Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:08

"Қабристонларда жой қолмаган". Россияда ўлим 1945 йилдан буён энг юқори даражага чиқди


Қабристон ишчилари махсус кийимда коронавирусдан вафот этганларни дафн қилмоқда - Омск, Россия.
Қабристон ишчилари махсус кийимда коронавирусдан вафот этганларни дафн қилмоқда - Омск, Россия.

Россияда сўнгги 12 ойда вафот этганлар сони 2,4 миллиондан ошиб кетди. Аҳолининг табиий камайиши кўрсаткичи эса, миграцияни ҳисобга олмаганда, 990 минг кишидан зиёд бўлган. Ўлим кескин кўпайиши бошқа муаммоларни очиб ташлади: морглар етарли эмас, дафн этиш хизмати кўрсатувчи ташкилотлар эса ўликларни кўмиб улгуролмаяпти. Жасадни ўликхонадан олиб, қабрга қўйиш баъзан икки ҳафтага чўзилиб кетмоқда.

Петрозаводсклик Виктория Соколова онаси қазо қилганида уни дафн этиш учун бир ҳафтадан зиёд кутганини айтади. “Ҳамма ёқда навбат эди. Дафн этиш агентлигига борсам, биттагина тобут билан иккита гулчамбар қолган экан. Шу менинг онамга насиб қилди”, дейди у.

Карелияда коронавирус билан кечган сўнгги икки йилда ўлим қарийб 40 фоизга кўпайган. 2019 йилда республика бўйича 8814 та, яъни ойига 735 ўлим қайд этилган бўлса, 2021 йилнинг тўққиз ойида 10 138 нафар – ойига мингдан ортиқ одам вафот этган. Бу ўртача ойлик ўлим кўрсаткичи 37 фоизга ўсганини билдиради.

Республика маркази Петрозаводскда вазият бадтар. Расмий маълумотга кўра, шаҳарда ўлим 48 фоизга ёки икки йилда бир ярим бараварга кўпайган.

Тез ёрдам фельдшери Ольга чайканинг айтишича, ўлимларнинг асосий сабаби – коронавирус ва унинг оқибатларидир.

“Бевосита инфекциядан ўлаётганлар фоиз ҳисобида унча кўп эмас, аммо ковид сурункали касалликларни зўрайтиряпти: юрак-қон томирлари, эндокрин тизими хасталиклари, инсульт ва инфарктлар кўпайди, шунга яраша ўлим ҳоллари ҳам”, дейди у.

Тобут бор, лекин қабристонда жой қолмаган

Петрозаводскда ўлим даражаси жуда юқорилигини муниципал дафн этиш ташкилотларининг раҳбарлари ҳам тасдиқлади. Хусусан, “Ритуал” корхонаси директори Сергей Гриненкога кўра, ўлим кўпайгани сабабли иш жадвалини ўзгартиришга мажбур бўлишган, яъни ходимлар ҳар куни одатдагидан бир неча соат ортиқ ишлашяпти.

“Илгари қабристон мудирлари қоғозлар билан шуғулланишга вақт топишарди, ҳозир эса улар худди конвейердек ишлашяпти, бош қашигани фурсат йўқ”, дейди Гриненко.

“Мемориал” дафн қилиш корхонаси раҳбари Дмитрий Данильев айтишича, ўлим кўплиги дафн этиш корхоналари ўртасида илгари бўлган қақшатқич рақобатга деярли барҳам берган.

“Ҳамма агентликларнинг мотам заллари тобутларга тўла. Жадвалларимиз жуда тиғиз. Баъзан дам олиш кунлари ҳам ишлаяпмиз – илгари бунақаси ҳеч бўлмаган. “Мемориал” ҳар куни 3-4 марҳумни кўмади, баъзан фақат COVID-19 қурбонларини дафн этяпмиз”, дейди Данильев.

Россиянинг бошқа минтақаларида ҳам вазият деярли бир хил. Калининград вилояти дафн этиш бизнеси вакили Алексей Татаренковга кўра, дафн этиш хизматлари – сўнгги икки йилда барқарор ривожланаётган мамлакатда ягона соҳа бўлиб қолган.

“Ритуал агентликлар сони бир йилда 20 фоизга кўпайди. Яхши пул қилишяпти, иш бошдан ошган. Пандемиягача одамлар суициддан, ЙТҲдан, саратондан, юрак касалидан ўлишарди – энди уларга шунча миқдорда ковид қурбонлари ҳам қўшилди”, урғулайди Озодлик суҳбатдоши.

Ўтган йили вилоятда тобутлар камёб бўлиб қолди. Илгари тобутлар Москва, Новосибирск ва қўшни Польшадан келтириларди. Ковид туфайли Польшада ҳам ўлим кўпайгач поляклар тобут сотишни тўхтатиб қўйишди. Натижада марҳумларнинг қариндошлари тобут учун бир неча кунлаб навбатда туришига тўғри келди, дафн муддатлари эса баъзан икки ҳафтага чўзилар экан. Бу йил Польша ишлаб чиқариш қувватларини оширган, тобутлар вақтида келиб турибди. Аммо бошқа муаммо пайдо бўлган: қабристонларда жой етишмаяпти.

“Бизда қабристонларга қўшимча ер сотмаслик ҳақида оғзаки кўрсатма бор. Аммо бу дафн этиш фаолиятига доир федерал қонунга зид. Айнан пандемия даврида қабристонларни кенгайтиришни тақиқлаб қўйишди. Ўликларни кўмгани ер етишмаяпти”, зорланади Татаренков.

Россия дафн этиш ташкилотлари ва крематорийлар иттифоқининг ижрочи директори Елена Андреевага кўра, мамлакатда ритуал хизматлар ва жасадларни сақлаш билан боғлиқ барча инфратузилмалар, жумладан тиббиёт муассасалари – морглар ҳам кучайтирилган тартибда фаолият олиб бормоқда.

“Бунақа муаммо бутун Россияда кузатиляпти. Тармоқнинг моддий-техник аҳволи яхши эмас: морглар, мурдаларни сақлаш жойлари етишмайди. Пандемия тизимнинг барча қусурларини очиб ташлади”, дейди эксперт.

Туғилиш камайиб, ўлим кўпайган

“Ведомости” ёзишича, Россияда сўнгги 12 ойда вафот этганлар сони 2,4 миллиондан ошиб кетган. Аҳолининг табиий камайиши кўрсаткичи эса, миграцияни ҳисобга олмаганда, 990 минг кишидан зиёд бўлган. Бундан-да оғир вазият фақат Иккинчи жаҳон уруши йилларида кузатилган: ўшанда ўлим кўрсаткичи 1000 кишига 30-50 та, яъни ҳозиргидан 2-3 баравар юқори бўлган.

“Ўлимларнинг каттагина қисми коронавирус қурбонлари ҳиссасига тўғри келяпти. Яна бир қизиқ ҳолат бор: пандемия даврида алкоголдан ўлганлар сони 3 минг кишига, бангдорилардан ўлим ҳам тахминан шунчага кўпайди”, дея қайд этади демограф Алексей Ракша.

Мустахассиснинг сўзларига кўра, Россияда ўлим сабабларига доир статистикани ишончли деб бўлмайди. Аксар ҳолларда врач нима деб ёзса ёки унга нима деб ёзишни буюришса, ўлим сабаби – ўша.

“Бироқ умумий манзарани яшира олишмайди. Ўлим сабаблари хусусида қип-қизил ёлғон гапиришяпти, аммо жами вафот этганлар сонига келганда алдаш деярли имконсиз”, дейди Ракша.

Вирус тарқаётган Москвада муҳожирлар бир нечта тиббиёт комплексларини қурмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:55 0:00

“Ведомости” маълумотига кўра, 2021 йилда Россияда ўлим кўпайиши билан бирга туғилиш камайиши ҳам кузатилмоқда. Бу ҳам каттагина рақам – сўнгги бир йилда тахминан 43 мингта кам чақалоқ туғилган.

МДУ социология факультети оила ва демография кафедраси профессори Александр Синельников бу ҳолни пандемиянинг билвосита таъсири деб ҳисоблайди.

“Ковид пандемияси бошланганидан сўнг одамлар оила қуришни кейинга қолдиришга мажбур бўлишди, кўплаб аёллар ҳомиладорлик даврида касаллик юқтиришдан қўрқиб, бола бўлиб қолишидан сақланиб юришди”, дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG