Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:46

МХХ раиси Рустам Иноятов иcтеъфога чиқарилди


Рустам Иноятов МХХни салкам 23 йилдан буён бошқариб келади
Рустам Иноятов МХХни салкам 23 йилдан буён бошқариб келади

Ўзбекистон ҳукуматидаги бир биридан мустақил икки юқори лавозимли мулозимнинг Озодликка маълум қилишича, 30 январь оқшомида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг раиси, генерал-полковник Рустам Иноятов ўз вазифасидан истеъфога чиқарилди.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида МХХ ва Бош прокуратура ходимларининг 31 январь кунги селектр йиғини пайтида эълон қилинди.

Миллий хавфсизлик хизматини салкам 23 йил бошқарган 73 яшар Рустам Иноятовнинг ўрнига Ўзбекистон бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев тайинланди.

52 яшар Ихтиёр Абдуллаев 2015 йилнинг 21 апрелидан буён Бош прокурор вазифасини бажариб келаётганди.

Ўз навбатида, Ихтиёр Абдуллаевнинг ўрнига президент давлат маслаҳатчиси 42 яшар Отабек Муродов тайинланди.

Аввалроқ, бу лавозимга бир неча шахс, жумладан бир парламент аъзоси ва бир давлат маслаҳатчиси номзоди кўриб чиқилаётгани ҳақида Озодлик турли манбалардан хабар олганди.

Озодлик суҳбатлашган икки шахс ўз кўзи билан Ихтиёр Абдуллаевнинг 30 январь куни Тошкентда қўриқчилар билан юрганига гувоҳ бўлганини айтди.

Озодликка Ўзбекистон ҳукуматидаги ва унга яқин, бир биридан мустақил бир неча манбадан маълум бўлишича, Рустам Иноятов истеъфога чиқиш тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев номига 25 январда ариза топширган.

Ўзбекистон ҳукуматининг юқори мартабали мулозими эса, президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафар қилишидан олдин генерал-полковник Рустам Иноятов билан тўрт соат давомида суҳбатлашганини билдирди.

Рустам Иноятов Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов вафот этганидан буён ҳукуматда қолаётган саноқли давлат арбобларидан бири эди.

У раислик қилган Миллий хавфсизлик хизмати ҳозир ҳам Ўзбекистонда энг ёпиқ ва қудратли давлат идораси ҳисобланади.

22 декабрда Ўзбекистон ҳукумати ва парламентининг қўшма йиғилишида илк бор маъруза қилган президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органлари, жумладан Миллий хавфсизлик хизматини танқид қилган эди.

Айни йиғинда президент Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати вазифалари ва ваколатларини тартибга солувчи "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф қилганди.

XS
SM
MD
LG