Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:45

"Миграция полицияси ҳужжатли ўзбекни ҳам депорт билан қўрқитиб¸ пора олади"


Россиядаги миграция жараëнини тартибга солиш жорий йилдан бошлаб полиция ваколатига ўтгани меҳнат муҳожирларига қимматга тушмоқда. Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ички ишлар ходимларининг ўзларига нисбатан муомаласи кескин ëмонлашгани, олинаётган “полиция солиғи ставкаси” ошганини айтмоқда.

Жорий йил апрелида Россия президенти Владимир Путин қарори билан Федерал миграция хизмати ва Наркотикларни назорат қилиш федерал хизмати тарқатилди ва улар ваколатлари 1 июндан бошлаб Ички ишлар вазирлигига ўтди.

Полиция таркибида Миграция масалалари бўйича бошқарма тузилишидан салкам икки ой ўтиб¸ Россияда меҳнат қилаётган муҳожирлар миграция масаласидаги вазиятнинг салбий томонга ўзгариб бораётганидан шикоят қилмоқда.

Озодликка мурожаат қилган Москвадаги “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти фаоли Раҳмиддин Камолов иддаосича¸ Россия пойтахтининг “Вешняки” ички ишлар бўлимида меҳнат муҳожирларидан очиқчасига пул талаб қилинмоқда:

Раҳмиддин Камоловнинг ўзи бундан икки йил олдин Москвада тақирбошлар томонидан пичоқлаб кетилган эди
Раҳмиддин Камоловнинг ўзи бундан икки йил олдин Москвада тақирбошлар томонидан пичоқлаб кетилган эди

- “Вешняки” полиция бўлимидагилар жуда ҳам ўзидан ошиб кетган. Мен шахсан ўзбек-тожикларни жума-шанба куни отделениега олиб келишиб¸ ҳужжати бор-йўқлигига қарамай¸ ëлғондан “депорт қиламан” деб турволишига бир неча маротаба гувоҳ бўлдим. Ўзбек-тожиклар қўрққанидан 5-10 минг бериб чиқиб келишаяпти. Ўртоғим эрталабки 8 дан кечки 11 гача ўтирган, кейин “Сени депорт қиламиз!” деб қўрқитишган экан 5 минг рубль пул берибди. Кечаги болаларда вилоят ФМСидан олинган вақтинчалик қочқинлик ҳужжатлари бор. “Қоғозларинг фалшивий”, деб дўқ қилишибди, дейди Раҳмиддин.

Ҳуқуқ фаоли полиция ходимларининг ноқонуний тарзда ҳибсга олаётгани тўғрисида телефонга ёзиб олинган аудиоёзувни Озодликка тақдим этди. Унда полиция хизматчисининг ўта қўпол тарзда меҳнат муҳожирини ҳақорат қилаётганини эшитиш мумкин.

- Сен ахмоқмисан, тушунмаяпсан?! Ҳужжатингда Доғистоннинг қалбаки муҳри!

- Бу Доғистон эмас, Озарбайжон муҳри. Доғистон Россияга кирадику!

- Оғзингни ёп! Нах.., мен сени ҳозир... Э, тушундингми мени, калланга туширмасимдан оғзингни ёп!

024790 рақамли жетон эгаси бўлган "Вешняки" полиция бўлими ходими билан муҳожир суҳбати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00
Бевосита линк

Бу полиция ходимининг ҳужжатлари жойида бўлган муҳожир билан суҳбатидан парча эди.

Раҳмиддин Камолов сўнгги йилларда Россия ҳукумати томонидан полиция ходимларига берилган ваколатлар уларнинг коррупциялашишига кенг йўл очгани, полициячининг асосий даромади айнан кўчада ушланган мигрантлардан олинган “ўлпон”дан иборат эканини айтади.

Суҳбатдошга кўра¸ кейинги пайтларда барча полиция бўлимларида “ставкалар” ҳам кескин ошган:

- Қонунан депорт қилишга ҳаққи бўлмаса ҳам, полиция ходимлари принципга туриб олишса – ҳужжати жойида бўлган тақдирда ҳам депорт қила олишади! Ҳужжатлари жойида бўлган ва депорт бўлган ўзбекларни кўпини кўрдик, шунга ўзбеклар қўрқиб қолган. Бунақа қонунбузарликлар¸ асосан¸ Ўзбекистон ватандошларига нисбатан қўлланилмоқда, тожикистонликларга нисбатан эмас. Чунки Тожикистон элчихонаси, бошқа тожик ҳуқуқ фаоллари жуда фаол. Ўзбек муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Ўзбекистон элчихонаси, ўзбек ҳуқуқ фаоллари йўқ, бўлса ҳам уни мигрантлар билмайди. 4 мингдан 15 минггача бервораяпти қўрққанидан. Россияда ишлаш ҳам фойдасиз бўлиб қолди: чиқиб кетаяпти кўпчилик. Ҳужжатни ҳам қиласиз, ҳам мана бунақа ифлос полиция ходимига пора беришга мажбурсиз. Шунақа беспредел бўлиб қолган бу ерда, дейди Раҳмиддин.

Суҳбат давомида ҳуқуқ фаоли полициячиларнинг муҳожирларга нисбатан босими кучайиши улар орасида ҳужжатсиз ва ноқонуний тарзда юрганлар сонини кескин ошишига олиб келганини ҳам таъкидлади.

Ҳуқуқ фаоли Раҳмиддин Камолов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:35 0:00
Бевосита линк

Озодлик суҳбатлашган Райимжон Москвадаги ошхоналардан бирида 1,5 йилдан бери ишлайди. Ошпаз йигит ҳозирги кунда ҳужжати бор ҳам, ҳужжати йўқ ҳам полицияга пул беришга мажбур эканини тасдиқлайди:

- Ҳужжатлар жойида бўлса ҳам полиция барибир “чой пули” олади. Мелисалар ҳар хил: бир хиллари 500 рубль талаб қилишади, нафси чатоқлари 2 минг, 5 минггача сўрашади. “Йўқ, йўқ”, деб турсангиз ўзидан-ўзи 500 рублга туширади ва шуни бериб қутулади. Документингиз тоза бўлса ҳам ушлаб ўтиради, “мозгингизни” қотириб. Энг ками 500 рубль. Полицияга қараганда ФМС тузукроқ эди - документлар тоза бўлса ФМС дарров қўйиб юборади. Полиция суткалаб олиб ўтириши мумкин, деди Райимжон.

Айни пайтда, Россия президенти Владимир Путин Ички ишлар вазирлиги ходимлари сонини яна 65 минг кишига оширгани эълон қилинди.

Бугунга келиб Россия Ички ишлар вазирлиги таркибида 1 миллион 68 минг ходим бор, ундан ташқари бевосита президентга бўйсинувчи яна 400 минг кишилик Миллий Гвардия ҳам мамлакат ичкарисида тартиб сақлашга ваколатлидир.

XS
SM
MD
LG