Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:06

Самарқандлик фаррошлар ойлик берилиши талаби билан ҳокимлик олдида намойиш ўтказди


Озодлик манбаларига кўра¸ элликдан зиёд фаррош аёл шанба куни эрталаб соат 8 ларда Самарқанд вилояти ҳокимлиги олдида норозилик намойиши ўтказган. Улар маошларнинг дарҳол тўланиши ва масъул раҳбарларнинг жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш департаменти давлат корхонасининг фаррошлари вилояти ҳокими билан учрашиш, май, июнь ва июль ойлари маошларининг дарҳол тўланиши ва корхона раҳбариятини жавобгарликка тортишни талаб қилганлар.

Гувоҳларнинг Озодликка маълум қилишларича, кўп ўтмай намойишни тарқатиш учун келган 20 га яқин милиция ходимини намойишчилар “кетмон ва белкураклар” билан қарши олган.

Намойишчилар ичида¸ асосан¸ аёллар бўлгани ва қўлларида кетмон ва белкураклар бўлгани учун улар ҳам милиция ходимларига тикка бораверди. Кейин ИИБ мулозимлари Ободонлаштириш департаменти раҳбари, марказий банк ва вилоят молия бошқармаси масъулларини чақирди,” деб ёзди Озодликка Telegram орқали боғланган воқеа гувоҳларидан бири.

Айни манбанинг билдиришича¸ Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш департаменти раҳбари Маъмуржон Муҳсинов корхона бюджетида пул йўқлигини эътироф этган.

Шунда Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш департаменти раҳбари одамларга қарата “нима қилайлик бюджетда пул йўқ, пул келмаяпти” деди. Аёллар ичидан бири эса "ана ўша пулларни ҳамманг егансан катталаринг билан " деди. Охири масъул идора ходимлари уларнинг ойлиги тўланишини ваъда берган ҳолда тарқатишди,” деб ёзди намойишга гувоҳ бўлганлардан бири.

Натижа

Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш департаменти давлат корхонаси масъулларидан бирининг Озодликка айтишича¸ душанба куни “барча ишчиларга май ва июнь ойлари маоши берилган, июль ойи маоши шу ҳафта ичида берилади”.

Шунингдек, у намойиш бўлган шанба куннинг ўзидаёқ шаҳар ҳокими корхона бошлиғи Маъмуржон Муҳсиновни ишдан олганини билдирди.

Бундан ташқари, Озодлик юз берган ҳодиса юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратурасида суриштирув ишлари бошланганини аниқлашга муваффақ бўлди.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳар Ободонлаштириш департаменти давлат корхонаси бош бухгалтери Алишер Қодиров душанба куни терговга чақирилган.

Озодлик гаплашган масъул корхонада вазият изга тушганини айтди.

Озодликка маълум бўлишича¸ Самарқанд шаҳри ободонлигига масъул давлат корхонасида 1206 нафар ходим ишлайди ва улар ўртача маоши 400-500 минг сўмни ташкил этади. Улар маошининг ярми пластик карточкаларга ўтказилса, ярми нақд пул шаклида тўланади.

Охирги йилларда Озодликка Ўзбекистонда пенсия, стипендия ва мошларнинг ўз вақтида бериламаётгани тўғрисида мунтазам шикоятлар келмоқда.

Мамлакатда нақд пулнинг тақчиллашиб бораëтгани оқибатида маош¸ нафақа ва пенсияларнинг олти ойлаб берилмаëтгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG