Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Россия ноқонуний муҳожирлар ҳуқуқларини чекламоқда


Россия, муҳожирлар.
Россия, муҳожирлар.

Россия ҳукумати мамлакатда ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган муҳожирлар ҳуқуқларини кескин чекламоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Александр Горовой “Коммерсант” газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

Россия расмий идоралари мамлакатда ноқонуний яшаб келаётган чет элликлар рўйхатини шакллантирмоқда. Ушбу рўйхатга киритилган хорижликлар Россия ҳудудида транспорт воситаларини бошқариш, банк хизматларидан фойдаланиш, мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш, никоҳ шартномаcи тузиш ва бекор қилиш, фарзандларини боғча ҳамда мактабларга жойлаштириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

ИИВ расмийсига кўра, манфаатдор идоралар ҳамда депутатлар миграция бўйича бошқа қонунчилик ташаббусларини ҳам кўриб чиқмоқда.
Қайд этилишича, ҳозир Россияда 739 минг киши ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда. Бу мамлакатдаги жами муҳожирларнинг 9 фоизи демакдир. Уларнинг асосий қисми Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон ва Озарбайжон фуқаролари экани айтилмоқда.

2022 йилга қадар ноқонуний мигрантлар улуши 30 фоиздан кўп бўлганини айтган Александр Горовой мазкур кўрсаткичнинг камайишини “ИИВ ва бошқа расмий идоралар ҳамкорлигининг ижобий натижаси” деб баҳолаган.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг биринчи ярим йилида Россиядан муҳожирларни бадарға қилишга доир қарийб 100 минг қарор қабул қилинган. Депортация ҳақидаги қарорлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоизга ошган.

Жорий йил 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” концерт залида рўй берган, 145 кишининг ҳаётига зомин бўлган терактдан кейин Россияда муҳожирларга нисбатан таъқиб ва тақиқ кампанияси кучайгани айтилади.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари уюштираётган рейдларда асосий нишон Марказий Осиё фуқароларига қаратилаётганини кузатиш мумкин.

Сўнгги 10 йил ичида Россияда меҳнат муҳожирлари сони кескин камайган. Иқтисодчилар бу ҳол мамлакатда жиддий кадрлар инқирозига олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

XS
SM
MD
LG