Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:41

Ғарб Россиянинг Украинага тажовузини қоралади. Тез орада янги санкциялар жорий этилади


Президент Байден Россияга қарши навбатдаги санкцияларни эълон қилиш учун АҚШ фуқароларига мурожаат қилиши кутилмоқда.
Президент Байден Россияга қарши навбатдаги санкцияларни эълон қилиш учун АҚШ фуқароларига мурожаат қилиши кутилмоқда.

АҚШ ва иттифоқчилари Россиянинг Украинага қарши "ақлсизларча ҳужуми"ни қоралади ва жавоб чоралари сифатида Москвага қарши янги санкциялар киритишга тайёрланмоқда.

Президент Байден Россиянинг Украинага қарши ҳужуми натижасида юзага келадиган "қурбонлар ҳамда вайронагарчиликлар учун фақат Россия жавобгар” бўлишини айтди.

У Россиянинг хатти-ҳаракатларини “ҳеч бир провокация бўлмагани ҳолда ва асоссиз қилинган ҳужум” деб атади.

“Президент Путин ғаразли урушни танлади, у даҳшатли инсоний талафотларга ва азоб-уқубатларга олиб келажак. Бу ҳужум келтиражак қурбонлар ва вайроналар учун фақат Россия жавобгар. Қўшма Штатлар, унинг иттифоқчилари ва ҳамкорлари якдил ва қатъий тарзда жавоб берадилар. Дунё Россияни жавобгарликка тортади”, деди Оқ уй раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ва иттифоқчилари тез орада Россияга қарши санкция чораларини муҳокама қилади, шунингдек “Шимолий Атлантика иттифоқига қарши ҳар қандай агрессиянинг олдини олувчи қатъий ва ягона жавобни таъминлайди”.

Байден Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали сўзлашиб, Украинага ва украин халқига дастак ва кўмак беришда давом этишга ваъда берди.

Европа иттифоқи лидерлари бир неча соатдан сўнг тўпланади, дейилади ЕИ расмий хабарномасида. Йиғилишда Россия агрессиясига қарши чора-тадбирлар, жумладан, янги фавқулодда санкциялар муҳокама қилинади – янги чеклов чоралари мумкин қадар тезроқ маъқулланиши режаланмоқда. Евроиттифоқ баёнотида Украина ҳукумати ва халқи билан бирдамлик изҳор қилинган.

ЕИ ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Жозеп Боррель Евроиттифоқ Россияга қарши ҳар қачонгидан кескин санкцияларжорий этажагини маълум қилди. Бу ерда, хусусан, Россия банкларига қарши санкциялар ҳамда секторал иқтисодий санкциялар назарда тутилмоқда.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳамда Жозеп Боррель жонли ёйин қилинган махсус баёнотда “Европа учун Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг қайғули ушбу дамлар”да Европа мамлакатлари Россия агрессияси қаршисида бирликни сақлаяжагини айтишди.

Санкцияларни кучайтириш режалари ҳақида Британия бош вазири Борис Жонсон ҳам маълум қилди. У 24 февраль куни Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали сўзлашаркан, “президент Путин украин халқига қарши ўз кампаниясини олиб бораётган пайтда Ғарб қўл қовуштириб турмаслиги”ни, Украинага кўмак кўрсатишда давом этажагини билдирди.

АҚШ ва НАТО мамлакатлари Украинага ўз ҳарбийларини юбормаслигини, аммо қурол-яроғ етказиб беришда давом этишини бир неча бор айтган.

Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинага ҳужумини “халқаро ҳуқуқнинг қўпол тарзда бузилиши” ва Евроатлантика ҳамжамиятига таҳдид сифатида кескин қоралади. Туркия ҳам Россиянинг ҳаракатларини қоралаб чиқди.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия Украинага “ақлсизларча ва ҳеч бир провокация бўлмаган ҳолда ҳужум қилган”ини айтди.

“Россиянинг сон-саноқсиз тинч аҳоли ҳаётини хавф остига қўйган бу бемулоҳаза ва ҳеч бир провакацияларсиз амалга оширган ҳужумини қатъиян қоралайман. Бир неча бор огоҳлантирганимизга ва тинимсиз дипломатияга чорлаганимизга қарамай, Россия яна бир марта суверен ва мустақил мамлакатга қарши агрессия йўлини танлади”, дея Столтенбергдан иқтибос келтиради НАТО расмий сайти.

