Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:36

Москвада ҳавоза қулаши оқибатида ўзбекистонлик ишчилар оғир жароҳатланди (ВИДЕО)


Москванинг Раменки мавзесидаги “Снегири Эко” турар-жой комплекси қурлишида қурилиш ҳавозалари қулаши оқибатида 8 одам жароҳатланди. Жароҳатланган ишчиларниг барчаси Ўзбекистон ватандошлари экани айтилмоқда.

Москванинг Минская кўчаси 2 уй манзилидаги “Снегири Эко” комплексига қарашли бинолардан бирига бириктирилаётган қурилиш ҳавозалари қулаб тушди.

Унда ишлаётганлардан 8 нафари турли жароҳатлар билан маҳаллий шифохонага олиб кетилди. Улардан ўта оғир аҳволда экани аниқланган 2 нафари маҳаллий санитария вертолётлари ёрдамида эвакуация қилинди ва ҳозирда реанимация бўлимида қолаётгани маълум.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва Озодлик манбалари жароҳатланган ишчиларниг барчаси Ўзбекистон ватандошлари эканини тасдиқлашмоқда.

Бироқ, терговни бошлаб юборган Москва шаҳар Тергов қўмитасида Озодлик сўровига 4 киши госпитализация қилинганини билдиришди.

- Дастлабки маълумотларга қараганда, 2018 йилнинг 5 октябр куни кундузи Москванинг Минская кўчасида олиб борилаётган ташқи қурилиш ишлари давомида қурилиш конструкциялари қулаб кетди. Натижада 4 ишчи ерга тушиб, жароҳат олди. Жабрланганлар тиббий муассасаларга ётқизилди, деди Россия пойтахти тергов қўмитаси вакиласи Юлия Иванова.

Айни пайтда, "Репортер 360 " каналида ҳодиса жойидан юборилган видео пайдо бўлди. Унда қутқарувчилар қулаб тушган конструкция ичидан оғир аҳволда бўлган ишчиларни олиб чиқаётганини кўриш мумкин.

Терговчилар қурилиш ҳавозалари қулаши сабаблари аниқланаётгани, тергов давом этаётганини билдиришди.

Шаҳар полициясида ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар ўзбекистонлик мигрантлар экани тўғрисидаги маълумотни на тасдиқлай, на инкор эта олишларини билдиришди.

Озодликка маълум бўлишича, “Снегири Эко” комплексида қурилиш ишлари вақтинчалик тўхтатилиб, ҳодиса жойида прокуратура, тергов ва Ростехнадзор мутахассислари тергов-суриштирув ишларини олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG