Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:25

Россия қурилишда мигрантлар ўрнига маҳкумларни ишлатмоқчи


Қурилиш ишларида мигрантларни маҳкумлар билан алмаштириш ғояси Россияда бир неча ойдирки қизғин муҳокама қилинмоқда. Қуйидаги мақолада ҳуқуқбонлар ва экспертлар ушбу ғоя давлат бюджетига қанчага тушиши, маҳкумлар учун қандай муаммолар туғдириши ва иккала тоифанинг ҳаётини нақадар ўзгартириши мумкинлиги ҳақида фикр юритадилар.

“Бу ГУЛАГ бўлмайди”: ФЖИЭХ ва Адлия вазирлиги таклифи

Одатда меҳнат мигрантлари жалб қилинадиган соҳаларда маҳкумлардан кенг фойдаланишни 2021 йил майда Федерал жазони ижро этиш хизматининг (ФЖИЭХ) ўша пайтдаги директори Александр Калашников таклиф қилган эди.

“Бугунги кунда ахлоқ тузатиш муассасаларида 482 минг киши сақланмоқда, улардан 188 минг нафари жазо муддатини мажбурий меҳнат шаклида ўташ ҳуқуқига эга. Биз ишчи кучи етишмаётган ҳудудларда маҳкумлар меҳнатини ташкил қилишга тайёрмиз. Бу ГУЛАГ бўлмайди, маҳкумлар муносиб шарт-шароитда яшайди: улар ётоқхонада ёки ижара квартирада ва, хоҳласа, оиласи билан яшаб, яхши ойлик олиши мумкин бўлади”, деганди Калашников.

РФ президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши раҳбари Валерий Фадеев, омбудсмен Татьяна Москалькова ҳамда адлия вазири Константин Чуйченко ФЖИЭХ директори таклифини қўллаб-қувватлаган эдилар.

Орада Калашников, қамоқхоналарда олинган кўплаб қийноқ видеолари эълон қилиниши ортидан истеъфога чиқарилган бўлса-да, унинг ғояси яшамоқда.

2022 йил 31 январда адлия вазири Чуйченко президент Путин билан учрашувда ФЖИЭХ ахлоқ тузатиш марказлари тизимини кенгайтириш ва колониядан мажбурий ишга олиб чиқиладиган маҳкумлар сонини кўпайтириш масаласини муҳокама қилди ва якунда ғояни амалга ошириш учун унинг “оқ фотиҳа”сини олди.

Мажбурий ишлар нима ва у маҳкумларга қандай енгиллик беради?

Қийноқларга қарши қўмита (ҚҚҚ) раиси Сергей Бабинец тушунтиришича, мажбурий ишлар жазо тури бўлиб, унча оғир бўлмаган ва ўртача оғир жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш жазоси муқобили сифатида қўлланади.

Мажбурий ишларга ҳукм қилинган шахслар жазони махсус муассасалар – ахлоқ тузатиш марказларида ўтайди. Улар маъмурият рухсатисиз марказ ҳудудини тарк эта олишмайди ва марказ билан тузилган шартномаларда кўрсатилган ишларни бажаришади. Иш жойини муассаса ва жазони ижро этиш органлари белгилаб беради. Аксар ҳолларда улар чиқинди йиғиш, қор кураш каби жисмоний ишлар бўлади. Мажбурий ишларга ҳукм қилинганлар ойлик маошининг 5–20 фоизи давлат даромадига ўтказилади.

РФ Жиноят кодексининг 175-моддасига мувофиқ, жазо муддатининг ўталмаган қисмини нисбатан енгилроқ жазо, масалан, мажбурий ишлар билан алмаштириш мумкин бўлган маҳкумлар судга ариза бериб, жазони енгилроғига ўзгартиришни илтимос қилиш ҳуқуқига эга.

Бироқ Бабинец қурилиш ишларида маҳкумларни мажбуран ишлатиш ғоясининг амалда яхши самара беришига ишонмаслигини айтади.

“Мигрантлар камроқ иш ҳақига кўниб кетавериши сабабли қурилишларда уларга талаб юқори, аммо барибир уларнинг меҳнати анчагина малакали меҳнат. Деворни қийшиқ соладиган ишчини ҳеч ким ушлаб турмайди. Боз устига, бозорда яхши ишчилар кўп. Бу соҳада рақобат етарлича кучли. Хўш, маҳкумлар мигрантлар ўрнини боса оладиган даражада малакалими? Қайдам. Албатта, маҳкумлар орасида усталар топилади, лекин уларнинг жон койитиб ишлашига кафолат йўқ. Айтадилар-ку, аскар ухласа ҳам хизмат ўтаверади, деб”, дейди у.

“Русь сидяшчая” инсон ҳуқуқлари фонди раҳбари Ольга Романова эса, аксинча, мигрантларни маҳкумлар билан алмаштириш ғоясини “сўзсиз амалга оширса бўлади”, деб ҳисоблайди.

Аммо, унинг фикрича, мажбурий ишларга жалб этилган маҳкумларнинг ҳаёти оддий колониялардаги маҳкумларникидан айтарли фарқ қилмайди: “Одам худди “зона”дагидек қариндошлари билан кўришиб туради, фақат кўпроқ кўришади. Қоғозда у бемалол поликлиника ёки дўконларга бориши мумкин, дейилган бўлса-да, амалда бунақа эркинлик йўқ. Бунга эришиш учун узоқ судлашиш керак. Кўплаб ахлоқ тузатиш колонияларида бизга амалда бемалол муассаса ташқарисига чиқиб бўлмаслигини айтишади”, дейди Романова.

Мигрантлар етишмаслиги ростми?

ФЖИЭХ ва Адлия вазирлиги маҳкумларни қурилиш ишларига жўнатиш ғоясини, жумладан, мигрантлар етишмаётганлиги билан асослаган эди. Россия ҳукумати коронавирус пандемияси бошланганидан бери муҳожирлар ўрнига маҳаллий ишчиларни ёллаш зарурати ҳақида гапириб келмоқда.

Қурувчилар миллий ассоциацияси президенти Антон Глушков Россиядаги қурилишларда банд бўлган 1,5 млн нафар мигрант коронавирус тарқалиши ортидан чегаралар ёпилганлиги туфайли ишлашга кела олмаган. Қурилиш соҳасида жами 7,5 млн киши ишлаган. Ишчи кучи 20 фоизга камайганлиги сабабли барча иш берувчилар кадрлар танқислигини бошидан кечирмоқда.

Россия ФА Социология институтининг миллатлараро муносабатлар тадқиқот маркази раҳбари Владимир Мукомель бу маълумотга қўшилмайди. Унинг айтишича, 7,5 млн – бу мигрантларнинг умумий сонидир, қурилишдаги мигрантлар салмоғи эмас.

“Аёллар, болалар ва қарияларни айириб ташласак, ростдан ҳам ишлаётган хорижликлар сони тахминан 5,5–6,5 млн бўлади. Улардан чорак қисми қурилишларда ишлаётган бўлса ҳам бу яхши натижа. Пандемия даврида сўров ўтказганмиз, қурилишдаги мигрантлар ҳаммаси кетиб қолмаганини биламиз. Пандемиянинг биринчи тўлқини чоғида (2020 йил баҳорда) қурувчи мигрантлар энг кам зарар кўришди, чунки қурилишлар деярли камайгани йўқ. Одам етишмаслиги сабабли қурилиш ширкатлари иш ҳақларини оширди, шундай экан, барча мигрантлар қурилишдан кетди деб бўлмайди”, дейди социолог.

Ундаги маълумотга кўра, сўнгги икки йил мобайнида умумий ишчи кучи етишмовчилиги бўлган, бироқ сўнгги пайтларда бу бўшлиқ секин-аста тўлиб, пандемиядан олдинги даражага яқинлашмоқда.

“Марказий Осиёда Россияга ишлашга талабгорлар бисёр. Уларга ҳануз амал қилаётган чекловлар халал бермоқда. Бир йил аввал Марказий Осиё мамлакатларидан бирида авиачипталар нархи осмонга чиқиб кетган эди, ҳозирда нархлар қарийб тўрт бараварга пасайган, лекин барибир Россияга учиш ва қайтиш баҳоси ўртасида 2,5 бараварлик тафовут бор. Бу у ерда авиачипталарга талаб ҳануз юқорилигини билдиради”, қўшимча қилади Мукомель.

Парвоз чекловлари Россия бизнесига ҳам ёқмаяпти. Учинчи февраль куни Путин билан учрашувда “Новосталь-М” холдинги бош директори Иван Демченко пандемия шароитида хорижлик мутахассисларнинг ишга келиши муаммо бўлаётгани ҳақида гапириб, президентдан ёрдам сўради.

“Тушунаман, лекин ҳозирча эпидемиологлар тавсиялари доирасида ҳаракат қилишга мажбурмиз. Хотиржам бўлинг, биз хориждан келадиган ишчи кучидан фойдаланишни либераллаштириш йўлига ўтамиз, ўтишни бошлаганмиз”, деб жавоб берди Путин.

“Мигрантлар ва маҳкумлар рақобатлашиш у ёқда турсин, кесишмайдилар ҳам”

Социолог Владимир Мукомель ФЖИЭХ ва Адлия вазирлигининг ғоясини “мутлақо номақбул” деб атаркан, маҳкумлар ҳеч қачон мигрантлар ўрнини боса олмаслигининг беш сабабини санайди.

Биринчи сабаб – географик. “Улар қайси ҳудудларда мигрантларни маҳкумлар билан алмаштиришмоқчи? Бизда мигрантлар қаерларда ишлайди? Яхши пул топиш мумкин бўлган жойларда: булар – Марказий Россия, Москва, Санкт-Петербург, Урал ҳамда Волгабўйининг йирик саноат марказлари. Маҳкумлар ўтирган қамоқхоналар қаерларда? Менимча, аксарияти мигрантлар бўлмаган ҳудудларда жойлашган”, изоҳ беради Мукомель.

