Линклар

Шошилинч хабар
29 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтди

10:13 11.11.2022

Самарқанд саммити бошланмоқда

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанддаги илк саммити бошланмоқда. Айни пайтда барча аъзо мамлакатлар раҳбарлари “Конгресс ҳолл”га етиб келишди.

Саммит арафасида Самарқанд шаҳрига кириш йўллари 10 ва 11 ноябрь кунлари вақтинча ёпилиши ва шаҳардаги айрим кўчаларда ҳаракатланиш чекланиши маълум қилинган. Шу билан бир қаторда Самарқанд аэропорти ҳам ёпилган.

Туркий давлатлар ташкилотига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон аъзо. Венгрия ва Туркманистон кузатувчи мақомига эга.

Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиш ниятини 2018 йилда билдирган ва 2019 йилда Бакуда ўтган саммитда аъзоликка қабул қилинган

2021 йилнинг 12 ноябрида ўтказилган Истанбул саммитида Туркий кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилоти деб ўзгартирилди.

09:28 11.11.2022

Гурбангули Бердимуҳамедов Самарқандга келди

Туркманистон Миллий Кенгаши халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммитида иштирок этиш учун Самарқандга келди. Самарқанд халқаро аэропортида уни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Туркманистон Туркий давлатлар ташкилотининг саммитида кузатувчи давлат мақомида иштирок этади. Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг асосий тадбирлари бугун, 11 ноябрь куни бўлиб ўтади.

Саммитда иштирок этиш учун 9 ноябрда Венгрия бош вазири Виктор Орбан, 10 ноябрда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев келган эди.

09:17 11.11.2022

Норов: “Янги дунё тартиби учун кураш минтақамиз хафсизлигига таҳдид туғдирди”

Владимир Норов Самарқандда 10 ноябрь куни ўтган Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашида сўзлаган нутқида саммит геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётганига эътибор қаратди.

“Янги дунё тартиби учун курашнинг янада ортаётгани мамлакатларимиз ва минтақамиз барқарорлиги, хавфсизлиги ва узлуксиз тараққиёти учун кўплаб таҳдидларни пайдо қилиб, глобал миқёсда чуқур тафовутларни келтириб чиқармоқда”,-деди Норов.

Вазирга кўра, бундай шароитда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўзаро ҳамкорлик доирасида стратегик мақсад ва вазифаларни бирлик, ҳамжиҳатлик ва умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда амалга ошириши лозим.

Владимир Норов иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни кучайтириш масаласига ҳам тўхталди. “Мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ташкилотга аъзо давлатларнинг 970 миллиард АҚШ долларидан ортиқ умумий товар айланмаси ҳажмининг 3 фоиздан камроғини (21 миллиард доллар) ташкил этади”, деган вазир бу кўрсаткични бир неча бор ошириш зарурати ҳақида гапирди.

Унга кўра, бу ишни амалга ошириш учун савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш йўлидаги тариф ва нотариф чекловларни ҳамда бошқа тўсиқларни изчил қисқартириш, савдога инновациялар ва рақамли ечимларни фаол жорий этиш; инвестициявий, молиявий ва инфратузилмавий ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлаш ва устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни рағбатлантириш лозим.

Владимир Норов Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон, Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар темир йўлларини қуриш лойиҳасини амалга ошириш умумий туркий транспорт маконининг жозибадорлигини кучайтиришини таъкидлади.

Туркий давлатлар ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашида Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Венгрия ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирок этди.

07:56 11.11.2022

Венгрия Ўзбекистонда 150 миллион долларга паррандачилик кластерини ташкил этмоқчи

Ўзбекистон-Венгрия форумида имзоланган ҳужжатлар билан алмашиш пайти.
Ўзбекистон-Венгрия форумида имзоланган ҳужжатлар билан алмашиш пайти.

Венгриянинг Бонафарм Cсопорт компанияси Ўзбекистонда 150 миллион долларга тенг паррандачилик кластерини ташкил этиши режалаштирилмоқда. Бу борада Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Бонафарм Cсопорт ширкати вакиллари билан музокаралар олиб борган.

Музокаралар якунига кўра, Англашув меморандуми имзоланди ҳамда “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Аввалроқ Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити доирасида бўлиб ўтаётган музокараларда Венгрия Ўзбекистон билан автомобилсозлик йўналишида ҳамкорлик қилишига келишиб олингани билдирилган.

10 ноябрда Самарқандда ўтган Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форумида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ҳамда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сиярто иштирок этди.

Форумда автомобилсозлик, транспорт-логистика, енгил саноат, паррандачилик соҳаларида ҳамкорликка оид 8 та ҳужжат имзоланган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG