Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

Пригожиннинг юксалиши: "Путин ошпази"нинг Россия сиёсий элитасида таъсири ортмоқда


Пригожин (чапда) ва ўша пайтдаги Россия Бош вазири Владимир Путин 2011 йил, ноябрь.
Пригожин (чапда) ва ўша пайтдаги Россия Бош вазири Владимир Путин 2011 йил, ноябрь.

Евгений Пригожин йирик ишбилармон бўлиб, унинг катта бойлиги Кремль билан кейтеринг шартномаларидан келгани айтилади. Қолaверса, у Россиянинг энг машҳур хусусий ёлланма ҳарбий ширкати “Вагнер”га эгалик қилади.

Пригожин Украинада уруш бошлангандан кейин шубҳасиз, Россия сиёсатининг диққат марказига кўчди. У рус армияси қўмондонларини муваффақиятсизликлар учун ашаддий танқид қилиб келади. Бироқ, энг қизиғи, Россия қонунчилигига кўра, қуролли кучларни танқид қилиш, "обрўсизлантириш" ёки хусусий ҳарбий ёлланма компанияга эгалик қилиш ёки бошқариш тақиқланади.

“Ҳозир кўпчилик Пригожин рус сиёсий элитасидаги қудратли шахсми ёки президент бўлишга номзодми дея ўйламоқда", дейди Карнеги маркази таҳлилчиси Андрей Колесников.

Украинага босқин: 252-кун | Мобилизация қилинганлардан "юзтаси ўлган"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:17 0:00

Пригожин ўзи туғилиб ўсган Санкт-Петербургда умумий овқатланиш бизнесида иш бошлаган. У Кремлнинг озиқ-овқат хизматларини кўрсатиш бўйича шартномаларини қўлга кирита бошлаганидан кейин молиявий муваффақиятга эришди.

Пригожиннинг “Вагнер” ширкати 2015 йилда Кремлнинг топшириғи билан Сурияда Башар ал-Асад режимини қўллаб-қувватлаш ҳаракатларида қатнашади. “Вагнер” аскарлари Сурияда дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаган, нефть ва газ обьектларини қўриқлаган ва маҳаллий полицияни ўқитган. Шунингдек, ширкатнинг Марказий Африка Республикасида олмос ва қимматбаҳо минералларни қазиб олиш ва экспорт қилиш операцияларида иштироки ҳақида ҳам маълумотлар қайд этилган.

Россиялик журналистлар “Вагнер”нинг раҳбари Дмитрий Уткин исмли собиқ ҳарбий разведка агенти эканлигини аниқлаган.

Facebook ва бошқа ижтимоий тармоқлар учун сохта онлайн аккаунтлар яратиш ҳамда дезинформация ва ташвиқот тарқатишга ихтисослашган "Россия тролл фабрикаси" деб аталмиш компания ҳам Пригожин томонидан молиялаштирилиши айтилади. Ҳатто бу компания 2016 йилги АҚШдаги президентлик сайловларига аралашишга уринганлиги таъкидланган.

АҚШ Олий суди Пригожин ва яна 12 нафар россияликни сайловларга аралашишга уринишда айблаган. ФҚБ Пригожинни ўтган йили қидирувга ҳам берган.

Жорий йил сентябрь ойида Пригожиннинг қамоқхона маҳбусларини Украинадаги урушга даъват қилаётган видеоси тарқалди. У 6 ой урушда қатнашишга рози бўлган маҳкумларга муддатидан олдин озодликни ваъда қилган.

Икки ой олдин Украинадаги ҳаракатларга Сергей Суровикиннинг қўмондон этиб тайинланиши Пригожин ва бошқа танқидчилар томонидан олқишланди. Суровикин бир неча йил олдин Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаракатларига ҳам қўмондонлик қилган.

Евгений Пригожинга тегишли “Вагнер” ташкилотининг биноси. Санкт-Петербург.
Евгений Пригожинга тегишли “Вагнер” ташкилотининг биноси. Санкт-Петербург.

Пригожин ўз машҳурлигини энди сиёсий майдонга ҳам кўчира оладими ёки йўқ, номаълум. Бироқ, "агар Пригожиннинг сиёсатчи бўлиши учун бирор бир қулай имконият бўлса, бу Санкт-Петербургда бўлар эди. Москва ёки Уралда бўлмайди”, дейди Вашингтондаги таҳлил маркази эксперти Кандас Рондо.

“Менимча, Пригожин уни тақдирлашларини кутмоқда. Унга пул керак эмас. У эҳтимол эндиликда кўпроқ сиёсий таъсирга эга бўлишни хоҳлаётган бўлиши ҳам мумкин", қўшимча қилади Рондо.

Вашингтонда жойлашган урушни ўрганиш институти ўз ҳисоботида: "Пригожин ўзини сиёсий куч сифатида тайёрламоқда. У ўз мавқеи ва “Вагнер”га алоқадорлигидан рус сиёсий элитасидаги рақибларини танқид қилиш ҳамда ўз нуфузини мустаҳкамлаш йўлида фойдаланмоқда" дея қайд этди.

Бироқ, Пригожиннинг ўзи "Машҳурлигимнинг ортишига келсак, мен машҳурликка интилмайман. Менинг вазифам – ватан олдидаги бурчимни адо этиш. Сиёсатга кириш у ёқда турсин, ҳеч қандай сиёсий партия тузиш ҳақида ўйламаяпман”, дея интервью берган.

Тhe Washington Post аввалроқ Пригожин Украинадаги уруш натижаси борасида тўғридан-тўғри Путинга шикоят қилгани ҳақида ёзган эди.

"Улар бир-бирига рақиб бўлиши мумкин. Пригожин қудратга чанқоқ эканлиги аниқ. У жуда қаттиққўл ва кўп жиҳатдан шафқатсиз инсон. Ундаги шайтонга хос табиат қайсидир маънода Путиннинг характери билан қарама-қарши тўқнаш келиши мумкин.

“Аммо Путинга ҳозир мана шундай сифатларга эга Пригожин керак. У Пригожинга борган сари кўпроқ ваколатлар беради”, дея хулоса қилади Андрей Колесников.

Форум

XS
SM
MD
LG