Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:45

"Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш". Тошкент "чуқур ташвишда", аммо норозилик нотаси йўқ


 Захар Прилепин.
Захар Прилепин.

21 декабрь куни Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига "таклиф этилди".

Бу ерда уни Тошкентдаги қарийб уч йиллик фаолияти давомида энг совуқ қабул кутаётганди.

Бунга сабаб Москвада янграган мана бу баёнот:

"Руслар қанча кўп бўлса, кўп сонли мигрантлар бизнинг юртда ўзини нотўғри тутиши билан боғлиқ муаммолар камроқ бўлади... Мен ҳазиллашаётганим йўқ. Биз Совет Иттифоқини қайта тиклаш мавзусини кўтарамиз ва бу бизга исталган вақтда „сизнинг икки миллион фуқаронгиз бизнинг ҳудудда экан, биз сизнинг ҳудудингизга даъво қиламиз, чунки кўпчилик аллақачон шу ерда, ҳаттоки бунга овоз беришган“, дейишга имкон беради. Киевдаги параддан кейин Евросиё ҳудудида бирор нарса қилишни бизга ким тақиқлайди? Ҳеч ким".

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги россиялик ёзувчи ва сиёсатчи Захар Прилепиннинг «Россия сегодня» матбуот-марказидаги анжуманда қилган баёнотидан норози.

Аммо вазирлик тарқатган баёнотда “норозилик” сўзи ишлатилмаган. Норозилик нотаси ҳақида ҳам сўз бораётгани йўқ. ТИВ элчи "чақиртирилмагани", балки "таклиф этилгани"ни айтмоқда.

Тошкент ўз таъбирича, Прилепиннинг "Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи Ўзбекистонда чуқур ташвиш уйғотгани"ни айтган ва буни рус элчисига "қатъий тарзда етказган".

Россия, атом ва бомба: "Росатом" Ўзбекистон билан "шартнома имзолашга яқин"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:27:32 0:00

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, рус элчиси Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг расмий позициясини акс эттирмаслигини таъкидлаган.

Элчи, "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаганлиги"ни билдирган.

Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов.

Россия элчисининг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида келтирилган изҳоротидан кўп ўтмай, Россия Ташқи ишлар вазирлиги қисқа баёнот эълон қилди.

Захар Прилепиннинг Россия меҳнат миграцияси ва Ўзбекистон ҳудудининг Россияга қўшилиши ҳақидаги баёнотлари унинг шахсий фикри ва Москванинг расмий позициясини акс эттирмайди”, — дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг баёнотида.

Шу тариқа Тошкент-Москва муносабатларида Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги масаласи савол остига олиниши мумкинлиги эҳтимоли биринчи марта кун тартибига чиқди.

Ваҳоланки, Мирзиёев ҳукумати сўнгги икки йилда Украина уруши борасида Москванинг ғазабини қўзғаши мумкин бўлган ҳар қандай қадамдан тийилган, минтақани ўзининг "орқа ҳовлиси" сифатида кўрадиган Москванинг манфаатларини савол остига олмаган эди.

Украина урушидан буён президент Мирзиёев бирон марта Украина ёки президент Зеленский номини тилга олмаган.

Ўтган йил мартида у Ўзбекистон Украинанинг бўлгинчи ДНР ва ЛНР республикаларини тан олмаслиги ҳақида баёнот берган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловни истеъфога чиқарганди. Гарчи Комилов президент маслаҳатчиси лавозимида қолаётган бўлса ҳам, Тошкентдаги манбалар шу йўл билан Мирзиёев ўзини "Путиннинг ғазабидан ҳимоя қилишга урингани"ни айтишган.

Тошкентдаги Ғарб дипломатлари Ўзбекистоннинг Украина борасидаги нейтрал позицияси Россиядан кўра Украинага нисбатан кўпроқ нейтрал экани, моҳиятан россияпараст эканлигини айтишади.

Аммо бутун бу нейтраллик ва россияпарастлик, кўрилганидек, Мирзиёев ҳукуматини Россиянинг расмий ахборот майдонида Ўзбекистонга қарши хуружлардан асраб қололгани йўқ.

