Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:38

Россиядаги антимигрант сиёсат ва унинг эҳтимолий оқибатлари


Аксилмигрант оҳангидаги баёнотларга қарамасдан Россия ИИВ статистикаси мамлакатдаги бутун жиноятларнинг 2,5 фоизигина муҳожирлар ҳиссасига тўғри келишини кўрсатмоқда.
Аксилмигрант оҳангидаги баёнотларга қарамасдан Россия ИИВ статистикаси мамлакатдаги бутун жиноятларнинг 2,5 фоизигина муҳожирлар ҳиссасига тўғри келишини кўрсатмоқда.

Тожикистон футбол федерацияси Россия футбол иттифоқининг ноябр ойида терма жамоаларнинг ўртоқлик учрашувини ўтказиш таклифини рад этди. Олдинроқ Бош вазир Коҳир Расулзода мамлакат “Россияда миграция майдонини тартибга солиш чора-тадбирлари чоғида ўз фуқароларининг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари сурункасига бузилаётгани”дан ташвишда экани ҳақида баёнот берганди. Озодликнинг “Сибирь.Реалии” лойиҳаси Россиядаги аксилмигрант кампанияси ва бундан ким манфаатдор бўлиши мумкинлигини экспертлар билан бирга таҳлил қилди.

Апрелда бўлиб ўтган навбатдаги Москва иқтисодий форумида Zenden Group ширкати президенти Андрей Павлов Москвадаги ва ҳудудлардаги мулозимларни гўёки “демография муаммосини юмшатиш учун мигрантларга ёппасига паспорт бериш”да айблади. “Ўтган йили тожикларнинг ўзидан 187 минг киши паспорт олди. Улар болаларини олиб кела бошлашди. Ҳар бирининг 3-4 талаб боласи бор, Ленинград вилоятида эса бир оилага 0,88 бола тўғри келади”, деди Павлов.

“Крокус” терактидан кейин эса Россия ҳукумати миграция сиёсатини ва, хусусан, ишга жойлашиш талабларини кескин кучайтирди. Полиция эса Россия фуқаролигини олган, лекин ҳарбий рўйхатга кирмай юрган марказий осиёликларни “овлаш”ни бошлади. 4 октябр куни Екатеринбургнинг Колцово аэропортида ўнлаб мигрантларга “повестка” тутқазилиб, ҳарбий комиссариатга жўнатилди.

Россияда мигрантлар ҳуқуқларини кескин чекловчи қонун қабул қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:25 0:00

Санкт-Петербург кучишлатар ходимлари октябрнинг биринчи ҳафтасида қоидабузар мигрантларга қарши курашда кунлик режимга ўтди. 78.ru сайти ёзишича, 5 октябрда Петербург бозорларида ўтказилган миграция рейдларидан сўнг 100 га яқин киши Россия армияси билан шартнома имзолашга қарор қилган. 2024 йил бошидан бери, муқаддам Россия фуқаролигига ўтган 2,5 мингдан зиёд мигрант ҳарбий ҳисобга қўйилгани айтилмоқда.

Ушбу манзарада меҳнат мигрантларининг Россиядан кетиши “пандемия даври” даражасига етди – 2020-2022 йилларда 2 млн нафардан ортиқ чет эллик ишчилар Россияни тарк этганди. “Независимая газета” ёзишича, миграция қоидаларидаги ҳозирги ўзгаришлар бу рекорднинг бир миллион ортиғи билан янгиланишига олиб келиши мумкин. Қолаверса, экспертларга кўра, чет эллик ишчиларнинг қарийб ярми Россияни қайтмайдиган бўлиб тарк этаётир.

Дума мигрантларга қарши

2024 йилда Россия Давлат Думаси мамлакатнинг янги тарихида энг кўп аксилмигрант қонунларни қабул қилган бўлса ажаб эмас. Баҳорги сессия якунида Дума спикери Володин ғаладонида меҳнат миграциясини чеклашга доир 22 та қонун лойиҳаси ётганини айтган эди. Кузда депутатлар уларни апил-тапил қабул қила бошлашди. Экспертлар фикрича, ҳукумат бунақа популистик сиёсати билан жамиятдаги ксенофоб кайфиятини қондиришга уринмоқда. Бироқ бу Россия иқтисодиёти учун қанақа оқибатларга олиб келишини башорат қилиш мушкул.

Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ўтказган сўровга кўра, меҳнат мигрантларини ёллаш тажрибасига эга ширкатларнинг учдан икки қисми чет эллик ишчиларни жалб қилишда қуйидаги муаммоларга дуч келмоқда:

  • бозорда зарур мутахассислар йўқлиги;
  • вакансияларга талабгорлар рус тили имтиҳонидан ўта олмаётгани;
  • регионларда мигрантларни ишга ёллашга қўйилган чекловлар;
  • мамлакатга киришга рухсат олишдаги қийинчиликлар.

Сўровдан англашилишича, 82,8 фоиз ширкатда кадрлар етишмовчилиги кузатилаётган бўлса-да, мигрантлар мавжуд вакансиялардан нари борса 1 фоизини банд қилишлари мумкин.

Озодлик фильми: Марказий осиёлик мигрантлар нега Россияда “террорчи”га айланмоқда?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:30 0:00

Полиция ходимларига чет элликларни суд ёки чегара хизмати қарорисиз депортация қилишга аллақачон рухсат берилган. Ноқонуний миграцияни ташкил қилиш орқали орттирилган мол-мулк мусодара қилинади. Депутатлар Россия фуқароси билан никоҳдан ўтган чет элликларга яшаш рухсатномаси бериш қоидаларига ҳам қаттиқ талаблар киритишди. Эндиликда мазкур ҳужжат никоҳга уч йил тўлганидан кейингина берилади.

Дума яна бир нечта “аксилмигрант” қонунни қабул қилишга тайёрланмоқда. Улардан бири – мигрантларга оиласини Россияга кўчириб келишни тақиқловчи қонун. Депутатлар ноқонуний миграцияни ташкил қилишни ўта хавфли жиноятга тенглаштириб, ҳужжатлар ва регистрацияни қалбакилаштирганлик учун оғир жавобгарлик чораларини жорий этишни режалашмоқда.

Шунингдек, мигрантларга қалбаки регистрация ёки патент олишда ёрдам каби ноқонуний хизматларни таклиф қилувчи сайтларни суд қарорисиз блоклаш жорий этилади. Воситачи ташкилотларга мигрантлардан имтиҳон олиш ман қилинади. Жиноят содир этган мигрант Россияда ноқонуний юрган бўлса, бу унинг қилмишини оғирлаштирувчи ҳолат дея баҳоланади.

Ҳуқуқ идоралари “мигрантларни ноқонуний йўллар билан легаллаштираётганлар”га қарши курашни бошлаб юборган. 4 октябрда Иркутскда ўзбекларнинг “Наше Отечество” миллий маркази раҳбари Юсуп Қулматов ҳамда тожик диаспораси раҳбарининг ўринбосари ноқонуний миграцияни ташкил қилишга доир иш бўйича ҳибсга олингани маълум бўлди. Тергов қўмитасига кўра, диаспора раҳбарлари мигрантларга рус тили ва Россия қонунчилиги имтиҳонларидан ўтишда пул эвазига ёрдам берган.

Эртаси куни янгиликлар тасмасида ФСБ Сургутда миграция бўлими бошлиғи Людмила Карамовани ушлагани ҳақида маълумот пайдо бўлди. Уни мингдан зиёд мигрантни легаллаштириш учун жуда катта миқдорда пора олганликда гумон қилишмоқда. Карамова ҳамда унинг муҳтамал шериклари уй қамоғида сақланмоқда.

Келаси йилнинг баҳорида ИИВ сайтида ноқонуний мигрантларнинг очиқ реестри пайдо бўлади. Ушбу рўйхатга тушган чет элликларга банк карталаридан фойдаланиш, транспорт ҳайдаш, болаларини мактаб ва боғчаларга бериш тақиқланади.

Боз устига Миллатлар ишлари бўйича федерал агентлик “Мигрантларнинг хулқ-атвор қоидалари”ни ўйлаб топдики, унда, жумладан, Россияда ишлаётган чет элликларга жамоат жойларида она тилида гаплашишни ман этиш назарда тутилган.

“Ўткинчиларни она тилида муҳокама қилмаслик, бошқалар ҳузурида она тилида пичирламаслик керак”, дейилади тез орада барча мигрантлар учун мажбурий бўладиган ушбу кодексда.

Россия регионларининг мигрантларга қарши кураши

Маҳаллий даражада мигрантларга қарши кураш янада кучайган. Россияда мигрантлар патент бўйича ишлайди, патентни ИИВнинг ҳудудий бўлинмалари беради, регионлар ҳукумати эса қаерда қанча мигрант ишлашини белгилаб бериш ваколатига эга. 2024 йил октябр ҳолатига, 30 дан ортиқ регион мигрантларнинг ишлашига турли чекловлар жорий этган.

