Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:17

Россия Таълим вазири: Хорижлик талабаларни қабул қилишга тайёр эмасмиз


Россиянинг кўплаб ўқув юртлари масофавий таълимга кўчган
Россиянинг кўплаб ўқув юртлари масофавий таълимга кўчган

Россия коронавирус пандемияси иккинчи тўлқини бошланиши туфайли хорижлик талабаларни қабул қилишга тайёр эмас. Бу ҳақда хабар қилган Россия Таълим ва фан вазири жорий вазият касалланиш ҳолатлари камаймагунча давом этишини билдирди.

Россияда таҳсил олишни давом этаётган ўзбекистонлик талабалар эса, ўз ҳамюртларига Россияга келишга шошилмасликни тавсия қилмоқда.

Россия Таълим ва фан вазири Валерий Фальков COVID-19 эпидемия туфайли Россия чет эллик талабаларни қабул қилишга тайёр эмас эканлигини билдирди.

Россия Ректорлари Иттифоқининг 17 ноябр куни бўлиб ўтган кенгашида вазир хорижлик талабаларга алоҳида эътибор қаратди.

- Бир қатор давлатлардан, жумладан, МДҲ давлатларидан ҳамкасбларимиз келишни исташади, лекин йўл ёпилган ёки бошқа бир қатор сабабларга кўра киришнинг имконияти йўқ. Сиз бизнинг шаҳарларимиз ва йирик университетларимиздаги вазиятни кўриб турибсиз, энди биз ҳам чет эллик талабаларни қабул қилишга тайёр эмасмиз. Вазият сентябрь ойи бошидагидан тубдан фарқ қилади, - деди Таълим вазири.

Валерий Фальков бугунги кунда Россияда таҳсил олаётган хорижлик талабаларнинг учдан бир қисми ўз юртларига кетиб, қайтиб келмаганини билдирди.

Вазир кўплаб малакат олий ўқув юртлари масофавий таълим тизимига ўтгани ва бу жараёнда энг катта эътибор биринчи босқич талабаларига қаратилиши лозимлигини уқтириб ўтди.

Бунинг учун вазирлик ҳар бир талабага алоҳида эътибор берилиши таъминланишини талаб қилди.

Бироқ Россия ОЎЮларидаги қишки сессия онлайн тарзда ўтказилиши белгиланганига қарамасдан, ҳозиргача институт ва университетлар раҳбариятига қатъий чекловлар киритиш бўйича талаблар қўйилмаган.

Ҳозирги кунда Россия Федерациясида коронавирусдан зарарланганлар сони 24 581 кишига ошиб, навбатдаги рекорд кўрсаткичларга етди.

Россияда шу кунга қадар касалликдан ўлганларнинг умумий сони 36 179 кишини ташкил қилса, охирги бир кун ичида улар сони 401 нафарга купайди.

Бундан олдинроқ Россияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар мамлакатга кириш ва ўқишни давом эттиришга рухсат беришни сўраб, Россия ҳукуматига очиқ хат йўллагани тўғрисида Озодлик хабар берганди.

Озодлик суҳбатлашган ўзбекистонлик талабалар Россия ўқув юртлари томонидан ташкил этилган масофавий таълим курслари уларнинг билим олиш ва малака оширишга бўлган эҳтиёжларини қондира олмаётганини айтишганди.

Тошкентлик 26 яшар Камрониддин Насриддинов И.И. Мечников номидаги Шимоли-Ғарбий давлат тиббиёт университети ординатура 2-босқич талабаси. У бошқа студентлар каби Ўзбекистонга қайтиб кетмаганидан хурсандлигини айтди:

- Мен ҳамма талабалар уйга шошганида вазиятни ўрганиб чиқиб, охирги ўқув йилим бўлганлиги сабабли қолишга қарор қилдим. Ўйдагилар ўйга қайтишимни анча сўрашди, кўп дўстларим ўз юртларига қайтиб кетишди ва ҳозир пушаймонда, - дейди Комрониддин.

Тошкентлик 24 ёшар Александра Акопян Бутунроссия давлат Адлия университетининг юриспруденция йўналиши 3-босқич талабаси. У ўзи ўқиётган университет масофавий таълимга ўтганини билдириб, талабаларнинг Россияга шошилишига ҳожат йўқ, дейди:

- Масофавий билим бериш даражаси биз кутган талабларга жавоб бермайди. Касалланишлар кўпайгани сабабли университетимиз 1 октябрдан бизни масофадан туриб ўқишга ўтказди. Таълим олий уқув юртларда масофага ўтказилса, чет эл фуқароларининг келишига хожат йўқ, деб ҳисоблайман, - дейди Александра.

Айни дамда талабалар ҳамда меҳнат муҳожирларининг, асосан Беларусь, Қозоғистон орқали сохталаштирилган ҳужжатлар ва ноқонуний йўллар билан кириб келишга уринишлари кузатилмоқда.

Россия Чегара хизмати ноқонуний йўллар билан кирган шахслар мамлакат Жиноят Кодексининг 322-моддаси, 2-бандига асосан уч юз минг рублгача жарима ёки тўрт йилгача мажбурий меҳнат ёки шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ва мамлакатдан бир умрга бадарға қилиниши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Охирги йилларда Ўзбекистон Россия олийгоҳларида ўқийдиган талабалар сони бўйича МДҲ давлатлари орасида биринчиликда ва йил сайин бу кўрсаткич ошиб бормоқда.

Россия Фан ва олий таълим вазири ўринбосари Марина Боровская 2019 йили мамлакатда 26,5 минг ўзбекистонлик кундузги бўлимларда таҳсил олганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG