Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:42

Россияда депортация кутаётган муҳожирлар очлик эълон қилди


Челябинск СУВСИГидаги тушлик
Челябинск СУВСИГидаги тушлик

Россиянинг Узоқ Шарқидаги Артём шаҳарчасида Хориж гражданларини вақтинчалик сақлаш маркази (СУВСИГ)да қолаётган меҳнат муҳожирлари 4 кунлик очлик эълон қилди. Асосан ўзбекистонлик бўлган тутқунлар улардан хабар олгани келган ҳуқуқ ҳимоячиларига ойлардан буён депортация қилинмаётгани ва муассасадаги умумий ҳолатдан арз қилди.

Россиянинг Приморский ўлкаси Артём шаҳрида ўз юртига депортация қилинишини интизорлик билан кутиб ётган бир гуруҳ меҳнат муҳожири очлик эълон қилди.

Бу ҳақда хабар топган маҳаллий Жамоатчилик кузатув комиссияси (ОНК) аъзолари депортация марказидаги вазиятни бориб ўргангани маълум бўлди.

Озодлик билан суҳбатда “Тинч океан лойиҳаси” ахборот-услубий Маркази раҳбари Александр Смишляев мигрантларнинг бундай кескин чораларга қўл ургани сабаблари аниқланганини айтди. Ҳуқуқ фаоли текширув Приморск ОНКсига юздан ортиқ одам имзолаган жамоавий шикоят келиб тушганидан кейин бошланганини билдириб, деди:

- 18 август куни биз хорижликлар шикояти асосида Артём шаҳридаги хорижликларни сақлаш марказига бориб текширдик.Улардан келган шикоят хатига юзга яқин одам имзо қўйибди. Унда тутқунлар узоқ ушлаб турилгани, ўз юртига юборилмаётгани, сақлаш шароитлари ноинсоний эканидан арз қилган эдилар. Текширув давомида биз аниқладикки, 65 кишига мўлжалланган марказда 107 киши ушлаб турилган. Яъни нафақат кўрпа-тўшак етишмовчилиги, балки оддий матраслар етарли эмаслиги маълум бўлди. Одамлар битта ўринда икки кишилашиб, айримлари ерда, коридорда ётишга мажбур экани аниқланди, деди Александр Смишляев.

Александр Михайлович марказда сақланаётган ва очлик эълон қилганларнинг ярмидан кўпини Ўзбекистон ватандошлари ташкил этаётганини тасдиқлаб берди.

- Марказда 2 нафар Украинадан, 1 нафардан Туркманистон, Молдова, Афғонистон ва Португалиядан, 2 одам Қозоғистондан, Қирғизистондан 4 киши, Озарбайжондан 7 киши, Тожикистон -10, Ўзбекистондан эса 76 ватандош сақланаётган экан.Ундан ташқари, СУВСИГда тўрт нафар аёл ва депортация қилинишини кутаётган 15та собиқ маҳбуслар бор экан. Бу одамларга мутлақо тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани, шифокор охирги Цитрамон таблеткасини бир неча кун олдин тарқатиб, қолганларни яхши сўзлар билан даволаётган экан, деди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Суҳбатдош очлик эълон қилганлар сони 31 нафар бўлгани ва улар 4 кун давомида озиқ-овқат истеъмол қилишдан бош тортиб қелганини гапирди. Муҳожирларнинг аксари бироз ишлаб топган пулларини фарзандларини 1 сентябрга мактабга тайёрлашга ишлатмоқчи бўлганини айтиб берган.

Комиссия аъзолари гувоҳлигича, маъмурият марказдаги мураккаб вазиятни босди-босди қилишга уринганини ҳам аниқлаган.

107 киши ушлаб турилган бинода атиги иккита қўлювгич ва иккита санузел борлиги, кранда иссиқ сув йўқлиги аниқланди. Жамоатчилик комиссияси келганида муассасада уларни жами учта ходим – иккита қўриқчи ва битта тиббий ҳамшира кутиб олган.

Артём депортация лагерини кўздан кечирган жамоат фаоллари хорижликлар, айниқса, ўзбекистонликларнинг узоқ вақт давомида ўз юртларига юборилмасдан қолаётгани сабаблари аниқланганини билдиришди. Александр Смишляев мураккаб вазиятнинг вужудга келганини “пул етишмаслиги” ва “лоқайдликка” боғлади.

- Бу муаммо нафақат Приморск ўлкаси – бутун Россияга тегишли. 2016 йилнинг февралида Россия Суд приставлари федерал хизмати ҳукуматга хорижликларни бадарға қилиш учун 391 миллион 190 минг рубл миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида расмий хат юборган. Бу хизмат шахсан ҳукумат раиси Дмитрий Медведев, Думанинг тегишли қўмитаси раҳбари Яровая, Хавфсизлик Кенгаши раиси Николай Патрушев номига жорий йилнинг март ва май ойларида ҳам вазият борасида билдиришнома юборган экан. Жавоб йўқ!Парламент сайловлари ўтиб, янги бюджет қабул қилингандан кейин масала ҳал этилиши мумкин деяйилаяпти. Лекин муҳожирларнинг аксари ўз пулларига жўнаб кетишга тайёр! Ҳукумат, раҳбарият вазиятни жуда яхши билиб турибди. Оддий лоқайдлик бу, деди Александр Смишляев.

У Артём СУВСИГида энг узоқ вақт қолаётган асосан Ўзбекистон ва Афғонистон фуқаролари эканини ҳам айтди.

Суҳбат сўнгида, ҳуқуқ фаоллари текширувидан кейин очарчилик эълон қилганлар ўз акциясини якунига етказгани ва депортация марказида қолаётган муҳожирлар ҳолати борасида жамоатчилик хабар топишидан умидвор эканини билдирганини маълум қилди.

Озодлик Артём шаҳридаги Хорижликларни сақлаш марказига вазият юзасидан юборган сўровномасига жавоб олганича йўқ.

Ўз ҳисоботида Жамоатчилик кузатув комиссияси вакиллари вазият ўзгартирилмаса ва депортация кутаётганлар талаблари бажарилмаса, ҳолат янада кескинлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди:

- Тоқати тоғ бўлган тутқунлардан бири қўлларини кесиб ташлаганидан кейин тезда юртига юборилибди. Қолганлар менга “Нима, биз ҳам ватанимизга кетиш учун қўлларимизни кесишимиз керакми?!”, деб сўраб қолди. Биз қўлимиздан келган ёрдамни уларга берамиз, МЧС ёрдамида уларнинг ётоқ жойини тартибга келтиришга уринамиз. Акс ҳолда марказда оммавий тартибсизликлар бўлиши турган гап, дея якунлади “Тинч океан лойиҳаси” ахборот-услубий Маркази директори Александр Смишляев.

Озодлик Артём СУВСИГидаги вазиятни кузатиб боради.

Россия депортация марказларида ойлар давомида қолиб кетаётган меҳнат муҳожирлари тўғрисида олдин ҳам хабар берилган.

Шу йилнинг июль охирида тўрт ойдан буён Ўзбекистонга депортация қилинишини кутган Жўрабек Бобомуродов, марказдаги оғир шароит ва унга тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани боис ўз жонига қасд қилган эди.

XS
SM
MD
LG