Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:57

Таҳлил: Нега санкцияларга қарамай Россияда ишсизлик даражаси пастлигича қолмоқда?


Москвадаги ВТБ Банк шўъбаси. 28 февраль, 2022.
Москвадаги ВТБ Банк шўъбаси. 28 февраль, 2022.

Россия Украинага бостириб кириши ортидан Ғарб давлатлари мамлакатга қарши кенг кўламли молиявий ва технологик санкцияларни киритди. Шу билан бирга, минглаб Россия фуқароларини иш ўринлари билан таъминлаган бир қанча Ғарб ширкатлари мамлакатни ёппасига тарк этди. Аммо Россияда ишсизлик даражаси ҳайратланарли даражада паст бўлиб қолмоқда.

Жорий йилнинг май ойида Россияда ишсизлик даражаси 3,9 фоизга тушди ва июнь ойида ҳам худди шундай даражада сақланиб қолди. Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан бери мамлакатдан бундай кўрсаткич кузатилмаган эди. Солиштириш учун, айни дамда АҚШда ишсизлик даражаси 3,6 фоизни ташкил қилади.

Президент Владимир Путин ҳукумати сайлов натижалари ҳамда COVID юқтирганлар сони каби кўрсаткичларини сохталаштиргани ҳамда Украинадаги урушдаги йўқотишларини яшираётганини кўрсатувчи далиллар бисёр экани ҳисобга олинса, Россия ишсизлик даражаси бўйича ҳам ёлғон маълумот бераётганини тахмин қилиш мумкин.

Айрим мутахассислар ишсизлик бўйича расмий статистикага юз фоиз ишонмаса-да, кўпчилик паст ишсизлик даражасининг асосий сабаби ёлғон статистика билан боғлиқ эмас, деган фикрда.

Уларнинг таъкидлашича, бу ҳолат демографик пасайиш тенденциялари, ишчиларни ҳайдаш ўрнига иш вақти ва иш ҳақи кенг кўламда қисқартирилаётгани ҳамда Россия ҳукуматининг иқтисодий қийинчиликларни бартараф этишдаги тажрибаси билан боғлиқдир.

Шунингдек, февраль ойидан бери меҳнатга лаёқатли шахсларнинг Россиядан оммавий чиқиб кетаётгани, мамлакатда марказий осиёлик муҳожирлар сонининг кўплиги ҳамда уруш эҳтиёжлари – барча-барчаси ишсизлик даражаси паст бўлишига ҳисса қўшмоқда. Ғарб мамлакатларининг консерватив ҳисобларига кўра, Россия урушда бугунга қадар 15 мингдан ошиқ одамни йўқотди.

Кузда қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва туризм соҳаларидаги мавсумий ишлар тугаб, санкциялар билан боғлиқ иқтисодий инқироз чуқурлашиши ортидан ишсизлик кўрсаткичи бир оз кўтарилиши кутилмоқда.

Аммо Россияда йил якунигача ишсизлик даражаси кўплаб Европа мамлакатларидагидан пастроқ бўлиши, келгуси йилда эса мамлакатда бу кўрсаткич барқарор бўлиб қолишлари кутилмоқда.

Macro-Advisory консалтинг гуруҳи асосчиси Крис Уифер Озодлик билан суҳбатда:

«Гап шундаки, Кремль, иш берувчилар ва одамлар иқтисодий инқирозга кўникиб қолган», – деди.

Ресурсларга бой Россия Путиннинг 2000 йилдан 2008 йилгача давом этган илк икки президентлик муддати давомида нефть ва газнинг жаҳон бозорларидаги нархлари ошгани туфайли катта иқтисодий ўсишни бошдан кечирди.

Ўшандан бери мамлакат тўртта иқтисодий турбулентлик даврига йўлиқди: 2008–2009 йиллардаги глобал молиявий инқироз; 2014 йилда Россиянинг Украинага қарши агрессияси туфайли Ғарб санкцияларининг биринчи босқичи, шунингдек, энергия нархларининг кескин пасайиши; 2020 йилда бошланган COVID пандемияси; ниҳоят, Украинага босқин.

Ҳар бир бундай зарба ортидан ҳукумат кўрилаётган чораларнинг потенциал сиёсий оқибатлари, шу жумладан, ишсизлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда тажриба орттирди. Уифернинг сўзларига кўра, ҳокимият ижтимоий барқарорликни сақлаш учун иш жойларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратмоқда, айниқса, оз сонли корхоналар ҳукмронлик қиладиган чекка шаҳарларда.

Санкциялар зарбаси

Ғарб давлатлари Украинага босқин ортидан Россияни молиявий ва технология бозорларидан узиб қўйди. Натижада ишлаб чиқаришда импортга таянадиган баъзи ширкатлар фалажланиб қолди.