Эксперт иккинчи муаммо қурилиш соҳасини мигрантларнинг асосий иш жойи деб ҳисоблашда эканини айтади: “Бу бўлмағур гап. Мигрантлар қайси соҳаларда ишлаяпти? Савдо, қурилиш (унда мигрантлар салмоғи камайиб боряпти), коммунал соҳа, хизмат кўрсатиш ва овқатланиш, уй хўжалиги (энагалар, беморлар ва қарияларга қаровчилар). Мен, масалан, касал боқишга ёки сотувчиликка маҳкумларни ёллашга рози бўладиган одамлар кўп деб ўйламайман”.

Учинчидан, Мукомель маҳкумлар меҳнатининг самарадорлиги пастлигини айтаркан, бугунги кунда қурилишлар ягона марказданбошқарилмаслигини эслатади: “Маҳкумлардан фойдаланиш мумкин бўлган ягона соҳа – бу қурилиш. Аммо бунинг учун улкан қурилишлар керак. Бизда юз минглаб қурилиш бизнеси субъектлари мавжуд. Йирик қурилиш ширкатлари ўнлаб пудратчи бригадалар билан ишлайди. Яъни, бу соҳа марказлашмаган. Адлия вазирлигининг гап даромадига кўра, гўё минглаб маҳкумлар йирик халқ хўжалиги объектлари қурилишида ишлатилармиш. Ахир бунақа гигант қурилишлар йўқ-ку?”

Тўртинчидан, экспертнинг фикрича, маҳкумлар ишчи сифатида иш берувчиларга керак эмас. “Маҳкумларнинг малакаси уларни банд қилиш мўлжалланаётган иш ўринлари талабларига қай даражада мос? Иш берувчиларнинг манфаатдорлиги қанақа? Маҳкумларни ким ишга олади? Ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорлик-чи? Булар бари турган-битгани бошоғриқ-ку? Мен улар мигрантлар меҳнати ўрнини боса олишига умуман ишонмайман, ҳукуматнинг бу ташаббуси меҳнат бозорига зиғирча таъсир этмайди. Мигрантлар билан маҳкумлар ўзаро рақобатлашиши тугул, уларнинг йўллари кесишмайди ҳам”, дейди социолог.

“Бешинчидан, маҳкумларнинг аксариятини эркаклар ташкил қилади. Ҳа, қурилишда эркаклар ишлайди, лекин мигрант аёллар машғул соҳалар ҳам бор-ку, маҳкумлар уларнинг ўрнини қандай боса олади?” дея фикрини якунлайди Мукомель.

“Ётоқхоналар қуриш, одамларга қоровуллик қилиш керак”

“Қийноқларга қарши қўмита” раҳбари Сергей Бабинец Адлия вазирлиги лойиҳасини амалга оширишга катта сарф-харажатлар халал беришини айтади. Аммо вазир Чуйченко Путин билан учрашувда маҳкумларни мажбурий ишларда ишлатиш умумий тартибдаги колонияларда сақлашдан кўра арзонроққа тушади, яъни улар ўз харажатларини ўзлари қоплашади, деб ишонтирган эди.

Ольга Романова эса катта харажатлар кучишлатар идораларни тўхтатиб қола олмайди, деган фикрда. “Ётоқхоналар қуриш, одамларни қоровуллаш керак. Қолаверса, колония ходимларини ҳам кўчириб келиш керак бўлади. Катта маблағ зарур, аммо Россияда бунақа лойиҳаларга пул ҳамиша топилади”, дейди “Русь сидяшчая” раҳбари.

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари нима бўлади?

Ольга Романова Адлия вазирлиги 2024 йилгача маҳкумлар учун 100 мингта ишчи ўрни ташкил қилмоқчи эканига тўхталиб, энди судлар айбланувчиларни мажбурий ишларга кўпроқ ҳукм қилишини айтади.

“Қийноқларга қарши қўмита” раҳбари Сергей Бабинец эса “маҳкумлар бепоён Россиянинг овлоқ гўшаларига ишга жўнатилган тақдирда уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш жиддий муаммога айланиши”ни башорат қилади.

“Ҳатто колонияларда ҳам, доимий назорат қилинишига, адвокатлар ва мустақил ташкилотлар тез-тез хабар олишига қарамай, маҳкумларнинг ҳуқуқлари сурункали бузиб келинмоқда. Тамаддундан чеккадаги олис-овлоқ жойларда уларнинг ҳоли не кечади?” дейди ҳуқуқбон.

“ГУЛАГ ғояси маҳкумларни қулга айлантириш эди. Бу ўта зарарли ғоя. Агарда ҳукуматнинг ушбу ташаббуси “маҳкумлар меҳнати сувтекин, улар ҳеч кимга арз қила олмайди”, деган тушунча устига қурилган бўлса, – бу жуда ёмон”, дея хулоса қилади Сергей Бабинец.

XS
SM
MD
LG