Тақиқлар бўйича Краснодар ўлкаси пешқадам бўлиб турибди: у ерда мигрантларга фақат қурилишда ишлашга рухсат берилган. Сентябрнинг ўрталарида Москва вилояти маъмурияти 2025 йил 1 январдан чет элликлар умумий овқатланиш корхоналарида, алкогол ва тамаки сотувчи дўконларда, шунингдек спорт, маданият, соғлиқни сақлаш ва таълим дохил ижтимоий хизматлар соҳасида ишлай олмаслигини эълон қилди. Айни тақиқлар Томск ва Новосибирск вилоятларида ҳам жорий этилди.

Ёқутистонда мигрантлар ортиқ такси, юк ташувлари ва жамоат транспортида ишлаши мумкин эмас. Амур вилоятида ўсимликшунослик, чорвачилик, ов, кончилик, хусусан олтин қазиб олиш соҳаларида мигрантларни ёллашга тақиқ қўйилди; йўловчи ташиш транспортида эса чет эллик ходимлар сони 10 фоиздан оширилмайдиган бўлди. Хабаровск ўлкасида чекловлар транспорт ва коммунал хўжалик соҳаларини қамраб олади. Шунингдек, мигрантларга жисмоний шахсларга ишга ёлланиш ман қилинди.

Россия қамоқхоналаридаги ўзбекистонлик маҳбуслар билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:29 0:00

Самара вилоятида мигрантларга педагоглик фаолияти билан шуғулланиш, соғлиқни сақлаш ва кўчмас мулкни ижарага бериш соҳасида ишлаш, ҳайдовчилик қилиш, маълумотлар базасини яратиш ёки ахборотни жойлаштириш тақиқлаб қўйилди.

Патентга доир регионал чекловлар фақат Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар (Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон ва Беларус) фуқароларига татбиқ этилмайди.

Маҳаллий маъмурлар мантиғига кўра, бўшаган иш ўринларини россияликлар банд қилмоғи лозим. Бироқ 2024 йил февралдаёқ экспертлар Россияда 4,8 млн ишчи қўллари етишмаётганини айтишганди, 90 фоиз Россия ширкатлари кадрлар танқислигидан, асосан ишчи мутахассислар етишмаётганидан нолимоқда.

Свердловск вилояти, бутун Урал федерал округи каби, меҳнат мигрантларига муҳтож, деди 3 октябр куни 100+ Technobuild форумида Миллий қурувчилар бирлашмаси президенти Антон Глушков. Унинг фикрича, яқин хориждан ишчи кучи олиш қийинлашган бўлса, қурилишларга Ҳиндистон, Покистон ва КХДР фуқароларини жалб қилиш лозим. Лекин бир муаммо бор: яқин хорижлик ишчилардан фарқли ўлароқ, улар рус тилини умуман билишмайди.

“Ушбу аксилмигрант кампания Россия иқтисодиёти учун энг ноқулай паллага тўғри келди. Иқтисодиёт бўш қўлларга зор бўлиб турган пайтда давлат Z-патриотларнинг ноғорасига ўйнамоқда, Z-патриотлар эса бари камида миллатчи, балки ундан ҳам ёмонроқ. Давлат бу телба оломоннинг кўнглини овлашга уриниб ғирт аҳмоқона чекловлар жорий этяпти”, дейди иқтисодчи Вячеслав Ширяев.

“Сибирь.Реалии” суҳбатдоши меҳнат бозорида кадрлар жуда танқислашган пайтда ишчи кучининг кетиб қолаётганини “идеал тўфон” деб атайди. Ширяевга кўра, ишчилар етишмовчилиги айниқса савдо, логистика, қурилиш ва коммунал хўжалик соҳаларида қаттиқ сезиляпти, чунки ушбу соҳалар ҳеч қачон россияликлар ҳисобига таъминланмаган.

Мигрантлар бўлмаса – инфляция ва иқтисодий турғунлик бўлади

Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси маълумотига кўра, 2023 йилда Россияда қонуний меҳнат мигрантлари сони қарийб 3,5 млн кишини ташкил қилганки, бу 2019 йилги кўрсаткичдан 1 миллионга кам. Асосий ишчи кучи таъминотчилари – фуқаролари Россияга визасиз келиш ҳуқуқига эга Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон бўлган. Ушбу мамлакатлардан келган мигрантлар Россияга меҳнат миграциясининг 87 фоизини ташкил этган. Кейинги ўринларни Озарбайжон, Арманистон ва Қозоғистон эгаллайди.

