Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:33

ФСБ ўзбек муҳожирларини Telegram орқали Суриядаги урушга ёлланганликда айбламоқда (ВИДЕО)


Ўзбек муҳожирлари террорчилик ташкилотига аъзо бўлишга уринганликда гумонланмоқда
Ўзбек муҳожирлари террорчилик ташкилотига аъзо бўлишга уринганликда гумонланмоқда

Санкт-Петербургда террорчиликда айбланиб яна бир гуруҳ меҳнат муҳожири қўлга олинди. ФСБчиларга кўра, мигрантлар Россияда таъқибга учраган Telegram мессенжери орқали Яқин Шарқдаги террорчилик лагерларидан бирига ёлланмоқчи бўлган. Тармоқда уларни ҳибсга олиш видеоси ҳам пайдо бўлди.

Петербургда яна бир гуруҳ муҳожир террорчиликда айбланмоқда

2018 йилнинг 19 апрелида Санкт-Петербургда ФСБ ва Росгвардия жангчилари томонидан терроризмда айбланаётган бир гуруҳ марказий осиёлик муҳожирни қўлга олиш бўйича махсус амалиёт ўтказилди.

Россия Тергов қўмитаси мигрантларни қўлга олиш жараёни видеотасвирга олинган роликни Озодликка тақдим этди.

Унда ФСБ ва СОБРнинг маскадаги ходимлари кўп қаватли ётоқ уйлардан бирига бостириб кириб, квартирада ухлаб ётган 5 нафар шахсни қўлини орқага қилиб ётқизишга тушади.

Кадрларда уйқудан ҳали уйғонмаган йигитлар қўрқувдан бақириб юбораётганини кўриш мумкин.

(Видео Санк-Петербург бўйича Россия Тергов қўмитаси бошқармаси томонидан тақдим этилди)

Россия Тергов қўмитасининг Озодликка берган расмий маълумотига кўра, Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 205- моддаси, 2- қисми (“Террорчилик ташкилотида иштирок этишга уриниш”) асосида 2 нафар 21 ёшли муҳожирга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

- Айбланувчилар 2017 йилнинг декабридан 2018 йилнинг апрел ойигача Санкт-Петербургда Интернет тармоғи орқали тергов томонидан аниқланмаган шахсни топиб, Яқин Шарқдаги мамлакатлардан биридаги халқаро террорчилик ташкилотларига аъзо бўлиш истагини билдирган ва паспорт нусхаларини жўнатган. Ёлловчи шахс билан улар Telegram мессенжери орқали боғланиб турган, дейилади расмий хабарда.

Озодлик ўз манбаларидан Петербургдаги махсус амалиёт пайтида ушланган ўзбек муҳожирлари Нажмиддин Р., Муроджон М., Равшан М., Ҳикматилло К. ва Камолиддин А. эканини аниқлади.

Квартирада ушланган уч муҳожир “террорчилик ташкилотига алоқадорлигини текшириш” мақсадида 48 соатга ушлаб қолингани маълум қилинди. Террорчи ташкилотларга алоқадорликда гумонланган икки нафар йигит эса яхши қўриқланадиган “Крести” тергов изоляторига юборилгани маълум бўлди.

Терговчиларга кўра, “номаълум ёлловчи шахс ҳуқуқ муҳофазаси идоралари назоратидан айланиб ўтиб”, Россиядан чиқиб кетиш йўлларини кўрсатишни ва “террорчилик ташкилотининг машқ лагерига олиб боришни” ваъда берган.

“ФСБчилар Петербургда ушланганлардан икки нафари 2018 йилнинг 10 апрелига Россиядан бошқа мамлакатга чиқиб кетиш учун авиачипта олгани аниқланди”, дейилади хабарда.

10 апрел кунга авиачипта олган мигрантлар 19 апрел куни ушлангани хабар қилинди
10 апрел кунга авиачипта олган мигрантлар 19 апрел куни ушлангани хабар қилинди

Эслатиш жойизки, муҳожир йигитлар 2018 йилнинг 19 апрель куни Петербургда қўлга олинди.

Россия Telegramга қарши курашни авж олдирмоқда

Россияда мавжуд барча оммавий ахборот воситалари навбатдаги бор Петербургда “террорчи-мигрантлар” ҳибс этилгани тўғрисида бир хилдаги хабар ва репортажларни тарқатди.

Барча рус телеканал ва нашрлари “террорчи-мигрантлар” айнан Telegram мессенжеридан фаол фойдаланганига урғу берди.

Маълумки, ўтган ҳафта Роскомнадзор (Алоқа, информацион технологиялар ва оммавий коммуникациялар устидан назорат бўйича федерал хизмат) суд қарори билан Telegramни Россияда тўсиб қўйишга киришганди.

Суд қарорига биноан мессенжернинг Россия ҳудудидаги фаолиятига қўйилган тақиқ Telegram раҳбарияти “шифр калитларини Федерал хавфсизлик хизматига (ФСБ) бериш мажбуриятини бажармагунича амал қилади”.

Роскомнадзор мулозимлари Telegramдан террористик ташкилотлар фойдаланаётган маълумотлар бўлиши мумкинлигини иддао қилиб, бу мессенжерни зудлик билан ёпишни талаб қилаётган эди.

Telegram блок қилина бошлаганидан ўтган ҳафта давомида Россияда бу мессенжер нафақат ўз фаолиятини давом этаётгани, балки бир ҳафта давомида унинг мижозлари сони кескин кўпайиб бораётгани кузатилмоқда.

Озодлик Россияда сўнгги бир йилда юзлаб марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари “терроризм” ва “диний экстремизмда” айбланиб ҳибс этилаётгани, судланаётгани тўғрисида хабар бериб келмоқда.

XS
SM
MD
LG