Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:13

"Суверенлик машқлари". Тошкент ва Остона Россияга қандай қаршилик кўрсатяпти?


Россия президенти Владимир Путин Қозондаги БРИКС саммитида. 24 октябрь, 2024
Россия президенти Владимир Путин Қозондаги БРИКС саммитида. 24 октябрь, 2024

Ўтган ҳафтада Россия ўз таъсир доираси деб биладиган минтақада икки муваффақиятсизликка учради: Ўзбекистон ва Қозоғистон Москва тарғиб қилаётган бирлашмаларга қўшилиш эҳтимолини рад қилди. Таҳлилчилар Кремль бундан ранжиганини кўрсата бошлаганини айтишмоқда.

Москва бир пайтлар садоқатига шубҳа қилмаган минтақада – Марказий Осиёда муваффақиятсизликка дуч келмоқда, боз устига, бу президент Владимир Путин Россиянинг дипломатик изоляцияда қолишига қаршилик қилишга уринаётган пайтда юз бераётир.

Бир неча кун ичида ва Путин учун алоҳида геосиёсий қийматга эга БРИКС ташкилотининг 16-саммити чоғида Қозоғистон билан Ўзбекистон Россия илгари сураётган геосиёсий альянсларга аъзо бўлиш эҳтимолини рад этди.

Хусусан, Остона БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза бермаслигини ва кузатувчи мақомини сақлаб қолажагини билдирган бўлса, Тошкент беш мамлакатдан иборат савдо блоки – Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)да айни мақомда қолишни маъқул топди.

Икки мамлакат ҳам Москвага яқин, бинобарин уларнинг қарорларини “исён” деб атаб бўлмайди.

“Ҳақиқий ўзаро дўстлик”. Путин Ўзбекистонда қолиб кетди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:17 0:00

Бироқ бу минтақа 2022 йилдан буён бир тарафдан – Россиянинг Украинага тўлақонли босқини билан боғлиқ иккиламчи санкцияларга учрамасликка, бошқа тарафдан эса Москванинг ғазабига йўлиқмасликка тиришиб жуда мураккаб аҳволда қолганини яққол кўрсатди.

Аммо, таҳлилчиларга кўра, Остона ва Тошкентнинг мустақил сиёсий қадамлари Кремлда катта норозилик уйғотган.

Тўрт мамлакат – Миср, Эфиопия, Эрон ва БАА 22 октябр куни Қозонда ўтган БРИКС саммитида ташкилотнинг янги аъзолари сифатида иштирок этди (Бирлашма шу пайтгача Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкани ўз ичига оларди, БРИКС қисқартмаси – уларнинг инглизча номлари бош ҳарфларидан ясалган).

Яна бир неча мамлакат ё аъзо бўлиш учун ариза берган, ё шунақа эҳтимолни кўриб чиқмоқда.

Карнеги халқаро тинчлик фонди катта илмий ходими Стюарт Патрик Озодлик радиосига берган интервьюсида: “Россия кенгаяётган ушбу ташкилот Ғарб ҳукмронлик қиладиган халқаро тартибга, хусусан, Қўшма Штатлар гегемонлигига қарши восита бўлишига умид қилмоқда”, дея фикр билдирди.

Аммо Қозоғистон воқеаларда иштирок этишдан кўра, воқеалар ривожини кузатишни маъқул кўрмоқда.

Қозоғистон президентнинг матбуот котиби Берик Уали 16 октябр куни TengriNews хусусий медиа-портали билан интервьюда Қозоғистон “яқин келажакда” БРИКСга аъзо бўлиш учун ариза бермаслигини айтди. Тоқаевнинг воизига кўра, мазкур қарор, жумладан, “ушбу бирлашма истиқболига дахлдор масалалар”дан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган.

Берик Уали, шунингдек, Қозоғистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотини “энг муҳим глобал муаммоларни ҳал этиш учун ягона майдон” деб ҳисоблашини урғулар экан, ташкилот ва унинг Хавфсизлик кенгаши “камчиликлардан холи эмас”лигини ва ислоҳга муҳтожлигини қистириб ўтди.

Қозоғистонни тобора нотинч геосиёсат уммонида мувозанат сақлашни яхши биладиган мамлакат санайдилар. Собиқ ташқи ишлар вазири ва БМТ бош котибининг собиқ муовини бўлмиш Тоқаев ростдан ҳам яхши дипломат.

Остона расман Россиянинг иттифоқчиси: у қароргоҳи Москвада жойлашган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзо, шунингдек ЕОИИ асосчиларидан биридир.

Аммо ўтган ойда Германия канцлери Олаф Шолц Марказий Осиёдаги беш мамлакат раҳбарлари билан музокара қилиш учун Остонага келганида Тоқаев у билан суҳбат чоғида Россияни “ҳарбий жиҳатдан енгилмас” деб атаб ва дунё лидерларини Хитой ва Бразилиянинг Украинадаги урушни тўхтатишга доир тинчлик режасини кўриб чиқишга чақириб кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Ҳолбуки Украинанинг ўзи ушбу режани қатъиян рад этиб келади.

Бироқ БРИКСга қўшилиш билан боғлиқ масала Қозоғистон учун “суверенлик машқи” бўлди, дейди Ҳарвард университетининг Марказий Осиё бўйича дастури директори Наргис Қасенова.

Унинг наздида, Қозоғистоннинг икки энг йирик ҳамкори – Россия ҳам, Хитой ҳам Остонани БРИКСга аъзо бўлишга қистаган.

“Бетараф давлат бўлмиш Қозоғистоннинг қўшилиши ташкилот обрўсини бир поғона оширган бўлур эди. Айни чоғда бу мамлакатни Ғарбдан узоқлаштириб, АҚШ гегемониясига қарши бўлган “кўпқутбли олам” тарафдорларига яқин қилиб қўйган бўларди”, дейди эксперт Озодликка берган изоҳида.

Мазкур қадам Ғарб билан яхши алоқада бўлишга интилаётган ва “ҳозирча Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Африка ёки Туркиячалик сиёсий вазн ва қудрат касб этмаган” мамлакат учун жуда қалтис бўлиши ҳам мумкин, қўшимча қилади Қасенова. (Туркия БРИКСга аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқмоқда – таҳр.).

Мирзиёевнинг Москвага сафари муҳожирлар умидини пучга чиқарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:45 0:00

Ўзбекистоннинг ЕОИИга қизиқиши сўндими?

Қасенова фикрича, Қозоғистон ўз қарори изоҳида БМТга ҳаволалар бериш орқали “дипломатик мувозанатини қонуний асосламоқда”.

Бироқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Москванинг Қозоғистон позициясига нисбатан 21 октябрдаги расмий жавобига қараганда, Остонанинг важларидан унчалик қониқмаган кўринади.

Лавровга кўра, Қозоғистоннинг БМТ билан ҳамкорлиги унинг бошқа ташкилотлар – КХШТ, ЕОИИ ёки Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлишига халал бермаган. Шунингдек, “Туркия ташаббуси билан алоқаларни мустаҳкамлаётган ва нуфузи ортаётган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га қўшилишига ҳам тўсиқ бўлмаган”, дейди Лавров.

“Мазкур ташкилот Марказий Осиёдаги иттифоқчиларимизга ва стратегик ҳамкорларимизга катта эътибор қаратмоқда”, давом этади Россия ТИВ раҳбари.

Лавров ТДТга тўхталгани сабаби тушуниксиз, лекин Москва одатда аламини ичига ютмайди.

ТДТ 2022 йилгача анчайин рамзий бир ташкилот эди. Аммо Украинага босқиндан бери у ростдан ҳам “кучайиб боряпти”. Россия етовидаги тузилмалар эса, аксинча, фойдасидан зарари кўп тузилмаларга айланмоқда.

