Кема кузатувчи нашрлар тўплаган маълумотларга кўра, россиялик миллиардерларга тегишли камида бешта суперяхта чоршанба куни Малдив оролларига етиб борган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Малдив Ҳинд океанида жойлашган орол давлат бўлиб, АҚШ билан экстрадиция шартномасини имзоламаган.
Россия 24 февраль куни Украинага бостириб кирганига жавобан АҚШ, ЕИ, Буюк Британия ва бошқа кўплаб мамлакатлар Москвага қарши янги-янги иқтисодий санкцияларни жорий қилмоқда.
28 февраль куни Европа Иттифоқи аксарияти президент Владимир Путиннинг иттифоқчилари бўлган Россиянинг 26 нафар машҳур олигархлари ҳамда расмийларига қарши санкцияларни эълон қилди.
Асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов санкцияга тушганлар рўйхатининг бошидан ўрин олган. Чоршанба куни Forbes нашри Германия Усмоновнинг Dilbar номи берилган қарийб 600 миллион долларлик суперяхтаси ҳибс қилинганини ҳақида хабар тарқатди. Аммо Алишер Усмоновнинг вакили бу хабарни рад этган. Forbes нинг ёзишича, 156 метрли яхта Кайман оролларида рўйхатдан ўтган бўлиб, унга холдинг компания орқали эгалик қилинади. Бу эса яхтани тўғридан-тўғри Алишер Усмоновга боғлашни қийинлаштиради. Ҳамбург Иқтисодиёт ва инновация вазирлиги расмийлари Forbes нашрига Dilbar яхтаси ҳибс қилинмагани, эгалик ҳуқуқига аниқлик киритилганидан сўнггина бу борада қарор қабул қилиниши мумкинлигини айтишган.
Reuters нашри ушбу ҳолат юзасидан Германия расмийларидан изоҳ олишга муваффақ бўлмаган.
MarineTraffic юк ташиш маълумотлар базасидан олинган маълумотларига кўра, «Русал» алюминий ширкати асосчиси Олег Дерипаскага тегишли Clio суперяхтаси чоршанба куни Малдив пойтахти Мале яқинида лангар ташлаган. Дерипаска 2018 йилда АҚШ санкцияларига йўлиққан эди.
Пўлат ишлаб чиқарувчи «ЕВРАЗ» ширкатининг асосчиси Александр Абрамовга тегишли Titan суперяхтаси эса 28 февраль куни орол мамлакатга етиб борган.
MarineTraffic маълумотлари, шунингдек, чоршанба куни россиялик миллиардерларга тегишли яна учта яхта Малдив ороллари сувларида сайр қилиб юрганини кўрсатади. Улар орасида Россиянинг энг бой одами Владимир Потанинга тегишли 88 метрли Nirvana яхтаси бор.
Бу яхталарнинг аскари йил бошида Яқин Шарқ портларида лангар ташлаган бўлган.
Малдив Республикаси ҳукумати матбуот котиби Reuters агентлигининг изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермаган.
АҚШ санкцияга учраган россияликлар мулкини мусодара қилиш учун кескин чоралар кўрилишини айтмоқда.
Якшанба куни Оқ уй Twitterда: «Келгуси ҳафтада биз санкцияга йўлиққан Россия ширкатлари ва олигархларининг активларини – яхталари, саройлари ва бошқа ноқонуний йўл билан қўлга киритилган даромадларини қонун асосида аниқлаш, овлаш ва музлатиш учун кўп қиррали трансатлантик ишчи гуруҳини ишга туширамиз», деб ёзди.