Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:59

Россия: Хорижий агент деб топилган бир неча киши устидан маъмурий иш очилди


Хорижий агент (иллюстратив сурат)
Хорижий агент (иллюстратив сурат)

12 октябрь куни россиялик “Хорижий агент ОАВ мақомидаги жисмоний шахслар” ўзлари устидан “Роскомнадзор” баённомалари бўйича илк маъмурий иш очилганидан хабар топишди.

Уларни ижтимоий тармоқларда аватаркаларини ўзгартиришгани ва бегона постларни улашаётганда “УШБУ ХАБАР...” деб бошланувчи дисклеймерни илова қилишмагани учун жазолашмоқчи.

“Роскомнадзор” буни “хорижий агентнинг фаолият юритиш тартибини бузиш” деб баҳоламоқда.

Назорат идораси биринчи бўлиб журналист Степан Петров ҳамда ҳуқуқбон Лев Пономарёвни нишонга олди.

Лев Пономарев и Степан Петров, "За права человака" ташкилоти
Лев Пономарев и Степан Петров, "За права человака" ташкилоти

Россияда “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонун 2019 йил декабрдан бери мавжуд.

Адлия вазирлигининг махсус рўйхатига киритилган “хорижий агент” ҳар бир хабарида ушбу мақомини эслатишдан бош тортса ёки унутса, ҳисоботларни тўлдиришда хато қилса, у Россия Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексининг (МҲтК) 19.34.1-моддаси бўйича судланиши лозим.

Икки марта шу моддани бузишда айбланган одам айни ҳуқуқбузарликни учинчи марта содир этганда, “ўз мажбуриятларини бажаришдан қасддан бўйин товлаган хорижий агент” сифатида Жиноят кодексининг 330.1-моддасига кўра икки йилдан беш йилгача қамалиши мумкин.

“Хорижий агент мақомидаги жисмоний шахслар” рўйхати 2020 йил декабрдан бери тўлдирилмоқда. Адлия вазирлиги бугунгача 56 кишини махсус реестрга тиркаган.

Уларнинг барчаси “Роскомнадзор” ва Адлия вазирлигининг мазкур қарори устидан судга шикоят қилишган, аммо ҳозирча натижа бўлмаяпти.

“Улар мени кўпроқ ишлашга ундамоқда”

19.34-1-модда билан устидан маъмурий иш қўзғатилганлардан биринчиси 80 яшар ҳуқуқбон, “Инсон ҳақлари учун” миллий жамоат ташкилоти раиси Лев Пономарёвдир.

“Роскомнадзор” унинг хорижий агентлигини эслатмаган ҳолда “Фейсбук”да 20 та, “Твиттер”да 13 та ва “Инстаграм”да 2 та хабарни бўлишганини аниқлабди.

– “Фейсбук”да менинг 5 минг нафар дўстим ва 12 минг обуначим бор. Ушбу ижтимоий тармоқда фаол бўлишим уларга ёқмаётган кўринади. Аммо ҳатто репостларда ҳам хорижий агентлигингни эслатишни талаб қилиш – бу ғирт бемаънилик. Энди бошқаларнинг постларини улашишни тўхтатаман, шекилли. Бунинг ўрнига кенгроқ, таҳлилий мақолаларни кўпроқ қўяман. Бу маъмурий иш мени кўпроқ ишлашга ундайди. Онгли равишда жиноят ишини ўз бошимга сотиб олмайман, албатта. Аммо, агар жиноят иши қўзғатишса, начора, қисматим шу экан, – дейди ҳуқуқбон.

Унинг ҳимоячиси, адвокат Олег Еланчик шахсни ижтимоий тармоқлардаги хабар ва мақолалари учун жавобгарликка тортиш РФ Конституцияси ва Инсон ҳақлари бўйича Европа конвенциясига хилоф эканини айтади.

Унинг фикрича, Пономарёвнинг хатти-ҳаракатлари конституциявий қадриятларга ва атрофдаги кишиларга хавф туғдирмайди.

– Бу ерда бир ўлик мантиқ бор. Хабар Лев Пономарёвнинг саҳифасида пайдо бўляптими, демак, уни Пономарёв яратяпти ёки тарқатяпти, деб ҳисобламоқда “Роскомнадзор”. Бизнинг ҳукумат ҳеч нимадан тап тортмай қўйди. Саҳифа бошида умумий эслатма турганига қарамай, улашилган ҳар бир постда ҳам хорижий агентлигингни таъкидлашни талаб қилиш соғлом одамнинг хаёлига келмайди. Лекин масаланинг абсурдлиги “Роскомнадзор”ни тўхтатолмайди, биз буни амалда аллақачон кўрдик, – дейди Олег Еланчик.

