Самарқанднинг "Европа" қисми дея ЮНЕСКО ЮНЕСКО тарафидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Пушкин кўчасидаги қурилиш ишлари тўхтатилди.
Самарқанд шаҳар ҳокимияти шаҳарнинг Европа архитектураси намуналари жойлашган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш лойиҳасидан воз кечган.
Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Абдуллаевнинг Озодликка 19 июн куни маълум қилишича¸ "махсус комиссия мутахассислари, шаҳарнинг XIX аср охири ХХ аср бошларида қурилган қисмида кўп қаватли бинолар қуриш, ушбу тарихий объектларнинг зарар кўришига ва шаҳарнинг тарихий қиёфаси ўзгаришига олиб келиши борасида хулосаа берган".
Мулозимга кўра¸ 19 июнь эрталабдан Пушкин кўчасида барча қурилиш ишлари тўхтатилган, ихтисослашган муассасаларга вазиятни ўрганиб, ушбу ҳудуднинг тарихий сиймосини сақлаб қолувчи қурилиш режаси ишлаб чиқиш топширилган.
Озодлик 18 июнь куни Самарқанд шаҳрида бошланган кенг кўламли қурилишлар оқибатида ЮНЕСКО тарафидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Пушкин кўчасида бир нечта иморат бузилгани ҳақида мақола эълон қилган эди.
Мақолада Max Real Stroy Invest ширкати 1995 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияга зид тарзда бино қураëтгани танқид қилинган эди.
Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Абдуллаевнинг Озодликка билдиришича шаҳар мулозимлари "журналистлар эътирозидан тўғри ҳулоса чиқарган."
Аввалроқ Самарқандда XIX асрда қурилган 4 та масжид бузиб ташлангани тарихчилар тарифидан қораланган эди.