“Ҳозирда ишчи кучи келишини чеклайдиган ҳар қандай чора аввало инфляцияни кучайтиради. Чунки бу қўллар ишлаб чиқарадиган товарлар ва хизматлар пул массасига етолмайди. Иқтисодиётда пул товар ва хизматлар пул ҳажмига нисбатан кўпаяди, натижада нархлар ошади ва пул қадрсизланади”, дея изоҳ беради Ширяев.

Эксперт қўшимча қилишича, товар етишмовчилигини импорт ҳисобига қоплаш мумкин, аммо санкциялар кўринишидаги ташқи чекловлар ва пул ўтказмалари билан боғлиқ муаммолар буни имконсиз қилиб қўймоқда.

“Шунча табиий чекловлар бўлгани ҳолда давлат ишчи кучи таклифини сунъий қисқартирмоқда! Ҳукумат бир қўли билан ўз аҳолисини урушда йўқ қиляпти: бу ўлганлар, майиб бўлганлар, ишлаб чиқаришни ташлаб урушга кетганлар ва уруш туфайли мамлакатни тарк этган юз минглаб инсонларни қамраб олади. Нариги қўли билан эса ишчи кучи таклифини чекламоқда, мамлакатда шусиз ҳам улкан демографик танқислик мавжудлигига қарамай! Буларнинг бари инфляция ва иқтисодий стагнацияга олиб келади. Марказий банк ишчи қўллар сони камайишини инфляция омилларидан бири деб атаганди. Бу популизм сиёсатининг оқибатлари жуда аянчли бўлади”, дейди Ширяев.

Россияда мигрантларга қарши рейдлар нима учун кучайди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:22 0:00

Ким манфаатдор?

Мигрантларга қарши кампаниядан аввало Россия кучишлатар идоралари манфаатдор, деб ҳисоблайди Берлиндаги Карнеги маркази илмий ходими Темур Умаров.

“Мигрантлар келишидан манфаатдор бўлган иқтисодий блок шу пайтгача ўз қарорларини ўтказиб келди, бироқ уруш кучишлатар тизимнинг нуфузини кескин оширди. Кучишлатар идоралар эса мигрантлар масаласида иқтисодий блокнинг буткул мухолифи. Хуллас, уруш, унинг ортидан “Крокус” теракти ва қамоқхоналардаги гаровга олиш воқеалари кучишлатар идораларга иқтисодиёт билан ҳисоблашмасдан аксилмигрант сиёсатни кучайтириш учун катта аргумент бўлди. Россия уч йилдирки, иқтисодий барқарорликни “махсус ҳарбий амалиёт”нинг мавҳум мақсадларига қурбон қилиб келаётган экан, миграция соҳасида ҳам хавфсизлик масалаларини иқтисодий мақбулликдан юқори қўя олади”, дейди у.

Темур Умаровга кўра, бу каби қонунлар – россияликларнинг бошқа гуруҳларини қонуний йўл билан дискриминация қилишни бошлаш учун қўйилган илк қадамдир.

Бундан ташқари, аксилмигрант кампанияси ксенофобияга чалинган Россия пропагандаси ва “патриотизм кайфиятли” оломон байроқ қилиб олган мифларга таянади. Хусусан, ёзда Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин мигрантлар томонидан содир этилган оғир жиноятлар сони 32 фоизга ошганини айтган эди. Ҳолбуки, тадқиқотлар ва ИИВ статистикасига кўра, мигрантларнинг Россияда содир этиладиган барча жиноятлардаги улуши 2 фоизга ҳам етмайди.

“Мамлакатни ноқонуний мигрантлар босиб кетган”лиги ҳақидаги афсона ҳам статистикага уйғун эмас. Расмий қайдларга кўра, Россияда жами 625 минг нафар нолегал мигрантлар бор.

“Мигрантларга қарши қонунлар биринчи галда ҳукуматпараст жамоатчиликнинг кўнглини овлаш учун, гўёки ҳукумат аҳоли талабларига қулоқ солаётгандек кўрсатиш учун қабул қилинмоқда. Яъни давлат ксенофобиядан ўз мақсадларида фойдаланиб, ўзини гўёки унинг сабаблари билан курашаётгандек тутяпти”, дейди сиёсатшунос Фёдор Крашенинников.

Форум

XS
SM
MD
LG