Москвага эътироз билдираркан, сўзларни диққат билан танлаган расмий Тошкентдан фарқли тармоқ фаоллари Прилепиннинг сўзларига ғазабнок муносабат билдиришди. Собиқ депутат Расул Кушербаев эса Прилепинга ўзига хос тарзда русча сўкиниш билан жавоб берди.

Прилепиннинг баёноти тармоқларни ларзага келтираркан, мамлакат расмий идораларидан Мудофаа вазирлигининг муносабати ажралиб турди.

Мудофаа вазирининг матбуот котиби Отабек Юлдашев вазирлик расмий Телеграм каналида рус сиёсатчисига Ўзбекистон Конституциянинг 153-моддасини эслатиб қўйди:

Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада Қуролли Кучларига эга”.

Прилепин ким?

48 яшар Захар (Евгений) Прилепин - рус ёзувчиси, блогер, телебошловчи ва адабий мукофотлар совриндори. 2000-йиллар бошида радикал мухолифатдаги Лимоновнинг “Национал-болшевиклар” партиясига қўшилган собиқ полициячи иккинчи Чечен уруши пайтидаги ҳарбий тажрибаси ва республикага кейинги хизмат сафарлари ҳақида ҳикоялар нашр қилган. 1990-йилларда Россия Ички ишлар вазирлигининг ОМОН бўлинмасида хизмат қилган.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси - ҳуқуқ-тартибот ва ҳарбий интизом масалалари бўйича комиссияда ишлайди. Россия Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни тайёрлашда иштирок этган.

Миллатчи болшевиклар партияси аъзоси сифатида 2011 йилда Прилепин Россияни мигрантлар босқинидан қутқариш йўли сифатида "иложи борича кўпроқ рус болаларини туғиш" чақириғи билан ҳам танилганди.

2015 йилда у Донбассга бориб, Донецк бўлгинчилари раҳбари Александр Захарченконинг маслаҳатчиси бўлди. Киевда унга қарши жиноий ишлар қўзғатилган, жумладан, терроризм бўйича у Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва бошқа қатор давлатларнинг санкциялар рўйхатига киритилган.

Прилепин 2018 йил 4 декабрда Максим Горкий номидаги Москва бадиий театри бадиий раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди.

Кейинчалик у Владимир Путин томонидан асос солинган Бутунроссия Халқ фронтига қўшилди ва "Адолатли Россия - ҳақиқат учун" социалистик партияси етакчиларидан бирига айланди.

"Путинга содиқлик рамзи"
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:29 0:00

Россиянинг Украинага тажовузи ортидан Путин сиёсатининг асосий пропагандачиларидан бирига айланган Прилепин 2023 йил 6 майда ўзига қарши уюштирилган суиқасддан омон қолган эди.

ТИВ вакили Мария Захарова суиқасддан кўп ўтмай, портлашда АҚШ ва Буюк Британияни айблади, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳодисани “террор акти” деб атади ва воқеада Киев ва “Ғарб кураторларини” айблади.

"Тарихни қайта ёзиш"

Россия ва Ўзбекистон ўртасида бундан аввал дипломатик танглик 2010 йилда Тошкентда совет аскарига қўйилган ҳайкал олиб ташланиши ортидан юз берган эди.

Москва ўшанда Каримов ҳукуматини "Улуғ ватан уруши тарихини қайта ёзишга уриниш"да айблаган. Тошкент бу айбларни рад этган.

2016 йилда Каримовнинг ўлими ортидан Мирзиёев Москва билан яқинлашиш сиёсатини бошлади ва совет давридаги айрим рамзларни қайтарди.

Унинг Тошкентда "Ғалаба боғи"ни очиш ва Чор Россияси аскарларига қўйилган ёдгорликни таъмирлаш қарорлари ўзбек фаолларининг танқидларига сабаб бўлган.

Мирзиёев ҳукумати Украина инқирози аввалида ўзбекистонлик фаоллар ҳамда Тошкентдаги украин элчисининг Ўзбекистонда Россия давлат телеканалларини тақиқлаш ҳақидаги чақириқларини жавобсиз қолдирган.

Форум

XS
SM
MD
LG