Линклар

Шошилинч хабар
18 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:12

Рус генералининг ўлими: ўзбекистонлик ҳибсда, Москва Киевни "терроризм"да айблади


Генерал Игор Кириллов яшаган уй олди. Москва, 17 декабрь, 2024
Генерал Игор Кириллов яшаган уй олди. Москва, 17 декабрь, 2024

Москада рус генералини портлатиб юборишда гумонланиб Ўзбекистон фуқароси қўлга олиниши ортидан Россия Киевни «терроризм»да айблаб чиқди.

Федерал хавфсизлик хизматига кўра, Украинадан кўрсатма олган гумонланувчи «Москвага келган ва юқори кучланишли қўлбола бомбани электр скутерга ўрнатиб, уни генерал Игор Кириллов яшайдиган уйнинг кириш қисмида қолдирган. Кириллов ва унинг ёрдамчиси чиқаётган вақтда эса бомбани портлатиб юборган».

Кремль ФХХ баёнотига изоҳ бермади.

ФХХ келтирган баёнотда қайд этилишича, 1995 йилда туғилган гумонланувчига Украина разведкаси қотиллик учун 100 минг доллар пул ҳамда Европа Иттифоқига юборишни ваъда қилган.

ФХХ гумондорнинг исмини ошкор этганича йўқ.

Мазкур қотиллик учун умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.

«Террорчилик ҳужумини ташкиллаштиришда иштирок этган Украина махсус хизмати ходимлари топилади ва муносиб жазосини олади», — дейилади ФХХ эълон қилган баёнотда.

ФХХ айбловни тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмаган. Таҳлилчилар эҳтимолий қотил жуда тез қўлга олинганини шубҳали деб аташмоқда.

«Махсус хизматлар ўз раҳбарларига натижани, тергов муваффақиятли ўтганини кўрсатишдан манфаатдор. Биз буни биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Бу борада ҳозир аниқ бир хулоса айтиш қийин» дейди сиёсий таҳлилчи Дмитрий Орешкин Current Time нашрига берган интервюсида.

Олдинроқ Россия Тергов қўмитаси ва ФХХ (ФСБ) генерал Кириллов ҳамда унинг ёрдамчиси ўлимида гумон қилинаётган шахс қўлга олинганини маълум қилганди. Айтилишича, ушланган шахс 1995 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси бўлиб, у билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Расман қўлга олинган ўзбекистонликнинг шахсига доир маълумот эълон қилингани йўқ, аммо рус ОАВлари Россия Федерал хавфсизлик хизматига таяниб ўзбекистонлик гумондорнинг исмини ҳам келтирмоқда. Россия нашрлари гумондорнинг қўлга олингандан кейинги иқрорлиги акс этган видеони ҳам эълон қилди.

Ўзбекистон расмийлари бу борада ҳозирча бирон расмий изоҳ бергани йўқ.

Қўмита ахборотида гумон қилинувчи бомбани генерал яшаган уй подъезди олдида қолдирилган электр самокатга жойлаштиргани, шунингдек Игор Кирилловни кузатиш учун ижарага машина олиб, унга камера ўрнатиб олгани таъкидланади. Тасвирлар гўёки Днепрга, теракт ташкилотчиларига трансляция қилинган эмиш. Генерал ва ёрдамчиси подъезддан чиққани ҳақида видеосигнал келиши билан портлатиш қурилмаси масофадан ҳаракатга келтирилган, дейилади ахборотда.

Аввалроқ “Коммерсантъ” ўз манбасига таянган ҳолда, генерал Игор Кирилловнинг ўлдирилишига доир жиноят иши бўйича икки гумон қилинувчи ушланганини хабар қилган эди. Нашр манбаси уларнинг изини жиноят жойидан топишганини айтган. Манбага кўра, портлаш ташкилотчилари гумон қилинувчилар билан мессенжерлар орқали боғланишган ва уларга “Украина хавфсизлик хизматидаги алоқачи рақамини беришган”.

Радиация, кимёвий ва биологик қуроллардан мудофаа қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов 17 декабр куни эрталаб Москванинг Рязан проспектида ўлдирилган.

Тергов маълумотларига кўра, портлатиш қурилмаси уй подъезди ёнида турган самокатга ўрнатилган. Воқеа теракт сифатида баҳоланиб, жиноят иши қўзғатилган, шунингдек ишда қотиллик ва қурол ёки ўқ-дорини қонунга хилоф равишда сақлаш моддалари бўйича ҳам тергов олиб борилмоқда.

Украина уруши ва мигрантлар: Россиядаги ўзбек маҳкумларнинг яқинлари хавотирда. Ҳукумат ва сиёсий партияларчи?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:48 0:00

“Коммерсантъ” манбаларига кўра, тергов ушбу қотиллик ортида Украина махсус хизматлари – Мудофаа вазирлиги разведка бош бошқармаси ёки УХХ турибди, деган фикрда. Аммо бу ҳақда расман эълон қилинган эмас.

Украина ОАВлари махсус хизматлардаги манбаларига ҳавола берган ҳолда, генерал ҳалок бўлган портлаш Украина хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилгани ҳақида ёзди. “Кириллов ҳарбий жиноятчи ва мутлақо қонуний нишон эди, чунки у украин ҳарбийларига қарши тақиқланган кимёвий қуролларни қўллашга буйруқ берган”, дея ўз суҳбатдошидан иқтибос келтиради “Украинская правда”. Reuters ва AFP агентликлари ҳам, Украинадаги манбаларига таяниб, Кирилловнинг ўлимини УХХ операцияси сифатида талқин қилмоқда.

Кириллов ўлимидан бир кун олдин Украина хавфсизлик хизмати у жиноят содир этишда гумон қилинаётганини билдирган. УХХга кўра, генерал украин ҳарбийларига қарши кимёвий қуроллар қўлланишига масъул бўлган.

Форум

XS
SM
MD
LG