“Мени ватан хоинига чиқаришяпти”

МҲтКнинг 19.34.1-моддаси бўйича жавобгар қилинаётганлардан яна бири – “Ёқутистон – Бизнинг Фикримиз” жамоат ташкилоти раҳбари, “Инсон ҳақлари учун” МҲТ минтақавий бўлими раиси Степан Петровдир.

– Мени хорижий агент деб топишганидан норозиман. Ушбу қарорни қонунга итоаткор мендек фуқаро ҳамда Россия давлати ва жамияти манфаатларини қўриқловчи фаолга нисбатан Адлия вазирлиги мулозимлари томонидан кўрсатилаётган мисли кўрилмаган волюнтаризм деб биламан, – дейди у.

Петров Адлия вазирлиги аккредитация қилган аксилкоррупцион эксперт ва эксперт ташкилот раҳбари сифатида Россияда ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертиза қилиш орқали 10 йилдан бери инсон ҳуқуқлари ҳимоясига катта ҳисса қўшиб келмоқда.

– Бутун онгли ҳаётимни халққа, жамиятга ва давлатга хизмат билан кечирдим. Шу боис мендан ватан хоини ва давлат душмани ясашга уринишаётганидан ғазабланмай туролмайман. Адлия вазирлиги хизматларим учун “миннатдорлиги”ни мени хорижий агентлар рўйхатига тиқиш билан “изҳор қилди”. Бу менинг иззат-нафсимни ҳақоратловчи ўтакетган адолатсизликдир. Қонунни қўриқлаши лозим бўлган идоранинг ўзи уни оёқости қилаётгани ниҳоятда ачинарли, – дейди Петров.

“Мустақил журналистларнинг ҳаётини заҳарлаш”

Журналист Сергей Меркеловни ижтимоий тармоқдаги аватаркасини хорижий агентлиги ҳақида эслатма бермасдан ўзгартиргани, туғилган кунига олган совғаси ҳақида ёзган хабари ва “7х7” нашри суратга олган фильмни репост қилгани учун жазолашмоқчи.

Аммо Маркелов хорижий агентларга юклатилган талабларни вақтинча бажармай туриш ҳуқуқига эга. Сабаби, у “хорижий агент эмас, балки ўз иши билан шуғулланаётган мухбирлигини исботлаш учун” 2021 йил мартдан бери Адлия вазирлиги билан судлашмоқда. Ва суд жараёни якунига етгунига қадар уни ўз хабарларида хорижий агентлиги ҳақида эслатма бериш ва Адлия вазирлигига ҳисобот топшириш мажбуриятидан расман озод қилган.

– Аммо бу барибир кишини асабийлаштиради, – тан олади журналист. – Дунё саратонга қарши дорини ихтиро қилган, кино суратга олиш учун космосга учаётган XXI асрда сени ҳар бир хабарингда хорижий агентлигингни эслатишга, банк тўлов картанг орқали қилган ҳар бир харидинг ҳақида ҳисобот топширишга мажбурлаш – бу қип-қизил бемаънилик ва антиутопия.

Бир неча ой олдин “ОВД-Инфо” нашри “Хорижий агентлар тўғрисида”ги қонунни бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилган эди. Уни ҳозирда 180 мингдан ортиқ киши имзолаган.

Аммо Маркелов петициядан бир иш чиқишига ишонмаслигини айтади:

– Бу қонунни бекор қилиш учун чиқаришмаган, уни мустақил журналистларнинг, яъни бирон бир йўл билан таъсир ўтказиб бўлмайдиган журналистларнинг ҳаётини заҳарлаш учун атай ўйлаб топишган.

Хорижий агентлар тўғрисидаги қонун аввалбошданоқ, Россияда амал қиладиган аллақандай норматив ҳужжатларга таянган ҳолда норозиларни тақиб этиш мақсадида қабул қилинган, деб ҳисоблайди ўзи ҳам шахсан хорижий агент деб топилган медиаюрист Галина Арапова.

– Қонун қабул қилиндими, бас, бу бир милтиқ каби – қачондир албатта отилади. Уни амалда татбиқ этиш учун қабул қилишди. Нимага татбиқ этилиши эса ҳуқуқий масала эмас, балки сиёсий мақсад масаласидир. Менимча, улар одамлар ўз фикрини айтмаслиги учун, сўз эркинлиги ва ахборот тарқатиш эркинлигини бўғиш учун, ҳеч ким ҳокимиятни танқид қилмаслиги учун шу ишни қилишяпти. Оғзаки ва ёзма огоҳлантиришлардан сўнг дастлабки маъмурий ишлар очилгани – журналистларга, медиаҳамжамиятга ва умуман Россия фуқароларига кучли босим бўлади. Улар олдида икки йўл қолади: ё чет элга кетиб фаолиятини давом эттириш ёки қишлоққа кўчиб кетиб, сиёсат ҳақида ортиқ фикр билдирмаслик, – дейди Арапова.

XS
SM
MD
LG