Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:03

"Бўйинтуруқ илиш йўли" – ижтимоий тармоқлар Путиннинг уч томонлама иттифоқ таклифи ҳақида


Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев. Тошкент, 19 октябрь, 2018.
Владимир Путин ва Шавкат Мирзиёев. Тошкент, 19 октябрь, 2018.

1-2 декабрь кунлари Самарқандда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу учрашув доирасида Россия бош вазири Михаил Мишустин Бош вазир Абдулла Арипов ва президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Бу Мишустиннинг 2020 йил январида Россия бош вазири этиб тайинланганидан буён Ўзбекистонга биринчи ташрифидир.

Мишустин 28 ноябрь куни Москвада Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан учрашган ва икки томонлама иқтисодий алоқаларни муҳокама қилганди. Ушбу учрашув ортидан Тоқаев Москва Ўзбекистон ва Қозоғистон билан "уч томонлама иттифоқ" тузишни таклиф қилаётганини айтган.

Тоқаевнинг баёнотидан бир кун ўтиб, Россия ва Қозоғистон президентларининг матбуот котиблари сўз "газ иттифоқи" ҳақида бораётганини айтишди.

Тоқаев таклифни маъқуллаган, аммо қозоқ томони уни ҳар томонлама ўйлаб кўриш кераклигини билдирган.

Ўзбекистон ҳозирча Путиннинг "газ иттифоқи" ҳақидаги таклифига расман муносабат билдиргани йўқ. 30 ноябрь куни президент Мирзиёев президент Путин билан телефон мулоқоти чоғида "истиқболли ҳамкорлик лойиҳалари"ни муҳокама қилгани билдирилди.

Самарқанддаги музокаралар Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясига аниқлик киритиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

"Қопқон"

Ғарбнинг мисли кўрилмаган санкцияларига учраган Россия томонидан илгари сурилган иттифоқ таклифи ўзбекистонлик таҳлилчилар ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларида кескин эътирозларни уйғотди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров уни “бўйинтуруқ илиш йўли” деб баҳолади.
Экспертга кўра, Москва тўрт босқичли стратегия орқали Марказий Осиёнинг икки йирик давлати энергетика тармоғи жиловини буткул ўз қўлига олмоқчи. Биринчи босқичда энергетика тизимининг барча занжирларига россияпараст шахслар жойлаштирилса, кейинги босқичда тармоқни модернизациялаш шиори остида Россиядан мўл-кўл кредит олинади. Учинчи босқичда бошқариладиган инқироз юзага келтирилади. Пировардида эса, сунъий бўҳрон орқали энергетика тармоғи устидан қатъий назорат ўрнатилади.

“XXI асрда мамлакатни назоратга олиш учун қўр тўкиб қўшин ташлаш шарт эмас. Босқинчилар мафкураси билан парваришланган сотқин, очкўз ва қўрқоқлар билан ҳам мақсадга эришиш мумкин”, деб ёзади О.Бакиров.
Эксперт бу усул аллақачон Қирғизистон ва Арманистонда синовдан ўтганини айтган.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам газ иттифоқи замирида буюк давлатчилик мақсади ётибди, деб ҳисоблайди.

“Ишончим комил, Ўзбекистон бу иттифоққа қўшилмайди. Сабаблари кўп. Биринчидан, Ўзбекистон ўзининг энергетик олди-сотдисини Россия билан мувофиқлаштирса, энергетик ва геосиёсий мустақиллигини теп-текис жойда қисқартирган, торайтирган ёки йўқотган бўлади. Иккинчидан, иҳоталанган Россияга энергетик ва савдо-иқтисодий ҳамда геосиёсий муносабатлар устидан монополияни сақлаб қолишда, ўз манфаатларини қурбон қилиб бўлса-да ёрдам берса, шимолий империализмнинг яшовчанлигини узайтирган бўлади. Қолаверса, иккиламчи санкцияларга ўзини атайлаб дучор қилган бўлади”, деб ёзади К.Раббимов.

Бошқа бир сиёсатшунос Ҳамид Содиқ фикрича, Россия ваъдага вафосиз ҳамкорлар сирасига киради.

“Россия учун ҳар қандай шартнома бузиш учун тузилади. “Шимолий оқим-1” ва “Шимолий оқим-2” лойиҳаларини эслашнинг ўзи кифоя”, дея огоҳлантиради у.

Аксар фаоллар наздида, Украина босқини ортидан “яккамохов”ликка маҳкум этилган Россия билан апоқ-чапоқ бўлиш бошини кунда қўйиш билан баробардир.

