Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:47

Россияда мигрантларни эмлаш: тизимсизлик, турфа нарх ва тартиблар


Россияда меҳнат мигрантларини COVID-19 га қарши эмлаш июль ойидан бошланган эди. Москвада бу катта кампания тусини олди: одамларни вакцина олишга ишонтиришмоқда, ҳатто эмланмаганларга патент берилмаслигини айтиб, қўрқитишяпти ҳам. Пойтахтда вакцина топилади – “Спутник Лайт”нинг бир дозасини 1300 рублга олиш мумкин. Бошқа ҳудудларда вазият ҳар хил: Петербургда, масалан, эмлаш бир ярим ой кеч – август ойи ўрталарида бошланди, вакцина нархи ҳам қиммат, қолган минтақаларда эса мигрантларни эмлаш ҳануз бошлангани йўқ.

Ҳаммаси “Роспотребнадзор”нинг мигрантлар ишлайдиган соҳалар – савдо, умумий овқатланиш, такси, коммунал хўжалик ходимларининг 60 фоизини мажбурий эмлаш ҳақидаги 16 июндаги буйруғидан бошланди. Кейинроқ президент Путин 15 июлга қадар Россияга ишлаш учун келадиган мигрантларни эмлашни ташкил қилиш ва бунинг молиявий манбаларини белгилашга топшириқ бериб, буйруқ ижросини тезлаштириб юборди.

Москва шаҳри ва вилояти. Навбатлар, полислар, Спутник Лайт

Москвада топшириқни жиддий қабул қилишди: бир неча кунда талай эмлаш пунктлари очилиб, мигрантларни баъзан ишдан бўшатиш билан дўқ қилиб, эмлашга мажбур қилишди. Июль охирларида эмлаш марказларида турнақатор навбатлар ҳосил бўлди.

“Молиялаш манбалари”га келсак, манба мигрантларнинг ўзи бўлди. Ҳуқуқбонлар Москвада мигрантлардан патент учун 5431 рубль ундирилишини эслатиб, уларни бепул эмлашга чақирди. Бироқ уларга ҳеч ким қулоқ солгани йўқ: натижада пойтахтда бир марта эмланиш 1300 рублга тушмоқда. Аслида бу пулни иш берувчилар тўлаши керак, аммо, ҳуқуқбонлар ва эмланганлар айтишича, кўп ҳолларда вакцинани мигрантлар ўз ёнидан сотиб олмоқда.

Бепул эмланишга фақат мажбурий тиббий суғурта (МТС) қилдирган мигрантларгина даъво қилиши мумкин бўлди, яъни: ЕОИИга аъзо давлатлар фуқаролари, шунингдек вақтинча яшаш рухсатномаси (ВЯР) ва яшаш рухсатномаси (ЯР) бор хорижликлар. Бу хабар МТС полисини расмийлаштиришда ажиотаж келтириб чиқарди. Гап шундаки, россияликлардан фарқли ўлароқ, чет элликлар ҳар йили МТС полиси расмийлаштириши лозим. Илгари полиси бўлмаганларга дастлаб 30 кунлик вақтинча полис берилади.

Аммо, масалан, “Лужники”даги эмлаш марказида вақтинчалик полиси бор ЕОИИга аъзо мамлакатлар фуқаролари ҳам бошқа мигрантлар каби 1300 рублдан пул тўлаганлар. У ерда эмланганлардан бири – қирғизистонлик Ойжамол.

“Нега полисингиз йўқ, дейсизми? Ўтган йилларда бир неча марта полис расмийлаштирганман, лекин ҳеч қачон кераги бўлмаган. Ҳар йили янги олиш керак, бу эса хийла ноқулайлик туғдиради. Ҳозир МТС эмланиш учун зарур, дейишяпти, лекин синглим иккимиз “Лужники”да полис учун барибир пул тўладик”, дейди у.

Август ойи ўрталарига келиб эмлов ажиотажи бир оз босилди, аммо одамларни ҳануз эмланишга чақиришмоқда, баъзан қонунга зид усуллар ҳам ишга солиняпти. 15 август куни “Тонг Жаҳони” ҳуқуқбонлик ташкилотига иккита мурожаат тушди: уларнинг муаллифлари “Сахарово” кўп тармоқли миграция марказида эмланмаганларга патент, ВЯР ва ЯРга ҳужжатларини қабул қилмаслик билан таҳдид қилинаётганини билдиришган. Ташкилотга юборилган видеоёзувда “Сахарово” КТММ ходими овозкучайтиргич орқали шундай эълон қилади:

“15 августдан вакцина олгани ҳақида сертификати бўлмаган шахсларнинг патентлари бекор қилиниб, янгисини бериш тўхтатилади. Сизлар эмланганлик сертификатисиз ишлай олмайсиз. “Спутник Лайт”дан бир доза олишингиз билан сертификат қўлингизга берилади”.

