Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:23

Россия Ўзбекистонга шакар экспортини оширмоқчи


Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида.
Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалиги вазири Александр Ткачёв Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув чоғида.

Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги вакилларининг Тошкентга қилган сафаридан кейин Ўзбекистон Россияда ишлаб чиқариладиган шакарининг асосий импортчисига айланиши айтилмоқда.

Томонлар шакардан ташқари ёғ-мой, картошка, буғдой, балиқ ва балиқ маҳсулотлари, мол гўшти ва қандолатчилик товарларини Ўзбекистонга экспорт қилиш борасида дастлабки келишувларга эришилгани хабар қилинди.

2017 йилнинг 23-25 сентябр кунлари Россия Федерацияси Қишлоқ хўжалик вазири Александр Ткачёв бошчилигидаги катта делегация Ўзбекистонда бўлиб қайтди.

25 сентябр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашув давомида россиялик аграрийлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласини кўтарганини хабар қилди “ЎзА” агентлиги.

Президент Мирзиёев ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш бўйича йил бошида очилган “яшил коридор” учун Россия тарафига ўз миннатдорчилигини билдириб, Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида умумий ҳажми 500 миллион долларлик экспорт контрактлари имзоланганини маълум қилди.

- Ўзбекистон - Россиянинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим стратегик ҳамкоридир. Бу соҳада олиб борилаётган ҳаракатлар натижа бера бошлади, дея Озодлик сўровига Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Александр Ткачёв нутқидан иқтибос келтиришди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ва Александр Ткачёв ўртасидаги музокаралар давомида ветеринария препаратлари ва диагностика воситаларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги учун малакали кадрларни тайёрлаш юзасидан сўзлашилгани маълум бўлди.

Россия Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 2017 йилнинг 7 ойи давомида Ўзбекистондан Россияга чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳажми 27 фоизга ошган ва 75 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Кўрсатилган муддат ичида арпа, ўсимлик мойлари, соя кунжараси ва бошқа маҳсулотларнинг Россиядан Ўзбекистонга импорти эса 131 миллион долларни ташкил этгани таъкидланди.

Делегациялар учрашуви давомида
Делегациялар учрашуви давомида

Вазир Александр Ткачёв Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар вазири Элёр Ғаниев билан олиб борган музокаралар чоғида икки давлат ҳамкорлигининг айниқса шакар экспорти соҳасида истиқболларига тўхталди.

У Россияда жорий йилда Россияда мисли кўрилмаган миқдорда лавлаги етиштирилгани, ундан ишлаб чиқарилажак 6,5 миллион тонна шакарнинг бир қисми Ўзбекистонга юборилишини билдирди.

Мутахассислар Қозоғистон ва Ўзбекистон Россия шакарини импорт қилувчи мамлакатлар сирасига киришини таъкидламоқда. Жумладан, Аграр бозорлар конъюнктураси институти тадқиқот натижаларига кўра, 2017 йилда Россияда ишлаб чиқарилган шакарнинг 2,7 миллион тоннаси экспортга чиқарилиши мумкин, ваҳоланки мамлакатнинг ўзида йилига 5,85 млн. тонна шакарга эҳтиёж мавжуд. Россиянинг энг йирик шакар ишлаб чиқарувчи давлат корхонаси бўлмиш “Русагро” экспертлари ҳозирда Марказий Осиё давлатларининг ўзида йилига 1 миллион тоннадан зиёд рус шакари сотилаётганига эътибор қаратди.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги рус экспортчилари ёғ-мой, картошка, буғдой,балиқ ва балиқ маҳсулотлари, мол гўшти ва қандолатчилик товарларини Ўзбекистонга импорт ҳажмини кенгайтиришга қизиқиши борлигини ҳам билдирди.

Россия аграр вазирлиги идораси тарқатган расмий хабарга кўра, россиялик бизнесменлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уруғлик картошка етиштиришга мўлжалланган рус-ўзбек-қирғиз корхонасини ишга туширишни таклиф этган. Бунинг учун Россия Картошка иттифоқи, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва Қирғизистон Саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик борасида ҳамда Россия Картошка иттифоқи ва Ўзбекистоннинг Sanray Agro Plus ташкилоти ўртасида уруғлик картошка етиштириш бўйича иккита шартнома имзоланган.

24 сентябр куни россиялик делегация “Агромир” корхонаси, “Мароқанд” боғдорчилик хўжалиги, селекция-уруғчилик маркази, пахта етиштирувчи тадқиқотчилик муассасасига ташриф буюрди.

Айни пайтда, жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Ташқи савдо вазири муовини Соҳиб Саифназаров Тошкентдаги ўзбек-рус ишчи форумида қилган чиқишида 2017 йил охирларига бориб икки тарафлама товар айирбошлаш ҳажми 5 миллиард долларга етиши мумкинлигини билдирган эди.

"Ўзбекозиқовқатхолдинг" тарқатган маълумотга биноан, 2016 йил давомида жон боши ҳисобига Ўзбекистонда ўртача 9,3 кило шакар ишлаб чиқарилган. Шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар тадқиқотчилари ҳисоб-китобига кўра, бу маҳсулот истеъмоли йилдан-йилга ошиб бораётган Ўзбекистонда 2025 йилга бориб шакар истеъмоли бугунги кўрсаткичдан 21 фоизга ошиб, жон бошига 19 килограммга етади.

XS
SM
MD
LG