Улар орасида энг зарарлиси ЕОИИ бўлса керак. Россия ва унинг содиқ иттифоқчиси Беларус санкциялар остида қолган, Иттифоқнинг бошқа аъзолари, масалан, Қозоғистон ҳудудига келган Ғарб товарларини кузатиш тизими жорий этилгани ЕОИИни қийин аҳволга солиб қўйди.

Ушбу савдо гуруҳига қўшилиш-қўшилмаслик масаласи бир пайтлар Украина олдида ҳам турганди. Украинанинг ўша пайтдаги президенти Виктор Янукович Евроиттифоқдан кўра Россия билан яқинлашишни маъқул кўрди. Бу “Евромайдон” инқилоби ва режимнинг қулашига олиб келди.

Украинанинг ЕОИИга аъзо бўлишни рад этиши иттифоқ салоҳиятини камайтирди.

Узоқ вақт Ўзбекистон ташкилотга олтинчи аъзо бўлиб кириши кутилди.

Бизнес алоқаларни ривожлантириш тарафдори бўлмиш президент Шавкат Мирзиёев дастлаб ЕОИИга хайрихоҳлик билан қаради. Ўзбекистоннинг аввалги президенти марҳум Ислом Каримов ташкилотни СССРни тиклашга уриниш деб биларди.

Бироқ Мирзиёев савдо тўсиқларини бутунлай бартараф этишга тайёрланиш учун Ўзбекистонга вақт керак, дея оёқ туриб олди. Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко мамлакатга келиб-кетганидан сўнг: “Ўзбекистоннинг ариза беришига оз қолди” деб баёнот берганида Тошкент ўнғайсиз аҳволга тушса-да, бирон изоҳ бергани йўқ.

OzodNazar: Мирзиёев-Путин, Тўқаев-Зеленский мулоқотлари; Мюнхенда муҳокамаси бошланган уруш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:38:53 0:00

Ниҳоят, мамлакат ҳукумати ушбу масалада салбий қарор қабул қилди, шекилли: куни кеча ўзбек парламенти спикерининг ўринбосари Акмал Саидов ЕОИИнинг 1000 дан зиёд ҳужжатлари ўрганиб чиқилганидан сўнг Тошкент ташкилотда кузатувчи мақомида қолган маъқул деган тўхтамга келганини маълум қилди.

“Қозоғистонга келсак, бу мамлакат ЕОИИга аъзо бўлишдан унчалик наф кўришмади”, деди тагдор қилиб Саидов.

Мазкур баёнот – Россия Қозоғистондан озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан помидор, қовун ва буғдой импорт қилинишини тақиқлаган кунга тўғри келгани қизиқ.

Росселхознадзор агентлиги буни Қозоғистон “фитосанитария хавфсизлигини таъминлай олмаётгани” билан изоҳлади. Чет эл ОАВлари эса ушбу чорани Қозоғистоннинг БРИКСга киришини рад этганига жавоб, демоқда.

Ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи ва Central Asia Due Diligence тадқиқот ширкати асосчиси Алишер Илҳомовга кўра, Ўзбекистон ЕОИИга қўшилмоқчи эмаслигини Россия билади ва мамлакат ушбу қарори ортидан Кремлнинг босимига дуч келмоқда.

Бу босим, хусусан, Москванинг яқинда Ўзбекистондаги мактаблардан бирида содир бўлган рус тилининг қўлланишига алоқадор воқеага аралашганида намоён бўлди, дейди таҳлилчи.

Эксперт Россия Думаси депутати Сергей Мироновнинг Ўзбекистон фуқаролари учун виза тартибини жорий этишга чақириғини ҳам шу билан боғлайди.

“Ўзбекистон иқтисодий жиҳатдан Россияга ҳануз тобе, лекин Украинадаги уруш ва санкциялар туфайли ЕОИИ жозибасиз бўлиб қолди”, дейди Илҳомов Озодлик билан суҳбатда.

“Илгари Россия ЕИ мамлакатларига энг яхши логистика йўналиши эди, аммо энди Тошкент муаммоларга йўлиқмоқда ва янги савдо йўлакларини изламоқда”, дея қўшимча қилади эксперт.

Форум

XS
SM
MD
LG