Россияда қамоқ муддатини ўтаётган марказий осиёликлар уларни судланганликни олиб ташлаш эвазига Украинага қарши урушга боришга мажбурлашаётганидан яна шикоят қилишмоқда. “Мигрант.Медиа” лойиҳаси журналистлари маҳкумлар ва уларнинг яқинлари билан гаплашди.
Суҳбатдошларга кўра, Россия қамоқхоналаридаги кўплаб мигрантлар наркотик моддалар билан боғлиқ моддалар бўйича судланиб, узоқ муддатларга қамалган: улар эртароқ озодликка чиқиш учун Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашмоқда.
Дилфуза – Ўзбекистон фуқароси, ўғли ҳам. Ўғли 25 ёшда, 2022 йилнинг майида ҳибсга олиниб, гиёҳванд моддалар савдосида айбланган ва ҳозир Россияда жазо муддатини ўтамоқда.
“Нега бундай қилдинг, мени ўйламадингми, деб сўрадим ўғлимдан. Менинг айбим йўқ, деб айтди. Уларни урушга олиб кетишаётганмиш, бош тортаётганларга руҳий босим қилишяпти, дейди. Маҳкумлар “ўз ихтиёри билан” урушга кетишга мажбур эмиш. Лекин биз болаларимизни Россиянинг уруши учун туғмаганмиз!” – дейди Дилфуза “Мигрант.Медиа” билан суҳбатда.
Она олисдаги ўғлининг аҳволидан узоқ вақт бехабар юришга тоқати етмаганини ва 2023 йил декабрдаўзи Россияга келганини айтади. Москвада у икки ишда ишлайди: кундузи йўлакларни супуради, кечалари эса қоровуллик қилади. Қамоқдаги ўғлига озиқ-овқат ва пул жўнатиб туриш имкони бўлиши учун бутун қийинчиликни бўйнига олган.
Аммо сўнгги ойларда Дилфуза ўғлидан кўп хавотир олмоқда: у фарзанди Украинага урушга кетишини истамайди. Аёлнинг айтишича, қамоқхона раҳбарияти маҳкумларни арзимаган қоидабузарликлар учун ҳам жазолайвериб шу қадар безор қилганки, улар аскарликка ёлланишни афзал кўришмоқда.
“Ўғлим дейдики, уларни урушга олиб кетишаётган эмиш, қаттиқ зуғум қилишаркан. Ҳатто бир дақиқа кечиксак ҳам жазолашади, дейди. Беихтиёр шиппакда ташқарига чиққан маҳкумни 15 сутка ертўлага қамаб қўйишаркан, – ҳикоясида давом этади Дилфуза. – Ўғлим 10 кундан бери ертўлада ўтирибди. Бунақа шароит жонларига теккан, кўпчилик урушга жўнаб кетяпти”.
Дилфуза эри 20 йил олдин вафот этгач икки бола билан ёлғиз қолиб, кўп азобларни бошидан кечиргани ҳақида сўзлаб берди. Ўзбекистонда у деҳқончилик қилган, сут-қатиқ сотган. Ўғли катта бўлиб университетга кирганида унинг ўқиши учун пул тўлашга қурби етмапти. Шундан сўнг йигитча ўқишдан умидини узиб, Россияга ишлагани кетибди ва шу балоларга йўлиқибди...
Отабек исмли бошқа бир маҳкумнинг айтишича, марказий осиёлик мигрантларнинг аксари Россияда наркотикларга дахлдор моддалар билан судланиб, қамоқ муддатини ўташмоқда. Кимдир осон пул топиш учун шу ишга кирган, бироқ кўпчилик ёлғон қурбони бўлаётир.
“Маҳкумлар билан гаплашганда қандай қилиб қамоққа тушиб қолишгани ҳақида сўрардим, – дейди Отабек. – Кўпчиликда бир хил сценарий: курьер бўлиб ишлаган, кимдир кимгадир у орқали жўнатма юбормоқчи бўлган, пакет ичига эса наркотик солган. Жўнатмани очиб кўриб бўлмайди, айтилган манзилга олиб бориб бериш керак, холос. Йўлда эса курьерни дарров ушлашади. Қарабсизки, битта “хавфли жиноятчи” тайёр-да”.
Россияда наркотижоратда иштирок этганлик учун 20 йилгача қамоқ берилади. Шунақа модда билан қамалганлар муддатни қисқартириш учун қўлларидан келган барча ишни қиладилар, уларни урушга аскар қилиб ёллаш қулай.
Отабек маҳкумларнинг яқинлари уларни қамоқ жазосини ўташи учун ўз ватанларига кўчириб келишга ҳаракат қиладилар, лекин деярли ҳеч ким бунга муваффақ бўла олмаган.
“Ота-оналар шу йўл билан болаларини ватанга қайтаришга уринадилар. Жуда кўп мурожаатлар бўлган, лекин ҳеч кимга аниқ жавоб берилмаган. “Шунақа режалар бор”, деб айтишадию бирон муҳлат кўрсатишмайди”, дейди Отабек.
Дилфуза ҳам ўғлини жазони ўташи учун Ўзбекистонга кўчиришни сўраб барча инстанцияларга мурожаатлар йўллаган, ҳатто мамлакат президентига ҳам хат ёзган. Бироқ Ўзбекистон ва Россия ўртасида маҳкумларни алмашишга доир битим йўқ. 2017 йилги маълумотга кўра, Россияда 6 минг нафардан зиёд ўзбекистонлик озодликдан маҳрум қилинган. Ўтган 7 йил мобайнида ушбу рақам анча катталашган бўлиши мумкин.
Форум