Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Самарқандда 1600 гектарли боғ 1 йилда қуриди. Зарар "Темир дафтар"дагилардан ундириляпти (ВИДЕО)


Самарқанд вилоят Пайариқ туманидаги Ингичка ва Наволи қишлоқлари ҳудудида янги барпо этилган жами 1600 гектар интенсив узумзорлар бир йил ўтмасдан қуриб қолган ва унга сарфланган кредит маблағларини тўлаш эса туман “Темир дафтар”идаги оилалар бўйнида қолиб келмоқда.

Озодликка мурожаат қилган бир неча пайариқликнинг билдиришича, уларнинг ушбу боғларга алоқаси бўлмаса ҳам, туман банклари томонидан уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларидан номаълум кредитлар учун тўловлар ушлаб келинган. Бу ҳолат олти ой давом этиб келган.

Пайариқ туман прокуратураси ходими “Темир дафтар”да турувчи аҳоли номига қалбаки ҳужжатлар билан кредит расмийлаштирганлиги ҳолатини тасдиқлади ва ушбу жиноят билан боғлиқ тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан ўтказилаётганлигини билдирди.

Пайариқ туманида яшовчи, “Темир дафтар"да рўйхатда турувчи 2- гуруҳ ногирони Инобат Эргашеванинг Озодликка билдиришича, унинг номига унинг розилигисиз туман “Халқ банки” томонидан кредит расмийлаштирилган бўлиб чиққан:

“Темир дафтар”даги 2- гуруҳ ногирониман. Оёқларим бўлмайди юришга. Менга мажбуран “Халқ банки”дан кредит очилган, менинг номимга. Мен уни кўрмаганман, пул ҳам қўймаганман. Узумзор берамиз деганини эшитганман, лекин уни кўрмаганман. Олис ер, мен боролмайман, деб мен уларнинг олдидан ўтган эдим. Лекин менинг номимга кредит келяпти. Паспортимни олиб, ўзлари пул қўйиб, ўзлари номимга олган. Менинг ундан хабарим йўқ. Уни бориб кўришга шароитимам йўқ, мен юра олмайман”.

Пайариқлик Инобат Эргашева олмаган кредитини тўлашга мажбур бўлаëтганидан арз қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:06 0:00

Пайариқ туман прокуратураси ходими шахси очиқланмаслик шарти билан Озодликка туманнинг “Темир дафтар”ида рўйхатда турувчи аҳоли номига маҳаллий банклар томонидан қалбаки ҳужжатлар билан кредит расмийлаштирганлиги ҳамда уларнинг иш ҳақи ва пенсия тўловларидан пул ушланиб келинганлиги ҳолатини тасдиқлади ва ушбу жиноят билан боғлиқ тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан ўтказилаётганлигини билдирди.

Маҳаллий матбуот Пайариқ туманида 1600 гектарлик янги боғларнинг йиллар давомида фойдаланилмасдан келган яйлов ва лалмикор ерларда барпо этилганлиги ва улар аёллар ва ёшлар дафтарларидаги оилаларга шароитини яхшилаш учун 50 сотихдан тақсимлаб берилганлиги ҳақида хабар берган эди.

“1600 гектар лалми майдонларни ўзлаштириш ҳисобига кооперация тузилиб, замонавий сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Ҳар бир майдонга майизбоп ва экспортга мўлжалланган узум кўчатлари экилиб боғ ташкил этилмоқда. Муҳими, ўзлаштирилган ерлар тумандаги аёллар, “темир”, “ёшлар” дафтарларига киритилган 3200 та оилага 50 сотихдан тақсимлаб берилди. Бунинг натижасида эса 10 мингга яқин ишсиз фуқаролар, ёшлар, хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, турмуш тарзи яхшиланиб бормоқда” – дейилган "Ўзбекистон24" хабарида. 2021 йили тайёрланган сюжетда Пайариқ туман ҳокими Дилшод Мусинов "98 млрд.лик лойиҳа. Бу ҳар бир оилага 50 сотихдан деҳқон хўжалиги сифатида оилаларга бўлиб берилди" деган эди.

Пайариқ туманида барпо этилган 1600 гектар боғ бир йилда қуриб қолди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:33 0:00

Озодликка келиб тушган расмий ҳужжатлардан Самарқанд вилоят, Пайариқ туманидаги 3 мингга яқин аҳоли номига уларнинг розилигисиз ва хабарисиз тумандаги бир неча банклар филиаллари томонидан кредит маблағлари раймийлаштирилганлиги ва 98 млрд. сўм миқдоридаги Инқирозга қарши курашиш давлат жамғармаси маблағларининг талон-тарож қилинганлиги юзасидан Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205- моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) ва бошқа моддалар билан жиноят иши очилганлигини кўриш мумкин.

Жиноят иши тергови эса Ўзбекистон Бош прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг алоҳида муҳим ишлар бўйича тергов гуруҳи томонидан амалга оширилмоқда.

Шу бўйича ҳибсга олиниб, кейин озод қилинган банк ходимлардан бирининг яқин қариндоши, шахси очиқланмаслик шарти билан, Озодликка билдиришича, банк ходимлари туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган фуқаролар паспорт нусхалари эгалари номига кредит расмийлаштиришга мажбурланган ва ушбу маблағларнинг бирон бир қисми банк ходимларига тегмаган:

“Сохта ҳужжатлар ҳисобидан чиқарилган кредитларга ҳокимлик томонидан берилган паспорт нусхалари асос бўлган ва ҳокимлик кўрсатган ширкат ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Банк ходимларига бу пулларнинг бирон қисми тегмаган. Катталарнинг келишувига энди оддий банк ходимлари айбдор бўлиб чиқаяпти. Ушбу минглаб кредитлардан банк раҳбарияти, туман ва вилоят ҳокимликлари ва бошқаларнинг ҳам тўлиқ хабари бўлган. Бош прокуратура туман “Халқ банки”, “Микрокредитбанк” ва “Агробанк”нинг жами 7 ходимини ҳибсга олди ва орадан икки ҳафта ўтиб суд жараёни бошлангунга қадар қўйиб юришларига рози бўлди. Лекин ушбу ноқонуний ҳаракатларга бош-қош бўлган ҳокимлик вакилларининг биронтаси жавобгарликка тортилмаяпти”.

Тилга олинган банклардан мавзу юзасидан шарҳ олишнинг имкони бўлмади.

Озодлик Пайариқ туманида барпо этилган 1600 гектар янги боғларнинг бир йил ўтмасдан қуриб кетганлиги ва боғ билан боғлиқ 98 млрд сўмлик маблағнинг талон-торожи юзасидан туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Дилшод Ҳамидов билан телефон орқали боғланди. Мулозим тумандаги ушбу ҳолатлардан хабардор эмаслигини билдириш билан чекланди.

Пайариқ туман собиқ ҳокими, туманни 2020 йилгача 15 йил бошқариб келган Абдўмумин Жўраев бир йил олдин Озодликка берган интервьюсида тумандаги ер майдонларини сув билан таъминлаш имкони йўқлиги ҳақида билдирган эди: “Албатта Пайариқда сабзавот экишнинг имконияти йўқ, чунки сув кам у ерда. Узумзорларнинг 600 гектарини экканмиз колгани турибти улар” – деб айтганди собиқ сенатор.

Бош прокуратура томонидан ушбу талон-торожликларда гумон қилиниб, "MAROQAND MEVA-SABZAVOT" фермер ҳужалиги раиси Жалолов Шуҳрат Амоновичга 2021 йил 23 ноябрда сиртдан “қамоққа олиш” тарздаги эҳтиёт чораси қўлланилиб қидирув эълон қилинган.

Жалолов Шуҳрат Амоновичнинг Жиноят кодексининг 167- ва 209- моддалари билан қидирувда эканлиги бўйича маълумотлар Ички ишлар вазирлиги сайтида ҳам мавжуд.

Озодлик аниқлаган маълумотларга кўра, қидирувда бўлган фуқаро Жалолов Шуҳрат Амонович амалдаги сенатор, Самарқанднинг энг бой тадбиркорларидан бири «Agromir group» ширкати эгаси Джалолов Шавкат Амоновичнинг туғишган акаси бўлиб чиқди.

"MAROQAND MEVA-SABZAVOT" фермер ҳўжалиги эса «Agromir group» ширкатининг таркибида фаолият кўрсатиб келганлиги ва кейинчалик тугатилганлиги маълум бўлди.

«Agromir group» қишлоқ ҳўжалиги махсулотларини қайта ишлаш ва улар асосида озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, консерва ва шарбат ишлаб чиқариш бўйича республикадаги энг йирик ширкатлардан бири ҳисобланади. Ширкат ўз сайтида Ўзбекистондаги мева ва сабзавотлар шарбати бозорининг 46% улушига эга эканлигини иддао қилмоқда.

Озодлик юзага келган ҳолатлар бўйича на «Agromir group» ширкати вакиллари ва на сенатор Шавкат Джалолов билан боғланиб муносабат ола олди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Самарқандга қилган сафари доирасида бир қатор маҳаллий амалдорларни ишдан бўшатгани кузатилди. Ушбу амалдорлар орасида Марказий банкнинг Самарқанд вилоят бош бошқармаси бошлиғи Отабек Тўхтаев ҳам бор эди.

Президент Самарқанддаги банкларда пора эвазига кредит бериш ҳолатлари кўплиги, қайтарилмаётган кредитлар миқдори кўпайгани ҳақида айтгиб бундай ҳолатларга йўл қўйгани учун Миллий банк, Халқ банки ва Асака банкдаги ҳолатлар бўйича жиноят ишлари очиш масалалари бўйича тегишли кўрсатмалар берган эди.

XS
SM
MD
LG