Украина ташқи разведка хизмати раҳбари Александр Литвиненко “Интерфакс-Украина” нашри учун ёзган мақоласида Россия билан урушда танглик палласига кирганидан, шунингдек Путиннинг мақсад ва вазифаларидан баҳс этди. Бир неча кун олдин Россия Федерация кенгаши мамлакатнинг 2024 йил учун бюджетини тасдиқлаган эди. Унда ҳарбий харажатларга рекорд сумма ажратилиши кўзда тутилган. Ҳарбий харажатлар илк бор ижтимоий соҳа харажатларидан ортиб кетган.
“2026 йилда Россияда ҳарбий ишлаб чиқариш ҳажмлари кенг кўламли юқори даражада интенсив ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш учун етарли бўлиши, 2028 йилда эса Россия 2022 йилдаги ҳарбий имкониятларини тиклаши керак. Россиянинг 2024-2026 йиллар учун бюджети айнан мана шу мақсадга эришишга қаратилган. 2024 йилданоқ бюджет харажатларининг салкам 40 фоизи урушга йўналтирилади”, деб ёзади Александр Литвиненко.
Ташқи разведка хизмати раҳбарига кўра, Путин “Украинани 10-15 йил давом этадиган дунёни қайта тақсимлаш жараёнида, интенсивлиги турлича можаролар асносидагина босиб олиш мумкин”, деб ишонади. Ва бунда, эҳтимол, ядро қуролини қўллашга тўғри келади, деб ўйлайди. Айни чоғда Кремл Украинага қарши урушни Россия учун муҳим деб ҳисоблайди, аммо ягона фронт деб эмас.
Шу ўринда, Литвиненко фикрича, Кремль олдида тўртта вазифа кўндаланг бўлади: ички барқарорликни таъминлаш, Ғарбга муқобил давлатлар коалициясини тузиш, ўзга мамлакатларга қарши агрессияга ҳозирлик кўриш ҳамда бошқа минтақалар – Яқин Шарқ, Африка ва Болқонда уруш оловини ёқиш. Булар орасида айниқса учинчи бандга алоҳида эътибор бериш лозим.
Россия ҳукумати Украинага эмас, балки бутун НАТО блокига қарши урушяпмиз, деб бот-бот такрорлаб келмоқда. НАТО эса Россияни биринчи рақамли таҳдид деб ҳисоблайди. Альянс Россия билан уруш эҳтимолини ҳисобга олиб “ҳарбий Шенген” яратишни таклиф қилди. НАТО вакили Александр Зольфранк изоҳ беришича, бу қуролли можаро чиққан тақдирда турли мамлакатлар қўшинларининг блок ичида ҳаракат қилишини осонлаштиради ва “жанговар ҳаракатлар майдонини олдиндан тайёрлаб қўйишга” ёрдам беради.
Ҳарбий-сиёсий эксперт, тарих фанлари номзоди Юрий Фёдоров “Настояшчее время” билан суҳбатда Россиянинг Европадаги яна бир мамлакатга ҳужум қилиши хавфи қанчалик реал эканлиги ҳақида сўзлаб берди.
– Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари Александр Литвиненко “Интерфакс-Украина” нашрида эълон қилинган мақоласида “айни пайтда Россиянинг приоритетларидан бири бу бўлғуси агрессияга ҳозирлик кўриш”, деб ёзади ва Молдова, Литва, Латвия, Эстония каби қатор давлатларни тилга олади, шунингдек ушбу мамлакатларда гўёки русийзабон аҳоли ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақида Россияда кўп гапирилаётганига эътибор қаратади. Сизнингча, Россия ростдан ҳам ушбу мамлакатларига бостириб кириши мумкинми?
– Бу хавф анчадан бери бор, аниқроғи – Шойгу бошлиқ Россия армияси тахминан 2022 йил 24 февралдаги қиёфага кирган вақтдан бери. Болтиқ мамлакатларига ҳужумнинг реал хавфи ва бунинг учун реал имкониятлар 2017-2018 йиллардаёқ юзага келган. Бунга қадар Москвада ҳам, Ғарбда ҳам Россия қўшинлари Болтиқ мамлакатларига бостириб кирган тақдирда нима бўлади, деган савол атрофида жуда жиддий тадқиқотлар қилинган. Умумий хулоса эса анчайин тушкун бўлган: агар шунақа уруш бошланса, Россия армияси бир неча кундан сўнг Литва-Польша чегарасига чиқаркан.
– Бу пайтда НАТО блоки нима қилаётган бўлади?
