Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:08

“Россия ишчи қўлларига муҳтож”. Тожикистондаги “Муҳожирлар меҳнат биржаси” фаолияти ҳақида (ВИДЕО)


Тожикистон мустақил касаба уюшмалари федерацияси ҳузурида “Муҳожирлар меҳнат биржаси” МЧЖ ташкил қилинган. Ташкилот аллақачон Россия корхоналари билан дастлабки шартномаларни имзолаб, Душанбеда ишчиларни ёллашни бошлаб юборган.

Таъсисчиларига кўра, биржа муҳожирлар тарафидан ҳам, Россия ширкатлари томонидан ҳам алдаш ва шартнома шартларини бажармаслик олдини олади.

Нурулло Пиронов Россияга чипта сотиб олиш учун ўз автомашинасини сотган эди. Лекин кета олмади – чипталар фақат 2021 йил июль ва август ойларига экан.

Ўзининг айтишича, яқин орада жўнаб кета олганда ҳам пул ишлаб топишни бошлаши учун кўп қийинчиликларни енгиб ўтиши керак бўлади. Ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш, тузукроқ ҳақ тўланадиган ва яхши ижтимоий шароитларига эга иш ўрнини топиш вақт талаб қилади.

“Танишларимдан айримлари кетган эди – уларни депортация қилишди. Ҳолбуки, йўлга анча-мунча чиқим қилган улар. Кимдир менга ўхшаб машинасини сотган, кимдир эса сигирини, айримлар ҳатто уйини гаровга қўйиб қарз олган”, дейди Нурулло.

2021 йил майида Тожикистонда расмий идора – Мустақил касаба уюшмалари федерацияси қошида меҳнат муҳожирлари учун биринчи Россия меҳнат биржаси пайдо бўлди. Биржа билан ўнлаб Россия ширкатлари шартнома тузган.

Бунинг учун улар муҳожирлар ҳужжатларни расмийлаштириш ва ишга патент олиш, ётоқ-жой ва иш жойига кўчиб бориш харажатларини кўтаришни ўз зиммаларига олишган. Муҳожирлар бу ишлар билан ўзлари шуғулланмайди.

“Барча муаммолар, жумладан, иш ҳақи тўлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам тезда ҳал қилинади. Қолаверса, 50 кишилик ҳар бир гуруҳ ташкилот ходими ҳамроҳлигида жўнаб кетади, у шартнома шартларига риоя қилинишини назорат қилади”, деб таъкидлайди “Муҳожирлар меҳнат биржаси” МЧЖ директори Йўлдош Эшов.

Иқтисодчи ва миграция соҳаси эксперти Раҳмон Ўлмасов шунақа биржа ташкил этилишини кўпдан бери кутаётганди. Тартибли миграция хизмати барча учун фойдали: иш берувчиларга ҳам, муҳожирларга ҳам, икки мамлакат ҳукуматларига ҳам. Қолаверса Россия ширкатлари тожик меҳнат муҳожирларининг кўнглини топиш учун кўп нарсага тайёр.

“Мазкур биржанинг очилиши Россиянинг ишчи кучига эҳтиёжмандлигидан дарак беради. Россия сиёсатчилари, дипломатлари, экспертлари ва олимлари бизга ишчи қўллари керак эмас, ўзимиз амаллаймиз, деб ҳарчанд такрорламасин, ушбу биржанинг ташкил қилиниши ва умуман пандемиядан кейинги вазият Россия иқтисодиёти муҳожирлар меҳнатисиз ривожлана олмаслигини кўрсатмоқда”, дейди Раҳмон Ўлмасов.

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон 23 майдаги Ёшлар кунига бағишланган нутқида мамлакатда юз минглаб иш ўринлари яратилаётганини айтган, аммо аҳоли нега ўз юртида ишга жойлашиш ўрнига хорижга жўнаб кетаётгани тўғрисида лом-мим демаган.

“Ҳар йили меҳнат бозорида 180 мингдан ортиқ янги ишчи қўллари пайдо бўлаётир. Мустақиллик йилларида мамлакатимизда 1.15 млн иш ўрни яратилди, биргина 2020 йилда 193 мингдан зиёд иш ўрни ташкил қилдик. Биз ҳар йили мамлакат ичида камида юз мингта бўш иш ўрни пайдо бўлишига ва шундан камида 70 фоизи тожик ёшлари учун мўлжалланган бўлишига ҳаракат қиляпми”, деган президент Раҳмон.

Биржа пайдо бўлишига қадар мамлакатда тожикистонликларни Россияда ишга жойлаштириш билан шуғулланадиган ўн иккита ширкат фаолият юритар, аммо уларнинг айланмаси кам – йилига қарийб 10 минг киши эди.

Хусусий “биржачилар” томонларнинг шартномага риоя қилишини таъминлай олмаган ва амалда иш берувчи билан ишчи ўртасида алоқа ўрнатиб бериш билангина шуғулланган.

Режага кўра, биржа икки томонлама шартномани бузувчиларга таъсир эта олиш ҳуқуқига эга бўлади.

XS
SM
MD
LG