Юз минглаб одам, шу жумладан, таъминот компаниялари ходимларини иш билан таъминлайдиган автомобиль саноати эҳтиёт қисмлар экспортига киритилган тақиқлар туфайли май ойида деярли бутунлай тўхтаб қолди – Россияда автомобиль ишлаб чиқариш кўлами 90 фоизга қисқарди.

15 август куни Меҳнат вазири Антон Котяков «Российская газета» ҳукумат газетасига берган интервьюсида ҳукумат зудлик билан компанияларга янги эҳтиёт қисмларни топишга ёрдам бера бошлаганини айтди. Хусусан, қарзларни қайта тузиш, бюджет тўловларини ажратиш ва соҳаларни қўллаб-қувватлаш дастурларини киритиш орқали бу ширкатларга ёрдам кўрсатила бошланган.

Котяковнинг сўзларига кўра, ҳукумат заиф одамларни ёллаш учун компанияларга субсидиялар ажратмоқда, ишчиларни мушкул аҳволга тушиб қолган ширкатлардан соғлом ширкатларга кўчиришга ёрдам бермоқда, ўқув дастурлари сонини оширмоқда. Мамлакатда федерал ва минтақавий даражадаги ишчи гуруҳлар ҳар ҳафта учрашиб, ишсизлик билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилмоқда.

Айни пайтда, давлат хорижий ширкатлар мамлакатни тарк этиши билан боғлиқ иш ўринларидаги йўқотишлар минимал даражада бўлишини таъминлаш учун чора кўрмоқда. Ҳукумат бундай ширкатлар ходимларни ишдан бўшатишини мушкуллаштириш учун тўсиқлар яратди. Кўплаб ширкат россиялик ишчилари аҳволидан хавотир изҳор қилиб, ўз фаолиятини тугатган бўлишга қарамай, ишчиларга маош тўлашда давом этмоқда.


Россияда 62 минг одамни иш билан таъминлаган McDonaldʼs тармоғи ўз бизнесини сибирлик тадбиркорга сотди. Бизнеснинг янги эгаси ишчиларга камида икки йил давомида олдингидек маош тўлаши шарт.

«Центр стратегических разработок» таҳлил маркази июнь ойида эълон қилган ҳисоботда ёзилишича, 350 минг киши, яъни барча ишчиларнинг тахминан 0,5 фоизи Россияда фаолиятини тўхтатган ёки қисқартирган хорижий фирмаларда ишлаётган бўлган.

«Хорижий бизнесларга Россия иқтисодиётидаги иш ўринларининг 2–3 фоизи тўғри келади ва улар аслида миллий миқёсда муҳим иш берувчи эмас», дейилади ҳисоботда.

Июль ойида Россия марказий банки томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, иқтисодчилар йил якунида Россияда ишсизлик даражаси 5,6 фоизни ташкил этишини кутмоқда. Бу эса аввалги ҳисоблардан 6,5 фоизга оздир.

Иқтисодиёт вазири Максим Решетников жорий йил охирида ишсизлик ўсиши ҳақидаги тахминлар ҳақида ваҳима қилмаслик ҳақида отлантирди ва «вазиятни назорат қилиш мумкин» эканлигини айтди.

Россия Иқтисодиёт вазирлиги энергия экспортидан тушган даромад жорий йилда 100 миллиард долларга ошишини башорат қилмоқда. Бу эса ҳукумат санкцияларга қарши курашишида қўл келади.

Демографик пасайиш


Ишсизлик даражасининг пастлиги ҳукумат учун яхши бўлса-да, бу кўрсаткичлар замирида Россия учун ёмон хабар яширинган – ҳукуматнинг одамларни иш билан таъминлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатлари мамлакатдаги салбий демографик тенденция билан боғлиқдир. Уруш бу тенденцияни янада кескинлаштирмоқда.

Россияда қарийб 75 миллион киши меҳнатга лаёқатли бўлиб, улардан тахминан 3 миллионга яқини ҳозирда ишсиз. Аммо мутахассисларнинг сўзларига кўра, мамлакатда ишчи кучи йилига 500 мингдан 1 миллионгача камайиб бормоқда, чунки нафақага чиқаётганлар сони меҳнат бозорига кираётганлар сонидан кўп.

Бу ҳодиса асосан 1990-йиллар ва 2000-йилларнинг бошларида туғилишлар сони кескин камайгани билан боғлиқ бўлиб, бунга қисман Совет Иттифоқи парчаланиши ортидан юзага келган иқтисодий қийинчиликлар сабаб бўлган. Оддий қилиб айтганда, одам озайса, ишсизлар сони ҳам камроқ бўлади.

