Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:38

7 ўзбек муҳожири ўлимида айбдор деб топилган директор 2 йилга қамалди


7 ўзбек йигити ёниб кетган ангар.
7 ўзбек йигити ёниб кетган ангар.

Петербургда ўт кетган ангар ичида қолиб, ҳалок бўлган 7 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини ишга ёллаган тадбиркор аёлни суд 2 йиллик қамоққа ҳукм қилди.

Санкт-Петербургнинг Колпино туман суди қарорига кўра, 32 ёшли Юлия Забунова иш жойида ёнғин хавфсизлиги чораларини таъминламасдан ўзбек мигрантларини нолегал ишлатган.

Судда айбини тан олмаган 32 яшар тадбиркорЮлияЗабунова, “муайян ахлоқий масъулиятни” ҳис этаётганинигина билдирди.

Юлия Забунова 2 йилга қамалгани тўғрисидаги хабарни Озодликка Санкт-Петербург суд тизими бирлашган матбуот хизмати раҳбари Дарья Лебедева тасдиқлади:

- Унинг айби ўз исботини топди. Забунова 2 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Шунингдек, унга яна икки йилга муайян бошқарув лавозимларини эгаллаш тақиғи қўйилди. Юлия Забунова жазони умумий режимли колонияда ўтайди.

Суд вакили “Эверест” фирмаси таъсисчиси ва директори Юлия Забунова маҳкама жараёни давомида ўз айбини тан олмагани, якуний сўз берилганда эса “муайян ахлоқий масъулиятни” ҳис этганини айтганини билдирди.

7 нафар Ўзбекистон ватандоши ўлимида жавобгарликка тортилган яна бир шахс – ишчиларни бевосита бошқариб келган Олег Фригинга нисбатан тарафлар ярашиши туфайли жиноят иши тўхтатилган эди.

Бригадир Фригин ўзбек муҳожирлари жасадларини Ўзбекистонга жўнатиш ҳаражатларини тўлиқ ўз зиммасига олган ва ўлган йигитлар яқинларига 1,4 миллион рубль миқдорида ёрдам пули ўтказган.

Youtube каналида ёнғин пайтида олинган видео пайдо бўлганди.

Санкт-Петербургнинг Колпино туманидаги саноат зонаси ҳудудида 2017 йилнинг 13 июлига ўтар кечаси ёниб кетган ангардан 7 кишининг мурдаси топилган эди.

Колпинодаги ангар ичида ёниб кетганлар суриштирув давомида Ўзбекистоннинг битта қишлоғидан бўлиб чиқди.

Рўзмат Хусинов (1967 йилда туғилган), Сирож Хусинов (1991 йилда туғилган), Зоир Отаниёзов (1973 йилда туғилган), Илёс Бойжанов (1988 йилда туғилган), Юнус Султонов (1981 йилда туғилган), Ўткирбек Атаков (1989 йилда туғилган), Шаҳзод Қурамбоев (1997 йилда туғилган) жасадлари кейинроқ Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманига жўнатилди.

Хоразмлик мигрантлар жасадлари 17 июлда Урганчга олиб келинди ва дафн этилди.

Ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 109- моддаси 3- қисми асосида (Эҳтиётсизликдан одам ўлдириш) бўйича очилган жиноят иши кейинчалик енгиллаштирилди ва 129- моддаси 3- қисмига (Ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш) алмаштирилди.

Озодликка маълум бўлишича, ўзбекистонлик йигитлар бу ангарда тротуар плиткаси ва бетон бордюрларини меҳнат шартномасини тузмасдан ишлаб чиқарган: уларнинг ётоғи ҳам шу бино ичкарисида бўлган.

Ўт ўчирувчилар ёнғин чиқишига носоз электр тармоғи сабаб бўлгани, ёнғин кўтарилганда ухлаб ётган ишчилар тутундан заҳарланиб ўлганини аниқлаган эди.

XS
SM
MD
LG