Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:02

Россия ва Украина ўртасида уруш бошланиши ҳақидаги хавотирлар ортида нима бор?


Ўтган баҳорда Россия Украина билан чегарасига қўшин тортиши ортидан Кремль йирик ҳарбий ҳужум режалаштираётгани ҳақида миш-миш тарқалди.

Айни дамда яна шундай хавотир юзага келмоқда. ОАВ, жумладан, “The New York Times” ва “Bloomberg” нашрлари АҚШ расмийларига таяниб, Россия шу қиш Украинага ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Айримлар бу сафар Россия босқини 2014 йилдагидан "йирикроқ кўламда" бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар Россия ғарбий қисмида, шунингдек, Қримда ҳарбий тўпланаётганини яққол кўрсатади.

Россиянинг нияти нима эканини аниқлаб бўлмайди. Бунга қарамай, қуйида айрим муҳим саволлар ва уларга жавоблар билан танишишингиз мумкин.

Россия янги йирик ҳарбий ҳаракат бошлаши хавфи ҳақиқатан мавжудми?

Мавжуд далилларга таянсак, ҳа, бундай таҳдид бор. АҚШ разведкаси ва Украина армиясининг юқори мартабали расмийлари сўзларига кўра, 92 мингга яқин Россия ҳарбийси Украина шимоли ва шарқига чегарадош ҳудудга юборилган.

Жорий ҳафтада CNN АҚШ президенти Жо Байден маъмуриятидаги манбаларига таяниб, Вашингтон Украинага ҳарбий маслаҳатчи ва қурол-яроғ юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди.

Жорий ой бошида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Россия ҳарбийларининг ҳаракатлари ва эҳтимолий янги ҳужумидан "ҳақиқий хавотирда" эканини айтганди.

Москва ҳужум режалаштираётгани ҳақидаги хавотирларни "асоссиз" дея рад этаётган бўлса-да, Кремлга яқин қатор расмийлар ва таҳлилчилар бошқача изоҳ бермоқда. Уларнинг сўзларига кўра, агар Вашингтон ва Ғарб Москванинг Донбассдаги вазият, НАТОнинг Киев билан алоқалари ҳамда Шарқий Европа, Қора денгиз ва бошқа жойларда Ғарб давлатларининг ҳарбий фаолияти билан боғлиқ хавотирларини бартараф этмаса, Кремль чора кўришга қарор қилиши мумкин.

Нима учун айнан ҳозир?

Россия раҳбарияти минтақадаги беқарор вазиятдан фойдаланиб, чора кўриши мумкин. Аслида Москва ўз ҳаракатлари билан минтақадаги кескинликларни чуқурлаштириб келади. Баъзи таҳлилчиларнинг таъкидлашича, тинч вазиятдан кўра мураккаб вазият Россия Украинага зарба бериши учун қулайроқдир.

Польша Европа Иттифоқига осон етиб олиш ваъдалари билан қўшни Беларусга жалб қилинган муҳожирлар оқими билан курашмоқда. Варшава чегарада вужудга келган миграция инқирозида Беларусь президенти Александр Лукашенкони айбламоқда.

Айни дамда, Россиядан келадиган табиий газ учун тўловга қийналаётган Молдова Москвани мамлакатни шантаж қилишда айбламоқда. Танқидчилар, шунингдек, Москва Европанинг ўз газига қарамлигини кўрсатишга ҳаракат қилаётганини айтмоқда.

Шунингдек, Москва НАТО машғулотлари ва бошқа ҳарбий амалиётлари провокацион эканини иддао қилиб, тарангликни кучайтиришга интилаётгани айтилмоқда.

Россиянинг нияти нима ўзи?

Москванинг мақсадларидан бири Украинада ўз таъсирини оширишдир.

Россия 2014 йилда Украина шарқида тартибсизликларни келтириб чиқарганда, Москва мамлакатнинг нисбатан кичик қисмини ўз назоратига олиб, унга каттароқ таъсир кўрсатишга ҳаракат қилмоқда, дея хулоса қилинган эди. Хусусан, Москва Украина ҳеч қачон НАТОга қўшилмаслигига ишонч ҳосил қилишни истайди.

Аммо Донбассдаги уруш ҳануз давом этмоқда ва Кремлнинг хоҳиш-истакларига мос келадиган тинчлик шартномаси кучга киргани йўқ. Шу сабабдан Путин энди ўз мақсадига эриша олмаслигидан хавотирга тушган бўлиши мумкин.

RAND таҳлил марказининг катта сиёсатшуноси Сэмюэл Чарап ўтган ҳафта “Politico” нашри учун ёзган мақоласида россиялик собиқ депутат ва дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирди: "Донбассни қўлга киритиш, лекин Украинани йўқотиш Кремль учун мағлубият бўлади".

Ҳужум Россияга қимматга тушадими?

Агар Россия очиқдан-очиқ Украинага янги ҳужум уюштирса, Ғарбнинг кучли реакциясига дучор бўлиши аниқ. Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Москва камида янги санкцияларга йўлиқади. Қолаверса, Россия катта маблағ сарфлаган ва Москва учун иқтисодий ва геосиёсий жиҳатдан муҳим бўлган "Шимолий оқим 2" газ қувури лойиҳасининг куни битиши муқаррар.

Агар Россия Украина шаҳарларига қуруқликдаги қўшинлари билан бостириб кирса, етти йил аввалга солиштирганда анча тажриба орттирган ва яхши жиҳозланган Украина қўшинлари кескин қаршилик кўрсатиши, натижада юзлаб ёки минглаб рус аскари ўлиши мумкин.

Муаллиф ва таҳлилчи Марк Галеотти “The Moscow Times” газетасида яқинда чоп этилган мақоласида: "[Россия] Олий қўмондонлиги кўплаб аскар ногирон, ярадор ёки "Юк – 200" сифатида уйга қайтишини билмаслиги эҳтимолдан ҳоли", деб ёзган эди.

Путин Киевни қўрқитиб қўймоқчими?

Бу ҳозирча номаълум. Аммо Россиянинг ўтмишдаги ҳаракатларига назар ташласак, бугунги вазиятни таҳлил қилиш ва бу қишда нима бўлишини башорат қилиш мумкин.

Москва Қримни эгаллаб олиб, Донбаcс уруши бошланганидан бери Ғарб таҳлилчилари ва разведка ходимлари бир неча бор Россия янги ҳужумга ҳозирланаётгани ҳақида огоҳлантирди.

Ўтган баҳорда бундай башоратлар амалга ошмади. Бу шуни кўрсатадики, айни дамда чегара ҳудудларига қўшин юборилгани Москва шунчаки Ғарбга босимни сақлаб қолиш сиёсатини олиб бораётганини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG