Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:19

Россия нега тожик мигрантларига қарши “ов” бошлади?


Ўтган ҳафта Котелники шаҳрида полиция юзлаб тожик мигрантларини ушлаган.
Ўтган ҳафта Котелники шаҳрида полиция юзлаб тожик мигрантларини ушлаган.

Сўнгги бир неча ҳафтада Россия полицияси тожик мигрантларига қарши рейдлар уюштирмоқда: улар ушланяпти, асоссиз текшириляпти, ҳатто калтакланяпти ҳам. Россия ҳукумати эса расмий изоҳ бериш ўрнига сукут сақлаётир.

Тожикистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги дохил бир неча давлат идораси ушбу ҳолатларни тафтиш қилишни сўраб Россиянинг тегишли идораларига мурожаат қилганидан кейин ҳам вазият деярли ўзгармади.

Ҳар йили юз минглаб тожикистонлик ўз юртида тузукроқ иш топа олмай, Россияга меҳнат миграциясига жўнайди.

“Айрим йигитларни электрошокер билан қийнашган”

Меҳринисо Сулаймонованинг қизи Россияда ўқийди. Мигрантларнинг қўлга олингани ва тожик талабалари калтаклангани ҳақидаги хабар уни ҳам ташвишга солди. Аёлнинг сўзларига кўра, ўзи ҳам ўн йилдан бери Россияда ишлайди, рус полициячиларининг тожикларга ғаразли муносабатини танасида кўп бор ҳис қилган.

“Видеода улар талабаларга қандай муомала қилаётганини кўргач дарров қизимга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Хайрият, тинч экан. Сал енгил тортдим. Фарзандлари Россияда ўқийдиган бошқа ота-оналар ҳам алағда бўлишаётгандир”, дейди у Озодлик билан суҳбатда.

Ўтган ҳафта Хабаровск ўлкасида Россия “омончилари” 100 дан зиёд тожик талабаларини калтаклашган эди. Улардан бири Озодликка омончилар ётоқхонага огоҳлантиришсиз, бостириб киришганини айтди.

“Эрталаб соат еттида эшигимиз қаттиқ тақиллади. Улар тилга олиб бўлмайдиган сўзлар билан бизни ҳақорат қилишди, ҳужжат талаб қилишди, телефонларимизни тортиб олишди. Сўнгра йўлакка бир қатор тизиб қўйиб, яна шалоқ сўзлар билан сўкишди. Эътироз билдирганлар ҳаммадан кўп калтакланди. Барчасининг ёнида қуроли бор эди. Биз нима бўлаётганига тушуна олмасдик. Айрим болаларга нисбатан электрошокер қўллашди”, деди хавфсизлигини ўйлаб исмини очиқлашни истамаган талаба.

“Мигрантлар – босим ўтказиш воситаси”

Сўнгги кунларда Россия полицияси Санкт-Петербургда, Москва шаҳри ва вилоятида яна юзлаб тожик мигрантларини калтаклади. Кейинроқ улардан баъзиларини жарима ундиргач қўйиб юборишган, ўнлаб мигрантларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилган.

Россия ҳукумати мигрантларга босим кучайгани сабаблари юзасидан изоҳ бергани йўқ. Тожикистон ТИВ Россияда тожик мигрантлари ёппасига ушланаётгани ҳақида хабарлар Душанбени хавотирга солаётганидан Россиянинг ТРдаги элчиси хабардор қилинганини билдирди. Тожикистон омбудсмени ва ИИВ ушбу воқеалар бўйича текширув ўтказиш ва мигрантлар муаммосини ҳал этишни сўраб Россиядаги ҳамкасбларига мурожаат қилди.

Воқеалар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Фикрлар хилма-хил, бироқ барчаси – Россия, ўтган йиллардагидек, мигрантларни Тожикистонга босим ўтказиш қуроли ўлароқ қўлланмоқда, деган хулосага олиб келади.

Озодлик мухбири Душанбе шаҳрида ўткинчиларнинг фикрини ўрганди. Мана улардан айримлари:

  • “Бунақа воқеалар бўлмаслигини истайман, лекин муаммо ечимига ким таъсир эта олиши мумкин – бунга ақлим етмайди”.
  • “Асосий сабаб – Россиядаги беқарорлик. Тахминимча, Россия шу тариқа бизнинг мигрантларни урушга тортмоқчи”.
  • “Россия ўз манфаатларини кўзлаяпти. Ҳар турли йўллар билан одамларни урушга ёлламоқда. Ким бунга рози бўлмаса, куч билан юборишяпти. Бу воқеаларнинг бари – куч ишлатиш учун баҳона, холос”.

“Москванинг аҳволи танг”ми ёки “хуфя музокаралар натижаси”?

Тожикистонлик эксперт Абдумалик Қодировга кўра, Россияда тожикистонликлар бошига тушаётган воқеалар – Россия Украинага қарши урушда танг аҳволда қолгани натижасидир.

“Россия ҳукуматига ачинмасдан ўлимга йўллаш мумкин бўлган одамлар керак. Бу маъносиз урушда шу пайтгача Мудофаа вазирлиги қуролли кучлари ва қамоқдаги маҳкумлар қурбон ўрнида қўлланди, аммо ушбу ресурс тугаб битган”, дея урғулайди Озодлик суҳбатдоши.

Айрим экспертлар мазкур воқеаларни Тожикистон билан Россия лидерларининг тафсилотлари жамоатчиликдан сир тутилаётган парда орти музокаралари билан боғлашмоқда.

“Ҳар иккинчи реклама уруш ҳақида”. Россияда муҳожирлар Украинадаги урушга яна ҳам фаол жалб қилинмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:23 0:00

Марказий Осиёга оид масалалар бўйича таҳлилчи Алишер Илҳомов Россияда тожик мигрантларига нисбатан бу хил муносабатни уч омил билан изоҳлайди:

“Биринчидан, бир неча кун аввал Марказий Осиё ва Хитой лидерлари учрашуви Россия иштирокисиз ўтказилди. Бу – шу пайтгача постсовет давлатларнинг расмий ёки норасмий лидери саналган Россияга ўзига хос мужда. Нега айнан Тожикистон? Чунки Тожикистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларига ачинмайди, бу воқеаларга жиддий реакция билдирмайди. Иккинчи омил Афғонистон билан боғлиқ муаммо бўлиши мумкин. Учинчиси эса Россия билан Украина урушига алоқадор. Тожикистон ўз фуқароларига урушда қатнашишни тақиқлайди ва буни жиноят ҳисоблайди”, дея мулоҳаза қилади эксперт.

Бу орада Москвада Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатлар раҳбарлари – Арманистон, Беларусь, Россия, Қирғизистон ва Қозоғистон президентларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Мазкур учрашувда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг масофадан иштирок этиши Тожикистон ушбу иттифоққа киришига баъзи ишоралар берган эди, бироқ амалда бундай бўлмади.

Россия тожик меҳнат мигрантларига зуғум қилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Ўз вақтида Тожикистонда Россия экипажи давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, халқаро парвозлар қоидаларини бузиш ва контрабанда айблови билан қўлга олинганида Москва қаттиқ жазавага тушган эди. Ўшанда бир ярим мингга яқин тожикистонлик мигрант ушланган, кўпчилиги Россиядан депортация қилинган ва Кремль бу “учувчилар иши”га жавоб эканини очиқ айтган.

Бироқ бу гал мигрантларга қарши “ов” юзасидан бирон бир тушунтириш берилмади, тожикистонликларга нисбатан шафқатсиз ва айрича муносабат сабаблари мавҳум қолаётир.

Форум

XS
SM
MD
LG