Шундай бўлса-да, патент беришни рад этиш ҳоллари бўлгани аниқланмади: эълон мигрантларни қўрқитиш ва эмланишга ундаш учун ўқилаётган бўлиши мумкин. КТММ матбуот-хизмати “Настояшчее Время” телеканалининг чет элликлар эмлов сертификатисиз патент ва бошқа ҳужжатлар муддатини узайтира олиши ёки олмаслиги ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдирган.

Мигрантларни ишга жойлаштиришга ихтисослашган “ТутЖдут” лойиҳаси асосчиси Наталья Хмельницкаяга кўра, мигрантларни эмлаш дастурининг қанчалик муваффақиятли чиққани ҳақида хулоса чиқаришга ҳали эрта, чунки “ҳатто Москванинг ўзида ҳам қийинчиликлар бўлган”. У илгари мигрантлар ўзлари эмлана олмаганини, буни фақат иш берувчи орқали қилиш мумкин бўлганини эслатади. Бунақа тартиб яхши ишламаслиги аён бўлгач, мигрантларнинг ўзлари эмлаш марказига боришига рухсат берилди. Аммо энди узун навбатлар пайдо бўлди ва тўлиқ бир иш кунини эмланиш учун навбат кутиб ўтказа олмайдиганлар у ерга бормай қўйди, деб ҳикоя қилади Хмельницкая.

Москва вилоятига келсак, у ерда ҳамма нарса локал тарзда ва фақат иш берувчилар орқали ҳал қилинди, мигрантлар ўзлари эмланишига йўл қўйилмади, дейди “ТутЖдут” лойиҳаси асосчиси.

Унинг айтишича, бир ҳолатда жараёнга унинг ўзи аралашиб, битта корхонада ишлайдиган барча мигрантларнинг ҳужжатларини тўплашда ва уларнинг ҳаммасини белгиланган вақтда эмлаш марказига олиб боришда иш берувчига кўмаклашган. Марказда мигрантларга “Спутник V” вакцинаси қўлланган. “Чунки Москва вилоятида “Спутник Лайт” йўқ эди – уни фақат Москва учун ажратишган экан”, изоҳ беради Хмельницкая.

Санкт-Петербург. “Нархлар турли, жойига бориб эмлаганда – қимматроқ”

Август ойи ўрталарида эмлаш кампаниясига Санкт-Петербург ҳам қўшилди. РБК нашри 10 августгача иш берувчилар жами 54 минг чет эллик ходимларини эмлашга ариза бергани, шаҳарда жами 17 та хусусий клиника мигрантларни эмлашга тайёрлиги ҳақида ёзди. Расмий қайдларга кўра, Петербургда патент, ВЯР ва ЯРга эга 200 мингга яқин ва яна тахминан шунча ЕОИИга аъзо давлатлардан келган меҳнат мигрантлари мавжуд. Шу билан бирга, Петербургда ўртача иш ҳақи Москвадагидан паст, мигрантлар учун патент нархи эса 4000 рублни ташкил қилади.

РБК маълум қилишича, 10 август куни чет эл фуқароларини эмлашга расмий рухсатнома олган “Lahta Clinic” ширкати 16 августдан “Галерея” СКМ эмлаш марказида мигрантлар ва сайёҳларни 3500 рублдан “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмлашни бошлаган.

Уч кундан сўнг Ягона тиббиёт марказида ҳам хорижликлар учун COVID-19 га қарши “Лайт” билан эмлаш йўлга қўйилди. Муассаса вакилининг “Настояшчее Время”га маълум қилишича, Санкт-Петербургда ягона нарх йўқ. ЯТМ стационар шароитда эмлаш учун 2350 рубль нарх белгилаган. Лекин агар жойига бориб эмланадиган бўлса, устама ҳақи қўшилади.

Бошқа бир хусусий клиника чет элликларга 3300 рубль эвазига “Спутник Лайт” билан эмланишни таклиф қилмоқда. Эълонда эмланиш учун Россия паспорти ва МТС полиси талаб қилинмаслиги қайд этилган.

16 август санасида Санкт-Петербургнинг Халқаро муносабатлар бўйича қўмитаси ушбу кундан эътиборан хорижликлар “Галерея” СКМда “Спутник Лайт” ёки “Спутник V” билан текинга эмланиши мумкинлигини хабар қилди. Бироқ бу имтиёздан фақат МТС полиси бор ажнабийларгина фойдалана олар экан.

Петербургда ишлайдиган мигрантларнинг ўзларидан ҳар хил гап чиқяпти: айримлар “ишхона ҳисобидан” эмланган, баъзиларни “эмлаш учун навбатга ёзишган, иш берувчи ҳамма харажатни тўламоқчи, лекин қачон эмлашлари номаълум”. Ошхонада ишловчи учинчи суҳбатдош эса у ва ҳамкасблари эмланмаган бўлишса-да, хотиржам ишлашаётганини, муаммо йўқлигини айтган.

“Москвани билмадим‑у, лекин бу ерда кўпчиликни мажбурлашяпти, айниқса, умумий овқатланиш соҳасида ва дўконларда ишловчиларни. Бири кийим-кечак дўконида, бири ресторанда ишлайдиган икки ўртоғимни эмлашди. Аммо мени, камина бариста (қаҳва дамловчи) бўлиб ишлайман, ҳануз чақиришгани йўқ. Ҳайронман”, дейди Петербургдан Дониёр.

Россия минтақаларида ва босиб олинган Қримда мигрантлар қандай эмланмоқда?

Июнь ойи охирларида‑ёқ Свердлов вилояти ОАВлари ушбу минтақада ишловчи кўплаб мигрантлар ўзлари пул тўлашга тайёрлиги, лекин қаерда ва қай тартибда эмланишни билмаслиги ҳақида ёзган эди.

“Масала ҳамон расмий тарзда ҳал қилинмаган – мигрантларни бепул эмлаш ҳақида кўрсатма йўқ. Кўп мигрантлар пул тўлаб эмланмоқчи бўлиб юрганини биламан, лекин аниқ маълумотга эга эмасман. Расмийлар мигрантлар кўп соҳаларда, хусусан, хизмат кўрсатишда асосий ишчи кучини ташкил қилишини ва уларни биринчи галда эмлаш кераклигини яхши тушунишади. Аммо, бошқа тарафдан, бу ерда иш берувчиларни назорат қилиш қийин, чунки аксари ишчилар ноқонуний ишлайди”, дейди “Миллатлараро ахборот маркази” ижрочи директори Нурзида Бенсгиер.

Вилоятда ишлаётган Алишер эмланиш масаласида маҳаллий миграция марказига шахсан мурожаат қилганини, аммо у ердагилар мигрантларни эмлаш ҳозирча режада йўқлигини айтишганини сўзлаб берди.

Тверда “чет элликлар фақат МТС полиси бўлсагина эмланиши мумкин, патент бўйича эмлаш йўқ”. Июнь ойи охирларида маҳаллий газета вилоятдаги суғурта ширкатларига меҳнат мигрантларидан кунда ўнлаб қўнғироқлар бўлаётганини, уларни ҳеч қаерда эмлашмаётганидан шикоят қилишгани ҳақида хабар қилди. Сабаб битта: Тверь вилояти ҳудудида ишлаётган чет эл фуқароларини эмлаш тартиби белгиланган бирорта федерал ёки минтақавий норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ.

Жанубий Сахалинда ўтган ойда шаҳар поликлиникасига атай мигрантлар учун икки минг доза “Спутник Лайт” келтирилиб, 1200 рубль эвазига эмлаш бошлангани хабар қилинди. 20 августга қадар савдо, қурилиш ва транспорт соҳалари ходимларининг 60 фоизини эмлаб улгуришга кўрсатма берилганига қарамай, мигрантлар вакцина олишга шошилмаяпти. 11 августдаги маълумотга кўра, вилоятда атиги 1440 нафар чет эллик вакцина олган. Шундан сўнг эмлов суғурта полиси бор мигрантларга бепул қилиб қўйилди.

“Магадан вилоятида мигрантларни эмланишга мажбур қилишмаяпти, лекин хоҳловчилар 2500 рублга вакцина сотиб олиши мумкин. Агар буни мажбурий қилиб қўйишса, ҳамма охирига қадар пайсалга солиши аниқ, чунки бошқа харжларимиз кўп. Масалан, патентнинг ўзи бу йил уч марта қимматлашиб, 2178 рублдан 6780 рублга чиқди. Қолаверса, соғлиғини ўйлаб эмланишга шай турганлар ҳам бор. Савдо маркази ёнида кўчма эмлаш пункти турарди. Кеча кўзим тушди, эшигига эълон осиб қўйишибди: “Фақат Россия фуқаролари эмланади”, деб. Мигрантлардан кўп мурожаатлар бўлганки, шундай қилишибди”, дейди Магадандан Алишер.

16 август куни Татаристонда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни пулли эмлаш бошланди. Вакцина баҳоси – 1200 рубль.

Тюмендаги кафелардан бирида ишловчи Зафарнинг айтишича, “шаҳарда вакцина масаласида жимжитлик, ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ”.

Ростов ҳамда Воронеж вилоятларида МТС полиси соҳибларигина эмланиш имкониятига эга.

17 августда Хабаровск вилоятига мигрантлар учун уч минг доза “Спутник Лайт” келтирилиб, эмловни бошлаб юборишди. Минтақа ҳукумати раисининг ўринбосари Евгений Никоновга кўра, вакцина МТС полиси бўлмаган чет элликлар учун пуллик бўлиб, ўртача тариф 1200 рублни ташкил қилади.

Россия босиб олган Қримда ишловчи Анатолий патент олган мигрантнинг эмланиш имконияти бор ёки йўқлигини мустақил суриштириб кўрганини айтади: “Поликлиникаларда мигрантларни эмлашмаяпти, бу қаерда қилинишини билишмайди ҳам. Ҳеч қанақа маълумот йўқ. Патенти бор мигрантлар эмланиши мумкин, деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиришгани қолди”, дейди у.

“Ҳукуматнинг иккиюзламачилиги мана шунда рўй-рост намоён бўлди: вакцинани четга сотади, ўз фуқароларини бир амаллаб кўндиради эмланишга, аммо Россияда неча йиллардан бери ишлаётган мигрантларга келганда очиқча ғирромлик қилишяпти”, куюнади Анатолий.

“Мигрантларни эмланглар, дейишади. Бироқ бу қандай бўлади?”

“ТутЖдут” ташкилоти раҳбари Наталья Хмельницкая Анатолийнинг фикрига қўшилади: “Чет эл фуқароларини эмлашдаги қийинчиликлар тизим йўқлиги билан боғлиқ”.

“Ҳукумат минтақаларни унутиб қўйди, дея олмайман. Шунчаки, ҳудудларда мигрантларни эмлаш тартиби ҳужжатлаштирилмаган. “Мигрантлар эмлансин”, деб буйруқ беришади‑ю, аммо бу қай йўсин бажарилади, қайси вакцина билан, вакцинани ким ажратади, бепулми ёки пулли, унинг ҳақини ким тўлайди – буларни тушунтиришмайди. Кўпсонли одамлар билан боғлиқ ижтимоий амалларга доир ҳамма нарса аниқ-тиниқ ҳужжатлаштирилиши лозим. Бу тизимда нафақат мигрантлар, балки яна иш берувчи, тиббиёт муассасаси ҳамда давлат идораси қатнашяпти. Уларни ягона тизимга бирлаштирувчи алгоритм йўқ экан, бу қарор калтабинликдан бошқа нарса эмас”, дейди Хмельницкая.

Эксперт у ва ҳамкасблари ушбу масала билан уч ярим ҳафта қаттиқ шуғулланганини, “оғзаки айтилаётган гаплар билан мигрантларни эмлашга имкон берувчи реал механизмни таққослаш учун” турли инстанцияларга хатлар юборганини айтади. Маълум бўладики, ҳар бир алоҳида ҳолатда қарор “қўл режимида” қабул қилинган экан.

МТС полисини олиш учун патенти ёки меҳнат шартномаси йўқ мигрантларга келсак, улар эмлаш кампаниясидан буткул четда қолиб кетади, дея хулоса қилади Хмельницкая.

“Одам анчадан бери Россияда ишлайди, лекин ҳужжати йўқ – у нима қилиши керак? Бунақалар сон мингта. Ким эмлайди уларни? Ахир улар вирус тарқатиши мумкин‑ку? Қолаверса, аниқ қоидалар бўлмаган шароитда коррупционерлар ва қаллобларга кенг йўл очилишини ҳам назардан қочирмаслигимиз лозим”, дейди у.

Россия ИИВнинг 5 августдаги маълумотига кўра, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидан келган ва Россия ҳудудида ноқонуний бўлиб турганлар сони 700 минг кишидан ортиқ.

XS
SM
MD
LG