Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:37

Қурилишга ўзбек ишчиларини олиб кетаётган автобус ёниб кетди (ВИДЕО)


Ҳодиса жойида олинган фотосурат
Ҳодиса жойида олинган фотосурат

Санкт-Петербургнинг Приморский туманида ўзбек муҳожирларини ишга олиб кетаётган автобус ёниб, кул бўлди. Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бахтли тасодиф туфайли ҳеч ким жароҳат олмаганини хабар қилди.

Ўзбек ишчилари “Лахта Центр” қурилишига уларни олиб бориб келаётган “Renaissance Construction” ширкати автобуслари техник талабларга мутлақо жавоб бермаслигидан шикоят қилмоқда.

Санкт-Петербургнинг Приморский туманида қурилаётган ҳашаматли “Лахта Центр” кўптармоқли комплексига ишчиларни ташиётган автобус шанба, 25 май куни йўлнинг ўртасида ёниб кетди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Петербург шаҳри бошқармаси, Озодлик сўровига жавобан, автобус эрталабки соат 7:00ларда ёнишни бошлагани, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаганини билдирди.

Ўт ўчирувчиларга кўра, ёнғин автобуснинг моторидан чиқиб, автобуснинг салонига ўтиб кетган.

Ишчиларни ташиб кетаётган автобусда бўлган ўзбекистонлик муҳожирлардан бири Озодликка ҳодиса тафсилотлари ҳақида буларни сўзлаб берди:

- 25 май куни тонг саҳарда ишчиларни олиб келаётган автобус ёнди. Йўлда одам-подами билан ёнди бу автобус! Худога шукур, улгуриб қолдик ҳаммамиз чиқиб олишга. 50 тача одам бор эди ичкарида. Ҳеч ким зарар кўрмади. Одамлар қўрқиб, қотиб қолишган, бир-биримизни туртиб тушдик.

Аммо автобуслар эски, талабларга жавоб бермайди. Ётоқхонадан шунақа автобусларда олиб келади. Началникларимизга янги маршруткалар, рабочий ўзбекларга эса эски автобуслар берилган. ГАИ ходимлари ушлаганда техосмотрдан ўтмаган машиналар экани аниқланди. Бу биринчи маротаба эмас – икки-уч марта бўлган олдин. Бунақа автобуслардан кўп, 30-40та бўлса керак, дейди “Лахта Центр” қурилишида ишлашини билдирган Нодирбек.

Суҳбатдош Петербургнинг Лахта-1 ва Лахта-2 комплекслари қурилишига асосан ўзбек ишчилари жалб этилганини айтар экан, қуриб битказилган Лахта-1да 15 мингтача ўзбекистонлик қурувчи ишлаганини айтади:

- Ҳозир Лахта-2 комплексида 4-5 минг одам ишлаяпти. Қурилиш эгаси туркларнинг “Ренессанс” фирмаси олиб боряпти. Москвада Москва-Ситини қурган бўлса, Петербургда “Лахта Центр”ни қуряпти. Улар бизни одам ўрнида кўрмаяпти. Бизлар ҳам одамку! Бизларни дам олишсиз ишлатади. 15 кунда бир бозор дам беради. Иш бўлса, ўша куни ҳам ишга чиқаради. Тинимсиз 8 дан кечки 7 гача ишлатади. Бизлар билан руслар ҳам ишлайди, лекин улар 5 кун ишлашади, 2 кун дам олади.

Қурувчи йигит ишчилар ташилаётган транспорт воситалари Совет давридан қолган эканини ҳам қўшимча қилди.

Озодлик Радиоси “Лахта Центр” марказида ўзбек ишчиларини ёллаб ишлатаётган “Renaissance”халқаро қурилиш компаниясига ёниб кетган автобус масаласида мурожаат қилди.

Корхона матбуот хизматининг ўзини Оксана деб таништирган раҳбари ёниб кетган автобус “Renaissance Construction”га тегишли эмаслиги, вазият устидан текширув кетаётганини маълум қилди.

- Мен бу автобус ҳақида биламан. “Лахта Центр” матбуот хизматидан бизга қўнғироқ қилишганди. Аммо бу автобус “Renaissance Construction”га тегишли экани тўғрисида менда маълумот йўқ. Биз сўров юбордик, текширилаяпти маълумот. У ерда ҳеч ким жароҳат олмади – муҳими шу.

Айни дамда, шаҳарнинг марказида ёниб кетган бу автобус шаҳарликлар эътиборини ҳам ўзига тортди. “ВКонтакте” тармоғида кузатувчилардан бири “Мен ўтган куни бу автобусни кўрган эдим. У юриб кетаётган пайтда сув қайнаб, отилиб чиқаётганди. Совутиш тизими ишдан чиққан, кўринади”, деб изоҳ қолдирди.

“Renaissance Construction” халқаро қурилиш компаниясига 1993 йилда Санкт-Петербургда турк инженери Эрман Илинжак томонидан асос солинган. Дунёнинг 100 та энг йирик қурилиш-пудрат ташкилоти қаторига кирувчи бу ширкат Туркиянинг ҳам энг йирик ширкатларидандир. Асосан Россияда ва дунёнинг 10 дан зиёд бошқа мамлакатларида компания таркибида 35 мингдан зиёд ишчи ишлаб келади. Россиядаги қурилишларга асосий қисми арзон ишчи кучи саналган марказий осиёлик, хусусан, ўзбекистонлик мигрантлар жалб қилиниши маълум.

Озодлик “Renaissance Construction” ширкати билан боғлиқ бошқа муаммоли вазиятлар борасида олдин ҳам хабар берган.

XS
SM
MD
LG