– Энг муҳим савол шу эди. Москвада бу саволга қуйидагича жавоб берилган: “НАТОнинг Болтиқ мамлакатларида жойлашган контингенти Россия ҳарбий машинасига қаршилик кўрсата олмайди, рус армияси уларни устидан босиб ўтиб кетади. Польша чегарасига чиқилганида эса НАТО мамлакатлари учун реал муаммо пайдо бўлади. Улар Болтиқ давлатлари яна Россия оккупацияси остида қолишига рози бўлмасалар, катта уруш чиқади ва унда Россия ядро қуролини ишга солишга мажбур бўлади. НАТОга аъзо мамлакатлар ўз ҳудудларини ядровий портлашлардан сақлаш учун ҳам таслим бўлишдан бошқа чора тополмайдилар”. Москва тахминан мана шу стратегик мантиққа таянган.
– Ҳозир-чи?
– Ҳозир Россияга қийинроқ, чунки жанг қилиши мумкин бўлган деярли ҳамма ва ҳамма нарса Украинага ташланган ва Украинада жанг қилмоқда.
– Бундан келиб чиқадики, яна бир нечта фронт очиш ва бошқа давлатлар билан урушишга Россиянинг қурби етмайди?
– Етмайди. Россия қуролли кучларининг тўрт юз мингдан зиёд аскар ва офицерлари ҳозир Украинада банд. Аксари – қуруқлик қўшинлари ва ҳаво-десант қўшинларининг ҳарбий хизматчилари. Болтиқ давлатларига қарши урушга эса шулардан бошқа қўшин турлари ярамайди. Лекин кўп нарса Россиянинг Украина билан уруши қачон ва қандай тугашига, Россия бу урушдан қай аҳволда чиқишига боғлиқ. Энг муҳим масала шу. Қолаверса, Украина Ташқи разведка хизмати бошлиғи Россия келаси йили ва 2026 йилга қадар фантастик миқдорда ҳарбий харажатлар қилишни режалаётганига жуда тўғри урғу берган. Келинг, ўша рақамларга биз ҳам диққат қилайлик: 2021 йилгача Россиянинг йиллик ҳарбий харажатлари тахминан 3 триллион рублни ташкил қилган бўлса, 2023 йилда 6 трлн рублдан ошган. Келгуси йилда 10,7 трлн сарфлаш режаланган, яъни харажатлар тақрибан 75 фоизга ошади! Кейин улар бир оз камайтирилади, аммо 2026 йилда тахминан 7,5 триллион рубл миқдорда сақланади. Яъни, Украина билан урушгача бўлган кўрсаткичдан икки бараварга ошади.
Ушбу харажатлар Украинага қарши урушни ўз шартларида якунлашга ҳаракат қилиш учун керак. Менимча, ҳеч нимага эриша олишмайди, лекин бу бошқа масала, ундан сўнгра Россия қуролли кучларини бюджет тузувчилар ва рус генераллари наздида НАТО билан урушишга қодир даражага етказиш лозим бўлади. Бу ерда НАТО қандай реакция билдиради, деган савол келиб чиқади. Менимча, Альянс Россияга муносиб жавоб беради.
– НАТО аъзоларига, Болтиқ мамлакатларига босқин бўлиши эҳтимоли ҳақида гапирдингиз. Аммо Ташқи разведка бошлиғи санаб ўтган давлатлардан Молдовани тилга олмадингиз.
– Украина жанг қилиб турган экан, фронтда тахминан ҳозиргидек вазият сақланиб тураркан, Молдовага бостириб кириш Россия учун жисмонан имконсиз бўлиб қолаверади. Молдовада жойлашган Россия ҳарбий контингентига келсак, у жуда кичик, атиги икки батальон, улар ҳам асосан кўнгилли бўлиб хизмат қилувчи маҳаллий халқ вакилларидан тузилган, танклар тугул, зирҳли машиналари ҳам кам. Бу контингентнинг кучи ўта чекланган, боз устига Молдова Руминия ва бошқа НАТО мамлакатлари ёрдамида ўз армиясини хийла оёққа турғазиб олди. Ҳарбий ҳаракатлар бошлангудек бўлса Россия Молдовага, Днестрбўйига учоқларда мадад кучларини етказиб бера олмайди.
– Қозоғистон хусусида нима дея оласиз?
– Қозоғистон билан ҳам қийин бўлади. Қозоқларда тузуккина армия бор. Ҳа, шимолий вилоятларда яшовчи славян аҳоли муаммо бўлиши мумкин, бироқ Қозоғистон ҳукумати бунга йўл қўйиб беради деб ўйламайман. Улар бошқаларнинг хатоларидан сабоқ чиқаришяпти.
Форум