Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:40

"Давлат сектори". Саида Мирзиёева Президент администрациясида лавозимга тайинланди


Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёева.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири лавозимига тайинланди.

Мирзиёевнинг бу ҳақдаги фармойишини 14 ноябрь куни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ўзининг расмий Телеграм-каналида эълон қилди.

Расмий хабарда айтилишича, Саида Мирзиёева эгаллаган лавозим Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари тизими таркибига киради. Мирзиёева ижтимоий соҳа, маданият ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар ижросининг боришини ҳам назорат қилиши айтилган.

Президент матбуот котиби Саида Мирзиёеванинг мухтасар таржимаи ҳолига ҳам тўхталган, жумладан унинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети ҳамда Ломоносов номидаги Москва давлат университети магистратурасини битиргани ва иқтисодиёт фанлари номзоди илмий даражасига эга эканини ҳам илова қилган.

Президент матбуот котиби шунингдек, Мирзиёева фаолияти давомида сўз эркинлигини таъминлаш, вазирлик ва идораларнинг очиқлик сиёсати, матбуот хизматларини жорий этиш, маданият соҳасини ривожлантириш ва гендер тенглик масалалари бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди.

Отасининг қизи. Саида Мирзиёева ким?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:43:20 0:00

Ўзгармаган тренд

Бу охирги тўрт ойда Ўзбекистон Президенти администрациясидаги жамоатчиликка эълон қилинган бешинчи тайинловдир.

Шу йил 16 июлида Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Президент администрациясининг ишдан бўшатилган раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов ўрнини эгаллаганидан буён унга икки ўринбосар ва бир ёрдамчи тайинланди. Шунингдек, президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси янгиланди.

Расмий хабардан англашилгани - Саида Мирзиёева бундан аввал Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги-АОКА ҳамда Масс-медиа фондидаги раҳбари Комил Алламжоновнинг қўл остида ишлайди.

Алламжонов шу йилнинг 26 июль куни Президент Администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъул ўринбосари лавозимига тайинланган эди.

Алламжонов ва Мирзиёева 2020 йил 29 январида, расман "нодавлат секторида фаолиятни давом эттириш" нияти билан АОКАдаги лавозимларини тарк этган эди. Алламжонов АОКА раҳбарлигига 2019 йил 4 февралида, Мирзиёева эса орадан 2 ойдан кўпроқ ўтиб, 12 апрелда унинг ўринбосари лавозимига тайинланган.

Саида Мирзиёеванинг расмий лавозимга қайтиши Алламжонов администрация раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланганидан 3 ой ўтиб юз бермоқда.

Ҳозирча Алламжонов ва Мирзиёева охирги тайинловни шарҳлашгани йўқ, уларнинг ҳар иккаласи тармоқлардаги расмий саҳифаларида Президент матбуот котиби хабарини бўлишиш билан кифояланди.

38 яшар Саида Мирзиёева ўзини блогер ва журналистлар ҳимоячиси, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари ва ўзбек маданиятининг тарғиботчиси сифатида тақдим этиб келади.

2016 йил сентябрида отаси Шавкат Мирзиёев президент вазифасини эгаллагунига қадар Саида Мирзиёева ҳамда Мирзиёев оиласининг бошқа аъзолари ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди.

Мирзиёеванинг турли соҳалардаги фаоллиги тармоқларда марҳум президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова шахси ва фаолияти билан параллеллар ўтказилишига сабаб бўлган, аммо Саида Мирзиёеванинг ўзи президент қизи бўлиш "имтиёз эмас, балки масъулият" эканини таъкидлаб келади.

"Муҳим ишлар билан банд"

Масс-медиа фондининг нодавлат ташкилоти мақоми Саида Мирзиёеванинг Ўзбекистонга ташриф буюрган юқори мартабали хорижий меҳмонлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан музокара олиб боришига тўсқинлик қилмаган. У ўтган ҳафта онаси Зироат Мирзиёева билан Самарқандга ташриф буюрган Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг биринчи хонимларига ҳам ҳамроҳлик қилган эди.

Ўтган ой Ўзбекистонга ташриф буюрган АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Трюдо Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева билан ҳам учрашган эди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиёга сафари натижалари ҳақида "Америка овози" га гапирган АҚШнинг юқори мартабали дипломати Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи "муҳим ишлар билан банд"лигини айтган.

"...Унинг (Саида Мирзиёеванинг) ташкилоти муҳим ишлар билан банд - нафақат хотин-қизлар ҳуқуқлари, балки аёл тадбиркорларни қувватлаш, шунингдек, матбуот эркинлиги тарғиботи- бу инсон ушбу масалалар билан сидқидилдан шуғулланиб келаётганини биламиз. АҚШ бундай одамлар билан учрашиб, муаммолар устида биз сингари қайғураётган инсонлар билан мулоқот қилади", - деган АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Элизабет Трюдо.

Форум

XS
SM
MD
LG