Линклар

Шошилинч хабар
30 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:21

Россия ва АҚШ ўртасида тарихий маҳкум алмашуви амалга оширилди


Россия қамоқхоналарида сақланаётган бир неча таниқли маҳкумнинг адвокатлари ўз мижозлари қаерда эканидан хабарсиз эканларини айтишмоқда
Россия қамоқхоналарида сақланаётган бир неча таниқли маҳкумнинг адвокатлари ўз мижозлари қаерда эканидан хабарсиз эканларини айтишмоқда

Россия, АҚШ ва бошқа бир қатор давлатлар Совуқ Уруш тугаганидан буён энг йирик маҳкум алмашувини амалга оширишди.

Bloomberg, Sky News, CNN ва бошқа ғарб оммавий ахборот воситалари Россия ҳибсхоналари ва қамоқхоналарида сақланаётган бир неча хорижлик сиёсий маҳбус кўринмай қолганидан сўнг улар алмашинувга тайёрланаётган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёза бошлашди.

Алмаштирилаётган маҳкумлар исмлари ҳозирча очиқланган эмас.

Маҳбуслар алмашинувини Вашингтон ҳам, Москва ҳам ҳали тасдиқлагани йўқ. Бироқ таҳлилчилар олдинги маҳкум алмашинувида фойдаланилган самолётлар кўринганига ишора қилиб, бу таҳминлар ҳақиқатга яқинлигини таъкидлашмоқда.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларнинг мавзу юзасидан берган саволига "Менда бу мавзу бўйича ҳозирча ҳеч қандай изоҳ йўқ", дея жавоб берди.

Аввалроқ Россия қамоқхоналарида сақланаётган таниқли маҳкумлардан бир қанчаси тўсатдан ғойиб бўлгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди – улар орасида мухолифат фаоллари Владимир Кара-Мурза ва Илья Яшин ҳам бор. Бу кўпинча маҳкумлар бошқа қамоқхонага кўчирилаётганида юзага келадиган ҳолатдир.

Россия ва Британия фуқароси Кара-Мурзанинг адвокати аввалроқ мижози сақланаётган Омск қамоқхонасига киритилмаганини маълум қилганди.

АҚШ собиқ денгиз пиёдаси Пол Уиланнинг адвокати Ольга Карлова ҳам 31 июль куни мижози қаердалигини билмаслигини, Мордовия вилоятидаги қамоқхона раҳбарияти унинг жазони ижро этиш муассасасида эканини тасдиқлашга оид сўровларга жавоб бермаётганини билдирган.

Ҳозирда Россия қамоқхоналарида жосуслик, гиёҳванд моддаларни сақлаш ва ўғрилик каби айбловлар билан айбланган 10 дан зиёд АҚШ фуқароси сақланмоқда.

АҚШ ҳукумати Россия қамоқхоналарида тутиб турилган америкаликлар сохта айбловлар ва сиёсий мотивлар билан ҳибсга олинганини иддао қилган.

Маҳкум алмашуви жараёни бошланди

Россия 1 август куни Эван Гершкович, Пол Уилан ва Владимир Кара-Мурзани АҚШга экстрадиция қилди.

"Озодлик" радиоси журналисти Алсу Курмашева ҳам маҳбуслар алмашинуви доирасида озод қилинади. Бу ҳақда Озод Европа/Озодлик медиакорпорацияси президенти Стивен Капус маълум қилди.

"Биз ноҳақ қамалган барча сиёсий маҳбуслар, хусусан, Алсу ва Эван каби журналистлар ўз яқинларига қайтарилади, деб умид қиламиз. Журналистика – жиноят эмас. Беларусь ва Россия назорати остидаги Қримда ноҳақ қамалган уч нафар “Озодлик” журналистига ҳам уларни унутмаганимизни айтмоқчиман. Биз сизни озод қилиш ва оилангиз бағрига қайтариш учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз”, дейилган Стивен Капуснинг 1 август куни ёйинланган баёнотида.

Беларусда “Озодлик” радиосининг икки мухбири Игорь Лосик ва Андрей Кузнечик, Қримда эса Владислав Есипенко ҳибсда сақланяпти.

Маҳкум алмашувидан далолат берувчи ҳаракатлар АҚШда ҳам кузатилмоқда

Қўшма Штатлар қамоқхоналарида сақланаётган тўрт нафар россиялик маҳбуснинг исми АҚШ Федерал қамоқхоналар бюросининг маълумотлар базасидан ғойиб бўлди.

Улар орасида Кремлга алоқадор кўриладиган ва АҚШда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган IТ-тадбиркор Владислав Клюшин ва яқинда пул ювиш айбловларини тан олган Александр Винник каби шахслар бор.

Россия ва АҚШ ўртасида Совуқ уруш давридан бери энг катта маҳкум алмашинуви 2010 йилда бўлиб ўтган эди. Унда жами 14 маҳбус алмаштирилган.

Ўшанда Қўшма Штатлар Анна Чапман ва яна 9 нафар россияликни озод қилган. Россия эса тўрт киши қаторида Британия фойдасига жосусликда айбланган рус ҳарбий разведка зобити Сергей Скрипални АҚШга топширганди.

Маҳкум алмашуви Анқара аэропортида ўтказилди

Туркия пойтахти Анқара шаҳри аэропортида 1 август куни АҚШ, Россия ва яна бир неча мамлакат ўртасида маҳкум алмашуви бўлиб ўтди.

Туркия расмийлари маълумотига кўра, алмашилиши керак бўлган одамлар рўйхатида икки бола дохил 26 киши бор. Улардан 10 нафари Россияга, 13 нафари Германияга, уч нафари эса АҚШга йўл олишади. Маҳкум алмашуви жараёнида АҚШ, Германия, Польша, Норвегия, Словения, Россия ва Беларусь каби давлатлар иштирок этган.

Россия қамоқхонасидан озод бўлганлар орасида сиёсий маҳбуслар Илья Яшин, Владимир Кара-Мурза, Олег Орлов, Лилия Чанишева, Андрей Пивоваров, Саша Скочиленко ва бошқалар, шунингдек, америкалик журналист Эван Гершкович ва “Озодлик” радиосининг татар-бошқирд хизмати журналисти Алсу Курмашевалар бор.

Россияга қайтадиганлар орасида эса Берлинда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Хангошвилининг ўлимида айбланиб қамалган Вадим Красиков, ҳакер Роман Селезнев, жосус Дульцевлар ва бошқалар борлиги айтилмоқда.

Оқ уй Россия билан маҳкум алмашилганини тасдиқлади

АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Россия билан ўзаро маҳкум алмашилганини тасдиқлади.

Оқ уй баёнотига кўра, 1 август куни адолатсиз равишда Россияда озодликдан маҳрум этилган америкалик уч фуқаро ва бир грин-карта соҳиби – Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева ва Владимир Кара-Мурза ниҳоят уйларига қайтмоқда.

Уларнинг озодлигини таъминлаган келишув дипломатиямизнинг улкан муваффақияти бўлди. Умумий ҳисобда Россиядан 16 кишининг, шу жумладан Германиянинг беш фуқароси ва Россия фуқароси бўлган етти нафар сиёсий маҳбуснинг озод қилинишига эришдик. Улардан айримлари узоқ йиллар давомида адолатсиз равишда ҳибсда тутиб турилган. Уларнинг ҳаммаси тасаввурга сиғмайдиган азоб-уқубат ва ноаниқликни бошдан кечиришган. Бугун улар тортган азиятлар ниҳоясига етди”, дейилган Оқ уй баёнотида.

Президент Байден маҳкум алмашувини ташкил этишда кўмак кўрсатган Германия, Польша, Словения, Норвегия ва Туркияга ташаккур изҳор этган.

Бу ҳолат дунёда биз ишонишимиз ва суянишимиз мумкин бўлган дўстларга эга бўлиш нима учун бу қадар муҳимлигининг ёрқин намойишидир. Бизнинг иттифоқчиларимиз америкаликлар учун дунёни янада хавфсизроқ қилишмоқда”, деган АҚШ президенти.

"Озодлик" президенти АҚШ ҳукуматига миннатдорлик билдирди

Озод Европа/Озодлик радиоси медиакорпорацияси президенти вСтивен Капус "Озодлик" журналисти Алсу Курмашеванинг озод этилиши ҳақидаги хабарни олқишлар экан, Россия томонидан унга нисбатан адолатсиз муносабатни тўхтатиш учун тинимсиз меҳнат қилган АҚШ ҳукумати ва барчага миннатдорлик билдирди.

"Алсунинг озод этилиши Беларусда ва Россия томонидан босиб олинган Қримда шафқатсизларча қамоққа олинган "Озодлик" радиосининг яна уч журналистини озод қилишда бизнинг қатъиятимизни янада оширади. Ноҳақ ҳибсга олинган барча журналистларимиз уйларига соғ-саломат етиб бормагунларича тинчимаймиз. Журналистика – жиноят эмас", дея қўшимча қилди Капус.

АҚШнинг бир қанча оммавий ахборот воситалари Алсу Курмашева билан биргаликда Wаll Street Journal мухбири Эван Гершкович, собиқ америкалик денгиз пиёдаси Пол Уилан ҳамда Россия ва Британия фуқароси бўлган мухолифат фаоли Владимир Кара-Мурза ҳам озод қилингани ҳақида хабар берган.

Форум

XS
SM
MD
LG