Хитой ТИВ вакили эса расмий Пекин Россиянинг Украинага қарши амалиётини “тажовуз” деб ҳисобламаслигини маълум қилди.

Шунингдек,

  • Чехия бош вазир Петр Фиала лисонида Россиянинг хатти-ҳаракатларини “северен давлатга қарши ўринсиз агрессия акти” деб атади. Ҳукумат хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақирди.
  • “Уруш биз ўйлаганимиздан кўра яқин. Том маънода. Уруш биз тан олишимиз мумкин бўлганидан ҳам яқинроқ. Биз Украина дастакларкан, ўз мамлакатимизни ҳимоя қиламиз”, деди Чехия ички ишлар вазири Вит Ракушан.
  • Россияга хайрихоҳлиги айтиладиган президент Милош Земан изоҳ берганича йўқ. У маҳаллий вақт билан соат 11.00 да миллатга мурожаат билан чиқиши кутилмоқда.
  • Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийярто уруш – энг ёмон сценарий эканини айтди, бироқ Россияни тўғридан-тўғри қоралашдан ўзини тийди. Умуман, юқори мартабали венгер мулозимларидан ҳозирча ҳеч бири қораловчи мазмунда баёнот бергани йўқ. Президент Виктор Орбан бугун ЕИ лидерларининг шошилинч саммитида қатнашиш учун Брюсселга келади.
  • Польшада Украинадан қочиб келаётган одамларни қабул қилиш учун махсус масканлар ташкил этилмоқда, қочқинлар овқат, тиббий ёрдам ва зарур ахборот билан таъминланмоқда. Аввалроқ Польша НАТОдан аъзо мамлакатлардан бирига таҳдид бўлган пайтда шошилинч маслаҳатлар олиш имконини берувчи 4-моддани фаоллаштиришни илтимос қилган эди.
  • Латвия ҳам НАТОга айни илтимос билан чиқди ва Россияни “Украина суверенитетига, унинг халқи ва демократиясига қарши ҳарбий тажовуз”ни тўхтатишга чақирди
  • Литва фавқулодда ҳолат тартибини жорий этди.
  • Молдова фавқулодда ҳолат тартибини жорий этмоқда ва, президент Майя Сандуга кўра, Украинадан ўн минглаб одамни қабул қилишга тайёр. Молдова ОАВлари хабар беришича, мамлакатнинг Украина билан чегарасида ўнлаб автомобиллар тўпланиб турибди.
  • Руминия медиаси хабарларига кўра, мамлакат украин қочқинларини қабул қилишни бошлаган. ОАВлар, маҳаллий ҳукумат идораларига ҳавола берган ҳолда, сўнгги кунларда Украинадан 300 га яқин киши келгани ҳақида ёзмоқда.
  • Президент Клаус Йоҳаннис аввалроқ Россиянинг хатти-ҳаракатларини “халқаро қонунчиликнинг, Украина суверенитети ва яхлитлигининг қўпол равишда бузилиши” деб атаган эди.
  • Болгария ташқи ишлар вазири Теодора Генчовска ҳам ўхшаш мазмунда баёнот берди.

24 февраль куни эрталаб Владимир Путин Донбассда “минтақа аҳолисини геноциддан ҳимоя қилиш” учун махсус ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди. У украин ҳарбийларига мурожаат қилиб, уларни қуролларини ташлашга чақирди. Путиннинг нутқи тугамасдан журналистлар Киев, Харьков, Краматорск, Бердянск ва бошқа шаҳарларда портлашлар содир бўлаётгани ва ракета зарбалари берилаётгани ҳақида хабар қилишди. Гувоҳлар, шунингдек, Донбассда россияпараст бўлгинчилар катта куч билан ўт оча бошлаганини, бутун Украина ҳудудида ҳарбий объектлар ҳужумга учраганини айтишмоқда.

Россия "ЛНР" ва "ДНР" мустақиллигини тан олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:10 0:00

Украина президенти Владимир Зеленский бутун мамлакат ҳудудида ҳарбий ҳолат эълон қилди. У Россия Украинанинг ҳарбий ва чегараларни қўриқлаш инфратузилмаларига зарба берганини тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG