Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:05

Иш ҳақини сўраган ўзбек муҳожирлари “митинг уюштирганликда” айбланиб, жаримага тортилди (ВИДЕО)


Иш ҳақини талаб қилган ўзбек муҳожирлари жаримага тортилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:57 0:00

Чертаново полиция бўлимига 30 муҳожир олиб келинган

Москвадаги Чертаново туман суди етти нафар ўзбекистонлик фаррошнинг ҳар бирини 10 минг рублдан жаримага тортди. Иш ҳақини талаб қилиб Москвадаги Нагорний ҳокимиятга борган ўзбекистонлик қор куровчилар жамоат тартибини бузишда айбдор деб топилди.

Москвадаги Чертаново туман суди ўзбекистонлик фаррош Шоҳруҳ Оролов, Бобур Маматов, Шуҳрат Худойбердиев, Жасур Бозоров, Фаёз Убайдов, Абдуаҳат Душаев ва Равшанжон Деҳконовларнинг ҳар бирини 10 минг рублдан жаримага тортди.

Судланувчиларга кўра¸ 12 ва 13 февраль кунлари бўлиб ўтган маҳкама жараëнида ўзбекистонлик қор куровчилар Россия пойтахтининг Нагорний туман ҳокимиятидан ваъда қилинган иш ҳақини талаб қилгани учун жавобгарликка тортилган.

- Милиция келиб, ҳаммамизни машинада олиб кетди. Милиция хонасида ўтирганимизда Тожикистон посолствосидан телефон қилиб, “Тожикистонлик фуқаролар борми-йўқми?”, деб. Ўзимизникилар бирови телефон қилгани йўқ.... Ҳеч қанақа митинг қилганимиз йўқ. Иш ҳақимизни сўраб боргандик. Бизни нимада айблаётганини тушунмадим ҳам! Ўзлари ваъда берганди переработкага қўшимча пул берамиз деб. Кунига 16-20 соатлаб ҳам ишладик, деди Озодлик гаплашган Абдуаҳат Душаев.

Нагорний туман полиция бошқармаси иддаосича¸ 30 нафар ишчи-мигрант “экстремизм бўйича текшириш” учун олиб кетилган. Иш ҳақидан норози бўлган ўзбек муҳожирлари сўзларича, улар қўшимча иш ҳақи эвазига “Автомобильные дороги ЮАО” ходимлари ўрнига йўлдан қор курашга мажбурланиб келинган.

Судда ушланган 30 нафардан саралаб олинган 8 нафар ўзбек муҳожири устидан аризани маҳаллий полициячилар ёзиб берган.

- Управа раиси Аркадий Русских биз билан суҳбатлашиб турувди. Атрофимизда полиция машиналари кўпая бошлади. Кейин бир автобус ОМОН келганидан кейин бизга яхши ваъда бериб турган раис қўли билан силтаб, 30 кишича одамни автобусга тиқиб, олиб кетишди. Қизиғи, нега ҳаммамизни эмас, 7 кишини саралаб, фақат бизни, ўзбекистонликларни, жаримага тортаяпти? Биз кўчада митинг қилибмиз – унда нега 20 киши бўлиб кўчаларни қор курасак, “митинг қилаяпсанлар”, деб олиб кетмайди?! Чунки ўзини фойдасини кўзлайди, деди Бобур Маматов.

Чертаново суди иш ҳақи масаласида управага келган меҳнат муҳожирларини Россия Федерацияси Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги Кодекснинг 20.2 моддаси 5 қисми, яъни “оммавий акциялар пайтида тартибни бузганликда” айбдор деб топди. Ишчиларнинг айтишича¸ туман ҳокими Аркадий Русских аввалига норозилик билдирган ишчиларга ишлари ижобий ҳал бўлишига ваъда бергани, бироқ чақиртирилган ОМОНчилари келганидан кейин мигрантларни олиб кетишга буюрган.

13 феврал куни 10 минг рубль жаримага тортилган ўзбекистонликлар
13 феврал куни 10 минг рубль жаримага тортилган ўзбекистонликлар

Судда иштирок этган турар-жой эгалари қўмитаси вакили Игорь Ермишиннинг ишонишича, маҳкама муҳожирларни қўрқитишга қаратилган.

- Масалани иқтисодий томондан ҳал қилиш ўрнига¸ ширкат раҳбарияти уни сиёсийлаштиришга, босим ўтказишга ўтди. Бу суд ҳам эмас – бу жазолаш маҳкамаси!

Ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам суднинг бу қарорини адолатсиз деб атади. Озодлик билан суҳбатда муҳожирлар Ўзбекистон элчихонасини бу адолатсизликка томошабин бўлиб турганини танқид қилди.

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев шуларга ишониб, бизларни ҳимоя қилиш учун қўйиб қўйибди шуларни. Элчихонага неча маротаба телефон қилиб, тушиб бўлмади: кўтармайди гўшакни. Шундай вазиятда бизга ёрдам бермаса, нима кераги бор уларнинг? Муҳожирлар номидан Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан элчихонада ҳеч бўлмаса куну тун телефони ишласин, одамларни эшитсин, деб сўрамоқчи эдик. Адвокатимиз ҳам неча маротаба уриниб кўрди – бефойда, деди бригадир Шоҳруҳ Оролов.

Озодлик Ўзбекистон Республикасининг Москвадаги элчихонаси ва консуллиги билан боғланишга бир неча марта уринди¸ аммо жамоатчиликка тақдим этилган рақамларга кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Ўзбек муҳожирлари ҳимоясига келган москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Руслан Гаджимурадов йигитларнинг бу йиғилишини ҳатто қонун жиҳатидан “митинг” деб аташ ноўрин эканига эътибор қаратди.

Ҳимоячи фаррошлар ширкат ҳудудига келиб, иш ҳақини талаб қилгани, ҳеч қандай сиёсий шиорларни кўтариб чиқмагани ва жанжал-тўполон қилмаганини билдирди.

- Иш берувчиси билан мулоқот қилган ишчилар ҳеч қачон сиёсий моддалар асосида жавобгарликка тортилмаган! Мигрантларга босим давом этаяпти, уларни қўрқитишга уринишмоқда. Уларни жавобгарликка тортишга ҳеч қандай асос йўқ аслида - уларнинг ўзлари билиб турибди буни, деди ҳимоячи.

XS
SM
MD
LG