Украинада нафақат шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва муддатли хизматдаги аскарлар, балки “кўнгиллилар” ҳам жанг қилишмоқда: чунончи, ўтган ҳафтада Россиянинг энг қашшоқ минтақаси бўлмиш Тува Республикасидан шунақа аскарлар “отряди” урушга жўнатилди.
Шу билан бирга, Россияда Украинадаги урушда қатнашишни истамаётган ҳарбийлар сони ҳам ортмоқда. “Агора” ҳуқуқбонлик гуруҳи раҳбари Павел Чиков Россиянинг 17 шаҳридан ҳарбий хизматчилар ва росгвардиячилар ёрдам сўраб мурожаат қилишганини айтди. Буйруқни бажаришдан ва Украинага жўнашдан бош тортишгани учун уларни ишдан бўшатишмоқда, сиқувга олишмоқда ва устиларидан жиноят ишлари очилмоқда.
Сўнгги энг шов-шувли воқеа Псков вилоятида юз берди. Маҳаллий “Псковская губерния” нашрининг хабар қилишича, Украинага урушга жўнашдан бош тортганлар 6 апрелда тахминан 60 кишини ташкил қилган бўлса, 7 апрелда улар сони 100 нафарга етган. Бу ҳарбийлардан айримлари Украина ҳудудида бўлишга улгурган, қолганлар эса хизматдошларининг “саргузашт”ларини эшитгач, урушга бормасликка қарор қилганлар.
“Урушнинг дастлабки кунларида десантчиларнинг катта гуруҳи Украинада эди. Билишимиз қадар, улар Украинага Беларусь Республикаси ҳудуди орқали кирганлар ва қатор сабабларга кўра, жумладан, озиқ-овқатлари тугаб қолгани учун у ердан яна Беларусга олиб кетилган. Пировардида улар Псковга қайтиб келишди. Тушунишимча, иккинчи марта Украинага хизмат сафарига жўнашга ҳеч бирининг раъйи йўқ, чунки бошида уларни ҳарбий машқлар баҳонасида алдаб олиб кетишган эди, боз устига озиқ-овқат ва ёқилғи таъминотида ҳам муаммолар бўлган”, дейди “Псковская губерния” бош муҳаррири Денис Камалягин.
Россия Мудофаа вазирлиги расмий хабарларида Псков десант-штурм дивизиясининг талафотлари ҳақида лом-мим дейилмади. Бироқ ҳудудий ОАВлар ва “Ищи своих” телеграм-каналида ҳалок бўлган 76-десант-штурм дивизияси аскарларига доир маълумотлар бор. Хусусан, олтинчи апрель куни 20 ёшли десантчининг ўлими хабари келди – уни ўзи туғилиб-ўсган Батайскда дафн этишди. “Икки юзинчи юк” билан қайтган бошқа ҳарбийлар ҳақида ҳам маълум қилинмоқда.
Украинада урушишдан бош тортаётган ҳарбийлардан баъзилари хизматдан бўшашни истамайдилар, аммо уларнинг рапортларига имзо қўйишмаяпти, дейди Денис Камалягин. Урушга боришдан бош тортгач, хизматдан бўшашга қатъий қарор қилган десантчилар одатда ҳарбий прокуратурага мурожаат қилишмоқда. Псков дивизияси ҳарбийлари устидан жиноят ишлари очилгани хусусида маълумот ҳозирча йўқ, аммо айримларига ҳарбий қисмлар командирлари суд ва қамоқ билан таҳдид қилишаётган экан.
“Якка-ярим таҳдидлар бор муайян ҳарбий қисмларнинг раҳбарияти тарафидан бўляпти. Баъзи ҳарбий хизматчиларни одатий тартибда бўшатишди, лекин айрим командирлар “юқори”нинг буйруғини кутишяпти: мутлақо бошқача вазият юзага келгани сабабли бошлари қотган, хизматдан бўшаш ҳақидаги рапортларга қўл қўймай туришибди”, дея изоҳ беради Денис Камалягин.
“Псковская губерния” маълумотига кўра, 6 апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари Псковга келиб, армия таъминоти ва озиқ-овқат захираларини тафтиш қилганлар, шунингдек ҳарбий қисмлардаги “бебошлар” сонини суриштирганлар.
Камалягин Украинага боришдан бўйин товлайдиган ҳарбийлар сони кун сайин ортади, деб ҳисоблайди.
“Кеча 60 киши эди, бугун 100 тага чиқди, эртага 150 га етади. Бу оммавий ҳодиса, “миллий хоинлар” деб халқ кўзига олабўжи қилиб кўрсатишлари мумкин, лекин улар ҳам барчамизга ўхшаган инсон: шунчаки, бетайин армия сафида бетайин урушга, бетайин шарт-шароитга боришни истамайдилар холос. Эътиборли томони, айрим ҳолларда ҳарбий хизматчини урушга бориш фикридан оила аъзолари қайтаришган”, дейди Камалягин.
Псковдагига ўхшаш вазият Хакасия Республикасида ҳам юзага келган: маҳаллий журналист Михаил Афанасьев Украинада хизмат сафарида бўлиб турган 11 нафар хакасиялик “омончи” жанг қилишдан бош тортганини аниқлади. Журналистга кўра, ОМОН ходимлари Киев вилоятида уларнинг карвонини Украина Қуролли кучлари яксон қилганидан сўнг шундай қарорга келишган.
“Уларни тревога билан оёққа турғазиб, олға юришни, яъни Украина ҳудудини босиб олишни ва ишғол қилинган ерларда тартиб сақланишини таъминлашни буюрганлар. Аскарлар йўлга тушган. Бир қисми катта карвон билан Киев устига юрган, аммо Киев остонасида уларнинг карвони қаттиқ ҳужумга йўлиққан ва алал-оқибат яксон бўлган. Хакасия ОМОНидан 7 киши яраланган, бир киши бедарак кетган, ўлганлар сонини ўзлари ҳам билишмайди, чунки санагани ҳеч қачон фурсат бўлмаган. Карвон кўприкда йўқ қилинган, ҳамма ўз жонини қутқариш қайғусида бўлган, ўлганлар ҳеч кимнинг парвойига келмаган”, дея ҳикоя қилади журналист.
“Омончилар” Михаил Афанасьевга таъминотдаги муаммолар ҳақида сўзлаб берганлар: уларни ҳали Беларусь Республикаси ҳудудида ҳарбий машқларда бўлган пайтларидаёқ озиқ-овқатдан қисишган. Ўзлари айтишларича, “махсус амалиёт” ҳақида сўнгги дақиқагача, яъни Украина чегараси кесиб ўтилгунга қадар ҳеч ким ҳеч нима билмаган. Карвонга ҳужумдан омон қолган 11 жангчи аллақачон Хакасияда, Афанасьевга кўра, уларнинг бари хизматдан бўшатилган.
“Ҳаммалари қайтишган, ҳаммасини модда билан, яъни “полициячи обрўйи ва қадр-қимматига доғ туширгани учун” хизматдан ҳайдаганлар. Бўшатгандан кейин ҳам тинч қўйишгани йўқ, бировга чурқ этмайсанлар, дея босим ўтказишяпти. “Бу ёқда уруш кетяпти, сенлар бўлсанг ҳар хил миш-миш тарқатиб юрибсанлар”, деб руҳан эзишяпти. Вазият жуда таранг”, дейди Михаил.
Украина билан уруш бошланганидан бери Россия Мудофаа вазирлиги аскарий талафотлари ҳақида сўнгги бор 25 март куни хабар берди: ўшанда ҳалок бўлганлар сони, расмий қайдларга кўра, 1351 кишини ташкил этган. Бироқ Кремлнинг матбуот котиби Дмитрий Песков 7 апрель куни чет эл мухбирига берган интервьюсида Россия қўшинларининг талафотлари “анча” эканини айтди.