Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:29

Россияда ўзбекистонлик муҳожирларни депортация қилиш уч бараварга кўпайди


Миграция қонунларини бузган ўзбекистонлик муҳожирларни Россиядан мажбуран чиқариб юбориш ҳоллари кўпаймоқда.

Миграция идораси маълумоти бўйича¸ 2016 йилнинг биринчи ярмида муҳожирларни мажбурий чиқариб юбориш ўтган йилгига қараганда уч бараварга кўпайган. Россиядан депортация қилинган 474 хорижийдан 50 нафари ёш болалардир. Чиқариб юборилганлар аксари Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистон ватандошлари.

Россия расмийлари тарқатган бу маълумот ортидаги манзарани мамлакатда меҳнат қилаëтган ўзбек муҳожирлари кундалик ҳаëтидан келиб чиқиб тасвирлашга уринади.

Иваново шаҳрида ишлаётган ўзбекистонлик Акбарбекнинг айтишича, ўзи яшаëтган ҳудудда ўзбекистонликларни депортация қилиш кўпайган:

- Иваново шаҳрида, Фурманов деган депортация қиладиган жойда ўзбекларни олиб бораяпти, оила, ёш болалари билан. У ерда бир неча ойлаб ётишади, то кетишлари учун самолёт билетига пул топилганига қадар. Бирор қариндош-уруғлари пул топиб келиб, чиқариб олмаса, ётишади спецприёмникда. Суд бўлгандан кейин ҳам билетга пул бўлмаса, ётади ўша ерда, дейди Акбарбек.

Хорижийларни депортация қилиш ёки мажбуран чиқариб юборишнинг Россия федерал бюджет ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилганига қарамай¸ мулозимлар ушланганларни яқинлари ёки айрим ҳолларда иш берувчи ҳисобидан депортация қилади.

Қонуний яшаб келган муҳожир депорт бўлиши мумкинми?

Россия расмийларига кўра, хорижийлар орасида асосан, иш рухсатномаси (патент) олмай ишлаш ёки патент учун пул тўламаслик, миграция қайдидан ўтмаслик каби қонунбузарликлар кенг тарқалган.

Пойтахт ҳукуматига кўра, ўтган ярим йил давомида миграция қонунларини бузган чет элликларга умумий миқдорда 7 миллион рублдан ортиқ жарима солинган.

Москва расмийларига кўра¸ жорий йилнинг биринчи ярмида чиқариб юборилган 2900 хорижийнинг аксарияти ўзбекистонликлардир.

Москва вилоятида яшаётган Исмоил ўз танишлари орасида қонунни бузмаса-да, Россияга кириши тақиқланганлар кўпайганини айтади:

- Кўп депортация бўлишaяпти. Сабаби нимада эканлигини ҳеч ким билмайди. Қонуний регистрация қилган, патенти бор, патент пулларини ўз вақтида тўлаб борган, бирор ерда қонунбузарликка йўл қўймаган. Вақтида ватанига бориб, яна қайтиб келишида, чегарада “сенга “запрет” ёки “выдворение” қўйилган” деб Россияга киришга йўл беришмаяпти. Сабабини ҳеч ким билмайди, чегарачилар ҳам айтишмайди. Яна баъзиларга “административний штрафинг бор” деб ҳам Россияга киритишмайди. Лекин жарима кўрсатилган районга у одам умрида бормаган, дейди Исмоил.

Бундай шикоятларни рад этаëтган Россия расмийлари¸ муҳожирларга нисбатан адолатсизлик бўлган тақдирда уларга маҳкамага мурожаат этишни тавсия қилади.

Айни пайтда¸ миграция мутахассислари маҳаллий расмийлар Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлардаги муҳожирлар сонини камайтириш мақсадида, турли чораларга қўл уришдан тап тортмаслигини айтади.

XS
SM
MD
LG