Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:29

Россияда ҳали ҳам "ҳамма нарса Путин атрофида айланмоқда"ми?


Владимир Путин 7 октябрь куни 70 ёшга тўлди.
Владимир Путин 7 октябрь куни 70 ёшга тўлди.

7 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин 70 ёшга тўлди. Озод Европа/Озодлик радиоси шарҳловчиси Роберт Коулсоннинг ёзишича, 70 йиллик юбилей тобора авторитар бўлиб бораётган Путин ҳукмронлигининг энг оғир кунларига тўғри келмоқда.

Аксарият мухолифат вакилларига қарши аёвсиз тазйиқларга қарамай, Путиннинг йиллар давомида юқори бўлиб келган рейтинги хавф остида бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи аломатлар пайдо бўла бошлади. Украинадаги уруш Путин шахси атрофида тузилган сиёсий тизимнинг заиф томонларини фош қилишда давом этмоқда.

«Левада» мустақил сўров агентлиги социологи Лев Гудков:

«Шуни айта оламанки, вазият тубдан ўзгарди», — деди.

«Мобилизация ҳаммага таъсир қилмоқда... Сафарбарлик эълон қилингани вазиятни тубдан ўзгартирди – уруш Россияга етиб келди», — дея сўзини давом эттирди у.

Россия Украинада мамлакат ҳукумати ва халқининг кескин қаршилигига дучор бўлди. Ўтган ойда Украина Харьков вилоятида яшин тезлига ўтказган контратака рус қўшинларини ортга чекинишга мажбурлади, натижада бир неча ойдан бери сафарбарлик эълон қилмаслигини таъкидлаб келган Путин ваъдасини бузишга мажбур бўлади.

Кремль агрессиясига жавобан Ғарб Россияга шиддат билан жавоб қайтарди. Ғарб давлатлари Россияга қарши қатор санкция киритди ҳамда Украинага миллиардлаб доллар қийматга эга ҳарбий ёрдам кўрсатди. Ўнлаб йилдан бери НАТОга тўлиқ аъзо бўлмаган Швеция ва Финляндия трансатлантик альянсга расман қўшилди.

Бугунга келиб Россия мисли кўрилмаган даражада халқаро майдонда яккаланиб қолган.

«Ҳеч ким ғазаблангани йўқ, оммавий норозилик йўқ»

Россияда яқин ҳафталаргача Путиннинг обрўси ҳар доимгидек мустаҳкам бўлиб кўринганди, сабаби Кремль мухолифатни яширинишга ёки мамлакатни тарк этишга мажбурлаб келади.

Эстония парламенти депутати Михаил Лотман Озодлик радиоси рус хизмати учун ёзган мактубида «Россиянинг Украинадаги жиноий уруши рус жамиятининг ҳатто энг таниқли русофоблар ҳам айтмаган жиҳатларини ўртага чиқарди», деб ёзди. Лотман Россия армияси қўл урган талончилик ва ҳарбий жиноятлар ҳақидаги хабарларга Россия жамоатчилиги парво қилмаётгани ҳақида ёзди.

«Россия жамияти бунга қандай муносабат билдирди? Ҳеч қандай. Ҳеч ким ғазаблангани йўқ, оммавий норозилик йўқ».

Россиядаги сўровларга тўлиқ ишониб бўлмаса-да, «Левада» маркази ўтказган сўровларга кўра, 2022 йил давомида Путиннинг рейтингини доимий равишда 80 фоиздан юқори бўлиб келаётган эди. Август ойида бу кўрсаткич 83 фоизни ташкил қилган.

«Украинадаги уруш бошланганидан кейин барча кўрсаткичлар кўтарилди», - деди Гудков.

«Одамлар ўзларига ишонч ҳис қилдилар, ҳарбий куч ва қудрат намойиш этилаётганидан фахрланиш туйғусини ҳис қилдилар».

Аммо сентябрь ойида Путин рейтинги 77 фоизга тушиб қолган.

Гудковнинг сўзларига кора, Украинага босқин бошланганидан олдинги ойларга солиштирганда кўпроқ россиялик Путинни маъқуллайди, бироқ ҳарбий муваффақиятсизликлар ва айниқса сафарбарлик ўз таъсирини кўрсатмоқда.

«Сафарбарликдан сўнг, менимча, вазият тез ўзгаради», — деди у.

«Умидсизлик туйғуси»

Шубҳасиз, Путин ҳукуматига қарши чиқиш кўпчилик россиялик учун катта қадамдир. Ҳукмронлигининг дастлабки йилларида Путин давлат назоратидаги матбуот ёрдамида кучли, марказлашган ҳукумат ва «қонун диктатураси» қадриятларини тарғиб қилган.

2017 йилда Корнел университети сиёсатшунослик бўйича профессори Валери Банс сўнгги йилларда Путин «рус миллатчилиги, Россия қудратини халқаро тизимда кўрсатиш, маданий консерватизм ва АҚШни халқаро тизимда беқарорлаштирувчи куч сифатида танқид қилишдан» иборат янгича тарғибот бошлагани ҳақида ёзганди. Бу тактика «Россия мухолифатини ватанпарвар ёки хоин бўлишдан бирини танлашга мажбурлаб, иккига бўлиб юборган».

2012 йилдан бери Кремль барча сиёсий мухолифларни сотқин сифатида қоралаш учун «хорижий агентлар» тўғрисидаги қонунларни ишга солиб келади. Россияда бу тамға берилган сиёсий мухолифлар қўшнилари, қариндошлари, ҳамкасблари ва иш берувчилар томонидан тазйиққа учрамаса, кремлпарастлар таъқибига учраши мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Путин Украинадаги урушни Россия ва «иблис» Ғарб ўртасидаги экзистенциал кураш сифатида тасвирлаб, ўзига қарши чиқишни янада мушкуллаштирди ҳамда ўнг қанот радикалларга жимгина эркинлик берди.

«Ҳокимият таҳдидларни тушунди»

Украинага кенг кўламли босқин бошланишидан олдин Путин ҳукумати уюшган сиёсий мухолифатнинг барча шаклларини тор-мор қилган. Харизматик мухолифат етакчиси Алексей Навальний қамоққа ташланди, у асос солган Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ва ташкилотнинг минтақалардаги бўлимлари «экстремистик» деб топилди ва ёпилди. Навальнийнинг кўплаб фаол тарафдорлари жиноий жавобгарликка тортилиш таҳдиди остида мамлакатни тарк этишди.

Илгари норозилар ёки мухолифларга майдон бўлган мустақил жамоат ташкилотлари, масалан, «Мемориал» инсон ҳуқуқлари жамияти ҳам нишонга олинди ва бу ташкилотларга яқинлашиш хиёнат билан тенглаштирилди.

Шарҳсиз: Россияликлар мобилизациядан қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:45 0:00

Хельсинки университетида Россия сиёсатидан дарс берувчи россиялик сиёсатшунос Владимир Гелман «Медуза» нашрига берган интервьюсида шундай деди:

«Фаол норозилик намойишларининг асосий муаммоси шундаки, улар фақат индивидуал ҳаракатларни талаб қилмайди. Намойишлар турли одамлар ўртасида мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни талаб қилади. Бу борада (Россияда) аҳвол чатоқ».

Аммо 4 октябрь куни Навальний тарафдорлари Путинга ва урушга қаршилик кўрсатиш учун яширин мувофиқлаштирувчи марказ сифатида қайта фаоллашаётганликларини эълон қилишди.

Бундан ташқари, Гудковнинг таъкидлашича, «Левада» марказининг тадқиқотлари россияликлар онгли равишда давлат цензурасини четлаб ўтишга интилаётганини кўрсатади. Хусусан, улар Telegram каналлар каби Кремль томонидан назорат қилинмайдиган манбалардан маълумот олишмоқда. Гудковнинг айтишича, «альтернатив каналлардан» фойдаланадиган респондентлар улуши бир неча ой олдин 7—8 фоизни ташкил қилган бўлса, ҳозир 22 фоизга етган.

«Ажралиш албатта содир бўлади»

Оммавий халқ қўзғолонлари камдан-кам ҳолларда фақат маънавий норозилик туфайли содир бўлади. Собиқ совет мамлакатларидаги рангли инқилобларга асосан баҳсли сайловлар сабаб бўлган. Норозилик руҳи ҳукмрон элита ичидаги бўлинишлар туфайли кучайган.

Россия тарихида ҳам бундай ҳолатлар кузатилган. 1905, 1917, 1991 ва 1993 йиллардаги кенг кўламли халқ қўзғолонлари заифлашган ва бўлинган ҳукуматларга қарши самара берган.

Путин ҳукмронлиги даврида ҳам бундай ҳодиса кузатилган. 2004 йил охири, 2005 йил бошида Россия бўйлаб минглаб нафақахўр ҳукуматнинг ижтимоий субсидияларни ислоҳ қилиш режасига қарши намойишга чиққан эди. Намойишчиларни губернаторлар, Коммунистик партия ва бошқа кучлар яширин тарзда ёки очиқчасига дастаклади.

2011 йилги парламент сайловлари давомида содир этилган қонунбузарликлар ортидан Россия «рангли инқилоб» ёқасида қолди, аммо ҳукумат қўзғолонни бостириш учун зарур бўлган барча воситаларни тайёрлаб қўйган эди.

Мухолифатчи сиёсатчи Гудковнинг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб вазият ўзгарган.

«Путин таклифи билан Кремль саройига йиғилган амалдорлар ва депутатларнинг аянчли қиёфаларида ҳеч қандай хурсандчиликни кўрмадим», — деди Гудков Озодлик билан суҳбатда.

Гудковнинг айтишича, «элиталар ичида бўлиниш» ҳақида гапиришга ҳали эрта, лекин Путин тизими «силкинмоқда».

«Ажралиш албатта содир бўлади, чунки биз ҳозирда рақиб куч марказлари шаклланаётганини кўрмоқдамиз».

Бироқ, ҳозирча, «ҳамма нарса Путин атрофида айланмоқда», дея сўзини якунлади Гудков.

Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG