Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:22

"Туркияга кетганди". Рус генералини ўлдиришда гумонланаётган ўзбекистонлик ҳақида нима маълум?


Аҳмаджон Қурбонов Басманний туман судида, 19 декабрь, 2023
Аҳмаджон Қурбонов Басманний туман судида, 19 декабрь, 2023

Москвада рус генерали ўлимига сабаб бўлган терактни уюштиришда айбланаётган тошкентлик 29 яшар Аҳмаджон Қурбоновнинг оиласи Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назорати остида қолмоқда.

Аҳмаджон Қурбонов, яқинларининг сўзларига кўра, 2021 йилда Туркияга пул топиш учун кетган. Сўнгги бор онасига Россиядаги портлашдан 2 кун аввал қўнғироқ қилиб, ўзининг соғ-саломатлиги, Россияда ошпазлик қилаётганини айтган.

Радиация, кимёвий ва биологик қуроллардан мудофаа қўшинлари бошлиғи Игорь Кириллов ва унинг ёрдамчиси Илья Поликарпов 17 декабр куни эрталаб Москванинг Рязан проспектида ўлдирилганди.

19 декабрь куни Москва шаҳар суди бу терактни уюштиришда айбланган ўзбекистонлик Қурбонов Аҳмаджон Алижон ўғли 2 ойга ҳибсга олинганини маълум қилди.

Москвада рус генерали ўлдирилиши муносабати билан Ўзбекистон фуқаросининг қўлга олиниши Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар орасида яна тазйиқлар ва депортациялар бошланади, деган қўрқувни кучайтирмоқда.

--------------------------------------

Қурбоновлар оиласи назорат остида

Озодлик Қурбоновнинг Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги Пахтакор маҳалла фуқаролар йиғинида яшайдиган оиласини топди. Аммо, оиланинг оммавий ахборот воситалари билан алоқа қилмаётгани маълум бўлди.

Ушбу маҳалла фаолларидан бирининг шахси сир қолиши шарти билан айтишича, Аҳмаджон Қурбонов 2021 йилда Туркияга пул топиш учун, яъни меҳнат муҳожири сифатида ишлагани кетган.

Сўнгги бор онасига Россиядаги портлаш воқеасидан 2 кун аввал қўнғироқ қилиб, ўзининг соғ-саломатлиги, ишлари яхши экани, Россияда ошпазлик қилаётганини айтган.

Маҳалла фаолига кўра, Қурбоновнинг оиласи маҳалланинг ўртаҳол, тинч хонадони сифатида маълум. Бир неча йил аввал оламдан ўтган отаси Алижон Қурбонов ошпазлик қилган, оиладаги яна бир ўғил новвойлик қилади. Аҳмаджон Қурбонов Ўзбекистондан чиқиб кетаётган пайтда уйланмаган бўлган.

Маҳалла вакилининг айтишича, оиласи унинг қачон ва қандай қилиб Туркиядан Россияга бориб қолганидан бехабар.

Бу оила билан гаплашган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташановга кўра, оила ҳодисани эшитганидан бери қаттиқ шокда, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эса оила билан мунтазам алоқада.

Абдураҳмон Ташановга кўра, Қурбоновлар оиласи Аҳмаджоннинг Москвада террорчилик ҳаракати содир этишда айбланаётгани ҳақида расмий хабарни Учтепа тумани ИИБ терроризм бўлими ходимларидан олишган, бошқа тафсилотларни эса оммавий ахборот воситалари хабарларидан билишган.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги “Эзгулик” жамияти раиси Россияда ҳозирданоқ Аҳмаджон Қурбоновнинг айбсизлик презумпцияси доирасидаги ҳуқуқлари бузилиши, жумладан айби судда тасдиқланмай туриб, унинг исми эълон қилиниши ва гўёки иқрорлиги акс видеонинг Тергов қўмитаси томонидан тарқатилганидан хавотир изҳор қилмоқда.

Басманний суди қарори

19 декабрь куни Москва шаҳар суди ўзбекистонлик Қурбонов Аҳмаджон Алижон ўғлига нисбатан 2 ой ҳибсда қолдириш қарорини чиқарди.

“Москва шаҳар Басманний туман судининг қарори билан дастлабки тергов органларининг, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 205-моддаси 3-қисми “б” банди, 222-1-модданинг 4-қисми, 223-1-модданинг 3-қисми билан айбланаётган Ўзбекистон Республикасида туғилган фуқароси Қурбонов Аҳмаджон Алижон ўғлига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш тўғрисидаги илтимосномаси қондирилди, 1 ой 30 кун муддатга”, дейилди Москва шаҳар умумий юрисдикция судлари баёнотида.

Бунга қадар, Федерал хавфсизлик хизмати, Украинадан кўрсатма олган гумонланувчи «Москвага келган ва юқори кучланишли қўлбола бомбани электр скутерга ўрнатиб, уни генерал Игорь Кириллов яшайдиган уйнинг кириш қисмида қолдирган. Кириллов ва унинг ёрдамчиси чиқаётган вақтда эса бомбани портлатиб юборган”, деб баёнот берганди.

Тергов маълумотига кўра, Кириллов ва унинг ёрдамчиси электр самокатга жойланган қурилма портлаши натижасида ўлган.

ФХХ келтирган баёнотда қайд этилишича, 1995 йилда туғилган гумонланувчига Украина разведкаси қотиллик учун 100 минг доллар пул ҳамда Европа Иттифоқига юборишни ваъда қилган.

Россия махсус хизматлари Қурбоновнинг гўёки айбига иқрор бўлганини иддао қилмоқда ва ушбу видеони ҳам бу иддао тасдиғи сифатида тақдим қилди.

Кадрларда юзлари тилинган эркак унга “100 минг доллар ва Европа паспорти” ваъда қилинганини айтади.

ФСБ расмий хабарига кўра, қотилликда гумон қилинаётган ўзбекистонлик ёзув камералари тасвирлари ва мобил телефон тўловлари асосида аниқланган. Агар айби исботланса, Қурбоновга умрбод қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Мирзиёевнинг ҳамдардлиги

19 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқотда хавфсизлик масаласини муҳокама қилгани хабар қилинди.

“Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашни кучайтириш мақсадида икки мамлакат махсус хизматлари ўртасидаги яқин ва самарали ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилди расмий хабарда.

Бунга қадар, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси "17 декабрь куни Москвада содир этилган теракт иши доирасида “Ўзбекистон Республикаси фуқароси” ҳибсга олингани ҳақидаги тарқалган маълумотларга эътибор қаратгани" ҳақида хабар тарқатган.

Хабарда "дипломатик ваколатхона қабул қилувчи давлат ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада бўлиб, ушбу воқеани содир этганликда гумон қилинган шахс ҳақидаги маълумотни аниқлаштираётгани" маълум қилинди.

Ксенофобия кучайишидан хавотирлар

Сўнгги йилларда Россияда ксенофобия кайфияти кучайиб, марказий осиёлик мигрантларга ҳужумлар кўпайгани кузатилаётганди. Бу хабар ушбу жараённи янада оғирлаштиради.

Россия ўнлаб йиллардан бери марказий осиёлик миллионлаб меҳнат мигрантлари учун миграция асосий йўналиши бўлиб турибди. Улар ўз оилаларини боқиш учун турли таъқиб ва камситишларга чидаб келишмоқда.

“Ҳамма ёқда полиция автозак (маҳбусларни ташийдиган машина)лари. Бугун бозор ёнидан ўтаётиб, бир нечта автозак қантариб қўйилганини кўрдим. Ўзбеклар, қирғизлар, тожиклар – ҳаммани ушлаб, тиқишаётганди”, дейди Москвада яшовчи Ўзбекистон фуқароси Зулфия.

“Кеча менга таниш бир аёлни қизи билан бирга депортация қилишди”, қўшимча қилади хавфсизлигини ўйлаб фамилиясини очиқлашни истамаган Озодлик суҳбатдоши.

Айни пайтда, аксар россияликлар ўз ватандошларини муҳожирларга нисбатан муносабатда адолатли бўлишга чақирмоқда.

“Мен умумий овқатланиш соҳасида ишлайман ва шуни айтишим мумкин: бизда ўзбеклар ҳам, доғистонликлар ҳам, грузинлар ҳам ишлайди. Яна айтаман, ҳар бир миллатда ҳам ёмон, ҳам яхши инсонлар бор. Менимча, яхши инсонларга интилиш керак, ёмон инсонлардан узоқлашиш керак”, дейди москваликлардан бири.

Шу йил март ойида Москва вилоятидаги “Крокус сити хол” концерт залида содир бўлган терактдан сўнг Россия ҳукумати мигрантларга нисбатан янада репрессив сиёсат юрита бошлаган.

Бу терактга алоқадор деган гумон билан бир нечта Тожикистон фуқароси қўлга олинди. Улардан 4 нафари юз-кўзларида калтак ва қийноқлар излари билан судга олиб келингани халқаро миқёсда жиддий норозилик, Россияда юрган меҳнат муҳожирлари орасида эса жиддий қўрқувга сабаб бўлган эди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати бу муҳожирларни ҳам Украина махсус хизматларига ёлланиб, тайёрловдан ўтганини иддао қилган.

Москванинг Украинага даъвоси

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков, Россия разведка хизматлари юқори мартабали россиялик генерал Игорь Кирилловни ўлдиришга ким буйруқ берганини билади, дея баёнот берди:

“Ҳозирда буюртмачи ким, террорчилик ҳаракати ижрочилари ким экани бизга аён бўлди. Киев режими террорчилик усулларини қўллашдан тортинмаётгани тасдиқланди. Биз душманимиз кимлигини, нималарга қодирлигини аниқ тушунамиз ва бу махсус операция давомида қилган ҳаракатларимизни яна бир бор оқлайди”.

Украина ОАВлари махсус хизматлардаги манбаларига ҳавола берган ҳолда, генерал ҳалок бўлган портлаш Украина хавфсизлик хизмати томонидан уюштирилгани ҳақида ёзди.

“Кириллов ҳарбий жиноятчи ва мутлақо қонуний нишон эди, чунки у украин ҳарбийларига қарши тақиқланган кимёвий қуролларни қўллашга буйруқ берган”, дея ўз суҳбатдошидан иқтибос келтиради “Украинская правда”.

Reuters ва AFP агентликлари ҳам, Украинадаги манбаларига таяниб, Кирилловнинг ўлимини УХХ операцияси сифатида талқин қилмоқда.

Украина Хавфсизлик хизматидаги манба Би-би-сига айтишича, генералнинг ўлдирилиши махсус операция бўлган, аммо Украина расмий органлари буни тасдиқлагани йўқ.

16 декабрь куни Украина хавфсизлик хизмати генерал Кириллов Украина ҳарбийларига қарши кимёвий қурол қўллаганлиги ҳақида гумонланганини эълон қилганди.

Шубҳали ҳибс

Радиация, кимёвий ва биологик қуроллардан ҳимоя қўшинлари бошлиғи генерал Кириллов ўлимида гумон қилинаётган ўзбекистонликнинг бу қадар тез ушлангани ортидан айрим таҳлилчилар “Россия махсус хизматлари бу йигитни балогардон қилмаяптимикан”, деб тахминни илгари сурмоқда.

Ўзбекистонлик таҳлилчи ва Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence тадқиқот маркази директори Алишер Илҳомов гумонланувчи “катта эҳтимол билан” қийноққа солинган, дейди:

“Қотилликни бизнинг ўзбекистонлик муҳожир содир этганига менда шубҳа бор. Гарчи бу суиқасдда қатнашган бўлса-да, у бунда ёрдамчи ижрочи ролини бажарган бўлиши мумкин. Лекин тергов асосий ижрочи айбини унга юклашга қарор қилган афтидан. Чунки, бу - Россия махсус хизматларининг очиқ-ошкора хатоси. Шунинг учун, ҳозир улар Путин раҳбарияти ва аҳоли олдида ўзини оқлаш учун, тезда айбдорни топиб, бу вазиятдан чиқиши керак. Бу эса муҳожирларнинг шусиз ҳам оғир аҳволини янада оғирлаштиради. Ҳукуматга яқин мансабдорларнинг уларга қарши жазавасини янада кучайтиради. Яна бир тарафдан, бу муҳожирларнинг қайсидир қисмини Украинага урушга бориш учун шартномалар имзолашга мажбурлаш учун қўлланиши мумкин”.

Айнан ўзбекистонликнинг бу жиноятни содир этгани аниқ эмаслиги, балки унинг дарҳол айбдорга чиқарилиши мамлакатдаги вазиятни оғирлаштиришини россиялик экспертлар ҳам таъкидламоқда.

“Ушбу фуқаронинг қанчалик айбдор экани номаълум, чунки махсус хизматлар ўз раҳбарларига бажарилган ишлар, муваффақиятли якунланган тергов ва ҳоказолар бўйича ҳисобот тақдим этиши кераклиги аниқ. Биз буни кўрдик, бунинг қанчалик асосли эканини айтиш қийин. Лекин ҳозир мамлакатда расмий равишда тан олинган ишсизлик 2,2% ни ташкил қилади, бунақа рақам ҳеч қачон қайд этилмаган. Одамлар, бир томондан, фронтга олинади. Шунга кўра, ишчилар сони иқтисодиётда қисқаради. Иккинчидан, иқтисодиётнинг ўзи ҳарбий-саноат комплексига бўйсунтирилган. Учинчидан, юк кўтарувчи, чиқинди чиқариш, коммунал хизмат кўрсатиш, автобус ҳайдовчилари ва ҳоказо каби оғир қора, аммо зарур ишларни ҳам кимдир бажариш керак”, дейди россиялик сиёсатчи Дмитрий Орешкин, “Настояшчее время” телеканали билан суҳбатда.

Жиноятчи ҳарбийлар

Генерал Кирилловнинг ўлдирилиши – ҳарбий жиноятларда гумон қилинаётган шахснинг шу тарзда ҳалок бўлиши биринчи ҳодиса эмас.

Ноябрь ойида Қримда Қора денгиз флотининг 41-ракета кемалари ва катерлари бригадаси штаби раҳбари Валерий Транковский бўлган автомобиль портлатилди. Ўтган йил кузида босиб олинган Бердянскда ФСОнинг тўрт нафар ходими бўлган автомобиль портлатилганди.

Генерал Кириллов Россия Мудофаа вазирлигининг энг кўзга кўринган вакилларидан бири эди. Россиянинг Украинадаги уруши бошланишидан олдин ҳам у постсовет ҳудудида "Америка махфий биолабораториялари" мавжудлиги ҳақида бир неча бор баёнот берган.

2022 йилдан кейин Кириллов мунтазам равишда брифинглар ўтказиб, Россия рақиблари яратаётган биологик қуролларнинг тобора ғайриоддий турлари ҳақида гапира бошлади. Мисол учун, у Ғарбда "фақат русларга таъсир қиладиган" жангари чивинлар ва вируслар ишлаб чиқарилаётганини таъкидлаган.

Форум

XS
SM
MD
LG