Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:46

Левада-центр: Россияда СССРни соғинганлар кўпайди


Россия президенти Владимир Путин Совет Иттифоқининг қулашини ўтган асрнинг “энг улкан геосиёсий ҳалокати” деб атаган эди.
Россия президенти Владимир Путин Совет Иттифоқининг қулашини ўтган асрнинг “энг улкан геосиёсий ҳалокати” деб атаган эди.

Совет Иттифоқи тарқаганидан афсусланаётган россияликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. “Левада-центр” ижтимоий сўров маркази сўнгги тадқиқотларига кўра, улар сони 66 фоизга етди ва бу охирги 10 йилда энг катта кўрсаткичдир.

Айни дамда, мутахассислар ўзбекистонликлар орасида ҳам Совет Иттифоқини қўмсовчилар сони кўплигига эътибор қаратмоқда.

Россияликлар СССРни қўмсамоқда

“Левада-центр” эълон қилган сўров натижаларига кўра, 2017 йилда Шўролар Иттифоқининг йўқ бўлиб кетганидан афсусланаётган Россия гражданлари сони ўртача 58 фоизни кўрсатган эди.

Советпарастлар сонининг максимал кўрсаткичи 2000 йилда қайдга олинган бўлиб, ўшанда улар жами сўровда иштирок этганларнинг 75 фоизини ташкил этган эди.

“Левада-центр” социологлари СССР парчаланишидан пушаймонда бўлган россияликларнинг аксар қисмини 55 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этганини маълум қилди. Аммо тадқиқот натижаларидан “темир панжара” қулашидан афсусланаётганлар орасида 18-24 ёшдагилар сони кескин кўпайиб бораётганини англаш мумкин.

1991 йилда парчаланган Совет Иттифоқини қўмсаётганлар бунга “ягона иқтисодий тизимнинг бузилиши”ни (52%) ва “буюк ягона давлат ҳисидан маҳрум этилгани”ни (36%) сабаб қилиб кўрсатди.

Россияликларнинг СССР парчаланишига муносабати.
Россияликларнинг СССР парчаланишига муносабати.

Шу билан бирга сўровда иштирок этган респондентларнинг ҳар учинчиси (31%) Россияда ўзаро ишончсизлик ва шафқатсизлик ҳисси ошиб бораётганидан хавотир билдирган.

"СССРда одамлар яхши эди!"

Москвалик сиёсатшунос ва журналист Рустам Жалил россияликларнинг СССРни “қўмсаш” ҳиссининг йил сайин ошиб бораётгани сабабларини санаб ўтишга уриниб кўрди.

- Совет Иттифоқига бўлган “ностальгия” айниқса Россия провинциясида ҳеч қачон сусаймаган ҳам эди, аслида. 50 ёшдан ошган ҳар бир одам у даврни ўз ёшлиги даври билан боғликликда ёдга олади. Қайси одам ўз ёшлигини қў​мсамайди, уни “ажойиб давр” сифатида эсламайди дейсиз?! Бошқа томондан Горбачёв даври СССРи ҳақиқатан ҳозирги Путин Россиясига нисбатан анча эркинроқ эди.

Охирги йилларда Россияда вужудга келган иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий инқирозни ҳам ҳисобга олсак,давлатни муқаддас деб билгувчи, “буюк давлатчиликни” ўзининг иқтисодий муаммоларидан устун қўювчи руслар орасида ҳозирги ҳокимиятга бўлган ишонч сўниб боришига олиб келмоқда. Россияликлар ўзларини алдангандек ҳис қилаяпти! Бундай кайфиятнинг оммалашишига оммавий ахборот воситаларидаги пропаганданинг роли ҳам катта эмас, деб ҳисоблайман – бу жамиятдаги вужудга келган ҳодиса, деди Рустам Жалил.

Сиёсатшунос катта ёшдаги россияликларнинг СССРга бўлган “ҳурмат-эҳтироми” уларнинг авлодларига ҳам ўтиб бормоқда ва бундай кайфият собиқ Иттифоқ республикаларида ҳам кучлилигича қолмоқда, дейди:

- Катталардан буларнинг ҳаммаси эртак тарзида кичик ёшдагиларга сингдирилмоқда. Айниқса, “ишчи” минтақаларда! Қримнинг қўшиб олинишига ишонган ва “буюк империяни” тиклаш истагида бўлганлар умидлари сўнгги йилларда чиппакка чиқди. Бундай кайфият фақат Россиядагина эмас. Мен биладиган Марказий Осиё республикаларидаги катта ёшдагилар ҳам “Советлар даврида яхши эди” деб кўп маротаба болаларига айтаяпти, бу эса кўплаб ёшлар онгига сингиб бормоқда, деди сиёсий шарҳловчи Рустам Жалил.

Москвада муҳожирликда юрган Абдулло СССР йўқ бўлган йили туғилган. Сиёсатшунос сўзларини тасдиқлар экан, 28 яшар Абдулло Иттифоқ парчаланиши марказий осиёликларга фақат салбий таъсир ўтказганини Озодликка гапиради.

- СССРда поездда нарсалар келарди, тўкин-сочин эди, барака бор эди. Одамлар борига шукур қилиб яшарди. Инсонлар қорни тўқ бўлса ҳам чиқиб девоначилик қиляпти ҳозир! Раҳматли отамдан, акаларимдан эшитганман. Оз бўлса ҳам СССР парчаларида яшадим, нонини едим. Одамлар яхши, содда эди. Ҳозирги одамлар нима ўй-фикрда юришибди – қорнини ўйлаб қолган... СССРда одамлар яхши эди, шуниси менга афзал. Ҳозир биз бечора-камбағаллар фикрини биров эшитмайди. Совет давридек ҳаммада умумий фикр бўлса яхши бўлади, тартиб бўлади. СССР бузилганида одамлар бузилиб бўлди, деди Абдулло.

2005 йилда Россия президенти Владимир Путин Совет Иттифоқининг қулашини ўтган асрнинг “энг улкан геосиёсий ҳалокати” деб атаган эди.

1991 йилнинг 25 декабрида Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи – СССР президенти Михаил Горбачëв ўз истеъфосини эълон қилган ва шу билан СССР парчаланиши расман ниҳоясига етган эди.

XS
SM
MD
LG