“Cенинг бойликларингни талон-торож этаётган, қўшнингга тажовуз қилган, ўғри-киссавурларча муомала ортидан бутун дунё билан “сен-мен”га борган давлат билан қандай иттифоқ тузиш мумкин?!” – дея риторик савол қўяди иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров.

“Эзворарканда булар ҳам. “Булар” деганига ҳадеб мана шунақа шилқимлик қилаверадиган путиноидлар ҳам, бу шилқимликларга чидаб, жим тураверадиган жабрдийдастонлар ҳам тушаверади. Охири зўравонликка айланиб кетиши мумкин бўлган бунақанги шилқимликлардан мудофаа қиладиган ҳимоя ордери керак”, дея тагдор луқма ташлади журналист Муҳрим Аъзамхўжаев.

Русийзабон журналист ва блогер Никита Макаренко эса президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, Кремль таклифини рад этишга ундади.

Буюк Британияда фаолият юритиб келаётган ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов Путиннинг таклифини қопқондаги пишлоққа муқояса этган. Унга кўра, газ иттифоқи орқали Москва Тошкентни ҳарбий-сиёсий ҳамкорликка, пировардида, ўз йўриғига юришга мажбурламоқчи. Бу борада эса президент Тоқаев дастёрлик қилаётган бўлиши мумкин.

“Яқингача Москвадан узоқроқ бўлишга уринган Тоқаев нега уч томонлама иттифоқдан гап очиб қолди. Менимча, у Украинадаги муқаррар мағлубиятни ортга суриш учун дабдурустдан Россияга ҳарбий кўмак кўрсатишга қарор қилган Пекиннинг талаби билан шундай йўл тутмоқда”, деб ёзади А.Илҳомов.
Айни чоқда, номақбул ташаббус минтақа бирлашуви ғоясига “жаноза ўқиши” қайд этилган.

“Шу тариқа минтақавий давлатлар Марказий Осиё интеграция аравасини сафдан чиқармоқда. Толе кулмайдиган кўринади. Бу масалада мустақил сиёсат юритишга журъат қила олишмайди, зотан, ўта заиф ва кучсиз улар”, деб таассуф изҳор этади у.

Ҳозирги вазият Марказий Осиё давлатлари учун хавотирли эканини урғулаган журналист Илёс Сафаров ҳам Пекин омилига эътибор қаратган.

“Хитой ҳам Марказий Осиё давлатларига бўлаётган ушбу босимларда зимдан иштирок этмоқда. Чунки иттифоқ ортида унинг ҳам улкан манфаатлари яширин бўлиши мумкин. Масалан, ҳозир Россия қўлга киритган энергия ресурсларини иқтисодий чекловлар орқали тўғридан-тўғри экспорт қилолмаяпти. Энди Хитой унга воситачи ролини бажариши мумкин”, деб ёзади у.

"Ҳолдан тойган аждар"

Аксар ижтимоий тармоқ фаоллари Россия Украина урушида ҳолдан тойган ҳозирги паллада Тошкент мустақил сиёсат ўзанини кенгайтиришга уринмоғи лозим деган фикрда.

“Шимолий империализмнинг яшовчанлигини қисқартириш учун қулай пайтдан фойдаланиш керак. Чунки бугун Россиянинг иккинчи фронт очишга имконияти йўқ бўлса, келгусида бунақа имконият пайдо бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳолдан тойган аждарнинг бошини янчиш керак”, деб ҳисоблайди Аббос Асад.
“Мустақил миллий мафкура асосида сиёсат олиб бормас эканмиз, биз ёки Шимол, ёки Ғарб, ёки Шарқнинг қули бўлиб яшашга мажбурмиз”, дея фикр билдирди бошқа бир фойдаланувчи.

Қозоғистонлик иқтисодчи Айдар Алибоевнинг “Настояшчее время”га берган интервьюда айтишича, қозоқ жамоатчилиги ҳам Европа Иттифоқи “терроризм ҳомийси” деб эълон қилган мамлакат раҳбарияти таклифини очиқ хавотир билан кутиб олган. Ёмонотлиқ бўлган давлатнинг пинжига кириш катта муаммолар туғдиришини таъкидлаган мутахассис расмий Остона ва Тошкентни фавқулодда донишмандлик билан иш тутишга даъват этган.

Жамоатчиликнинг танқидлари ортидан Қозоғистон ташқи сиёсат маҳкамаси уч томонлама газ иттифоқи борасида ҳали қарор қабул қилинмагани, Остона аксилроссия санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этмаслиги ҳақида баёнот берди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ёки бошқа расмийлар бу борада муносабат билдирганича йўқ.

Форум

XS
SM
MD
LG