самарали ишлади.

2023 йил майда АҚШ Молия вазирлиги ҳисоботи чиқди. Унга кўра, урушга қадар Россиянинг фақат нефтдан олган даромадлари бюджетнинг 30-35 фоизини ташкил қилган бўлса, 2023 йилда нефтдан келадиган даромадлар 23 фоизга тушиб кетган. Яъни, 10 фоиздан ортиқ камайган.

Аммо бу узоққа бормади. 2023 йилнинг июлидаёқ Россия нефти ўртача нархи энг юқори чегарадан ошди. Қандай қилиб?

“Россия нефт санкцияларига қўшилмаган суғурта ширкатларидан фойдаланиш ва жуда кўп сонли кемаларни жалб этиш ҳисобига нефт нархи тўсиғидан ошиб ўта олди”, дея изоҳ беради “Настояшчее время”нинг иқтисодий шарҳловчиси Денис Елаховский. ОАВлар мулкчилик тузилмаси шубҳали, тушунарсиз бўлган кемалардан фойдаланишни “яширин флот” дея таърифлайди.

Киев иқтисодиёт мактаби маълумотига кўра, Ғарб суғурта ширкатларининг Россиядан денгиз орқали нефт экспорт қилишдаги улуши 2022 йил апрелдан жорий йилнинг августига қадар салкам 80 фоиздан 31 фоизга тушиб кетган. Бунда нефтга талаб ортишининг ҳам ҳиссаси бор, албатта. Россия ўз хомашёсини камроқ чегирмалар билан сота бошлаган. Натижада сентябр ойига келиб нефт экспорти даромадлари 18,8 млрд долларга етади. Бу эса 2022 йилнинг июлидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Бирламчи капитал ва иккиламчи санкциялар. Россия бизнеси Ўзбекистонда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:57 0:00

Киев иқтисодиёт мактаби қайд этишича, қисман рубл қадрсизланиши ҳисобига августдан бошлаб Россия бюджети яна профицитли бўлган, сўнгги ойларда эса сезиларли умумий яхшиланиш кузатилмоқда. Россия ҳукумати санкциялар шароитида нафақат нефт ва газдан фойда кўришни ва харажатларни чеклашни ўрганиб олди, балки нефт-газ фаолияти билан боғлиқ бўлмаган соҳалардан даромад топишни ҳам тузуккина эпламоқда. Нархлар ошиши ҳисобига ҚҚС тушумлари кўпайди.

Киев иқтисодиёт мактаби Ғарб санкцияларининг Россия иқтисодиётига салбий таъсири қисқа муддатли бўлганини, бироқ у тикланаётганини ва эндиликда янги чоралар, янги санкциялар зарурлигини урғулайди. Жаҳон банки маълумотига кўра, 2022 йилда Россия ЯИМ 2,1 фоизга қисқарган. Лекин жорий йилдаёқ у 0,8-2,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Россия Молия вазирлиги эса келгуси йилда даромадлар 22 фоизга ўсишидан умид қиляпти. Бу россияликлар фаровонлик даражаси ошади, дегани эмас, албатта. “ЯИМ ўсиши жамиятнинг истеъмол манфаатлари марказлашган нуқталарда юз бермайди. Булар бошқа-бошқа нарсалар”, дейди Денис Елаховский.

Киев иқтисодиёт мактаби хулосасида Россия иқтисодиётининг нозик жойлари ҳануз кўплиги ҳам қайд этилган. Масалан, эмиграция кўрсаткичи ҳануз юқори, демакки, малакали кадрлар танқислиги давом этмоқда, боз устига захиралардан тўла ҳажмларда фойдаланиш имконияти йўқ, чунки уларнинг катта қисми Ғарб банкларида музлатилган. Аммо барибир санкциялар беқарор ишламоқда. Россия – уларни четлаб ўтиш, Украина билан Ғарб эса, аксинча, кучайтириш йўлларини излайди.

Форум

XS
SM
MD
LG