Бундан ташқари, сиёсий эркинликларга бўлган босим кучайиши ва умидсизлик туфайли Россияни тарк этаётган меҳнатга лаёқатли одамлар сони ошиб бормоқда.

Украинага босқиндан кейин Россиядан эмиграция янада тезлашди.

Россия Электрон алоқа бирлашмаси март ойи охирида босқиндан кейинги бир ой ичида 70 мингга яқин IT ходими мамлакатни тарк этганини тахмин қилди. Бирлашма 100 минг киши уларга эргашиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Малакали ишчилар оқимини тўхтатиш учун Путин қатор фармон имзолади. Хусусан, президент IT компаниялар учун уч йиллик солиқ таътиллари ва субсидиялар жорий қилди. Шунингдек, президент IT ходимлари учун субсидияланган ипотека кредитларини тасдиқлади ва чақирув ёшидаги барча IT мутахассисларини ҳарбий хизматидан озод қилди.

Россия меҳнат бозорида расмий ишсизлик сакрашига тўсқинлик қилаётган яна бир сабаб марказий осиёлик муҳожирлардир. Улар Россия меҳнат бозори учун ўзига хос босим клапани бўлиб хизмат қиладилар – иқтисодий қийинчиликлар бошланганда биринчилардан бўлиб айнан муҳожирлар ишсиз қолади.

«Муҳожирлар ишсизлик дафтарига кирмайди. Улар уйларига кетишади», – деди Уифер.

Уифернинг сўзларига кўра, Россияда 10 миллионга яқин меҳнат муҳожир бор. Яъни, Россиядаги деярли ҳар саккиз нафар ишчининг биттаси меҳнат муҳожиридир.

Муҳожирларнинг кўпчилиги қурилиш, транспорт ва чакана савдо соҳаларида ишлайди. Бу соҳалар эса иқтисодиёт қисқарганда биринчилардан бўлиб қийинчиликларга дучор бўлади.

Россиянинг Украинага босқини туфайли ўн минглаб одам, асосан эркаклар, меҳнат бозорини тарк этмоқда. Хусусан, Шимолий Кавказ каби ишсизлик одатда юқори бўлиб келган минтақаларда.

Oxford Economics таҳлилчиси Татьяна Орлованинг сўзларига кўра, Россия иқтисодиётида ишсизлик даражаси нотекис тақсимланган – шаҳарда иш бозорлари яхши ривожланган, аммо Шимолий Кавказ каби минтақаларда вазият мушкул.

Россия иқтисодиётининг яна бир ўзгачалиги шундаки, мамлакатда давлатга тегишли ёки давлатга яқин йирик ширкатлар кўп. Бундай ширкатлар айрим ҳолатларда бутун бошли шаҳарни иш билан таъминлайди ва натижада ишсизлик даражасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади.

Россияликларнинг қарийб 40 фоизи давлатга тегишли ёки эгалари ҳукумат билан яқин алоқада бўлган хусусий ширкатларда ишлайди. Бу ширкатларнинг барчаси мушкул пайтларда ходимлар сонини қисқартиришга ошиқмайди. Ягона ширкат деярли бутун шаҳар аҳлини иш билан таъминлайдиган «моношаҳарлар»да ҳам вазият шундай.

«Йирик завод асосий иш берувчи бўлган моношаҳарларда завод эгалари ишчиларни ишдан бўшатишдан олдин яхшилаб ўйлаб кўришади. Улар иш вақтини қисқартириши ёки иш ҳақини қисқартириши мумкин, аммо ишдан бўшатишларга ҳукумат ёмон назар билан қарайди», – деди Орлова.

Россия дефолт ёқасида: Муҳожир аҳволи нима кечади?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:54 0:00


Уифер инқироз ортда қолганидан кейин иш берувчилар аввалги маошларини тиклаши ва йўқотилган иш ҳақини қоплаши кераклигини айтди.

«Ҳамма бу тизимга рози», – деди у.

Бироқ, хусусий ширкатлар ишчилар сонини қисқартиришдан қочишига фақат ҳукумат босими сабабчи эмас – малакали ишчиларнинг етишмаслиги яна бир муҳим омил ҳисобланади.

Уифернинг сўзларига кўра, агар ширкат малакали ишчиларни мушкул пайтларда ҳайдаса, иқтисод оёққа турганидан кейин уларни қайта жалб қилолмаслиги мумкин.

«Россияда ишсизлик муаммоси йўқ, унда ишчилар етишмаслиги, малака етишмаслиги муаммоси бор», – дея қўшимча қилди у.

Форум

XS
SM
MD
LG