Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:59

Самарқанд саммити: Мирзиёев туркий давлатлар лидерларини кутиб олмоқда


Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанддаги ШҲТ саммитида. 15 сентябрь, 2022 йил.
Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқанддаги ШҲТ саммитида. 15 сентябрь, 2022 йил.

10−11 ноябрь кунлари Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг илк саммити бўлиб ўтади. 9 ноябрь куни саммитга мезбонлик қилаётган президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борди.

Саммит иштирокчиларидан биринчи бўлиб ташкилотда кузатувчи мақомига эга Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Самарқандга ташриф буюрди. Саммит арафасида Ўзбекистон ва Венгрия ишбилармон доираларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Анжуманни ёритиш учун Самарқандга сафар қилган Озодлик мухбирининг хабар қилишича, шаҳар 9 ноябрь куни очиқ, транспорт қатнови чекланмаган, аммо саммит муносабати билан Самарқанд аэропорти тижорий парвозлар учун ёпилган.

10 ноябрь куни Самарқандга ташкилотга аъзо Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбойжон давлат раҳбарлари, шунингдек, яна бир кузатувчи давлат Туркманистоннинг собиқ президенти - амалдаги президентнинг отаси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг келиши кутилмоқда.

ТДТ - 2009 йилда тузилган Туркий Кенгаш ўрнига 2021 йил ноябрь ойида туркий тилда сўзлашувчи 5 давлат томонидан таъсис этилган ташкилотдир.

Транспорт-логистика ва портларга чиқиш йўли

Расмий маълумотга кўра, саммит кун тартибилан аъзо давлатлар ўртасидаги транспорт-логистика, маданий, гуманитар соҳалар, хусусий бизнес ва тадбиркорлик бўйича ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ўрин олган.

Саммит арафасида Самарқандда бўлиб ўтган бизнес форумда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориевнинг маълум қилишича, 2021 йил Ўзбекистоннинг аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси 8,3 миллиард долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 3,1 миллиард, импорт миқдори 5,3 миллиард долларни ташкил этган. Юк ташиш кўрсаткичи - 27,6 миллион тонналик миқдорнинг 80 фоизи темир йўл, 18 фоизи автомобиль транспорти ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, Ўзбекистон томони туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар портлари орқали юк ташишни кўпайтиришни режаламоқда.

“Таъкидлаш жоиз, Европа ва Осиё ўртасидаги энг қисқа трансконтинентал йўналишлар туркий давлатлар орқали ўтади. Демак, тузилма доирасида бирлашув ва интеграциялашув транзит юк ташиш ҳажми ошишига олиб келиш баробарида Евроосиё қитъасининг барча мамлакатлари янада ривожланишига салмоқли ҳисса қўшади”, деди Ўзбекистон расмийси.

9 ноябрь куни Самарқандда ўтган ТДТ иқтисодиёт ва савдо вазирлари учрашувида, ташкилот доирасида инвестиция жамғармасининг таъсис этилишига келишилгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев "савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида, Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармасини таъсис этиш бўйича Битимни имзоланишини келишиб олингани"ни айтди.

Ўтган ой Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли Самарқанддаги саммитда яна бир туркий тилда сўзлашувчи давлат - Туркманистоннинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб киришини эълон қилган эди. Аммо ҳозиргача туркман томони ташкилотга қўшилиш ниятини тасдиқлагани йўқ. Туркманистон ўзини бетараф давлат деб эълон қилган ва сиёсий-ҳарбий блоклардан четда туриб келади. Аммо туркий давлатлар бирлигида асосан, тарихиймаданий ва савдо-иқтисодий алоқаларга устунлик берилаётгани инобатга олинса, Туркманистоннинг ушбу ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб киришига тўсқинлик қиладиган омил йўқдек. Айрим таҳлилчилар минтақани ўзининг "орқа ҳовлиси" сифатида кўрадиган, аммо ҳозирда Украинадаги уруш сабаб таъсири заифлашган Россия бунга тўсқинлик қилиши мумкинлигини ҳам тахмин қилишмоқда.

ШҲТ саммити сабабли Самарқанд шаҳри ёпиб қўйилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:05 0:00

Медиа ҳозирлик

Самарқанд сўнгги икки ойдан камроқ вақт ичида иккинчи йирик саммитга мезбонлик қилмоқда. Шу йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда ШҲТ га аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтган эди. Саммит асносида Хитой раҳбари Си Цзинпин коронавирус пандемияси бошидан буён илк бор хорижга сафар қилган. Украинадаги уруш фонида Самарқанд саммитида жаҳон матбуотида энг кўп тилга олинган воқеалардан бўлди.

Украина инқирозида фаол воситачилик ролини ўйнашга ҳаракат қилаётган Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Самарқанддаги саммитда ҳозир бўлиши инобатга олинса, бу сафар ҳам Украина борасида муҳим баёнотларни кутиш мумкин.

Ўтган ой Остонадаги учрашув чоғида президент Эрдўғон президент Путинни ҳам Самарқанддаги саммитга таклиф қилган эди, аммо Путин бу таклифни қабул қилган-қилмагани маълум эмас. Мезбон давлат Ўзбекистон расмийлари Эрдўғоннинг бу таклифини шарҳламаган.

Саммитни 570 дан зиёд маҳаллий ва хорижий журналист ёритвди. Улар орасида Озод Европа/Озодлик радиосининг 5 нафар журналисти ҳам бор.

Самарқандга борган Озодлик мухбирига кўра, Тошкент ва хориждан борган юзлаб журналист, махсус ташкиллаштирилган шаклда, Тошкентдан Самарқандга олиб борилган. Улар учун Самарқанддаги “Боқий шаҳар” ҳудудида 2 та матбуот маркази ташкил этилган.

Туркий давлатлар раҳбарларининг Қирғизистондаги саммити.
Туркий давлатлар раҳбарларининг Қирғизистондаги саммити.

Туркий бирлик орзуси

1991 йилга қадар турк тилида гапирган ягона мустаиқл давлат Туркия эди.

Совет иттифоқи қўлагач, 1992 йилнинг 30 октябрида Анқарада “Турк тилли давлатлар саммити” бўлди. Унда Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистон раҳбарлари учрашди.

12 июль, 1993 йилда Олмаотада “Турк давлатлари санъати ва тили бирлиги” тузилди. Бу бирлашма, 1998 йил Бокуда, Турк маданияти халқаро бирлашмасига айланди.

Ҳозирги Туркий давлатлар ташкилоти эса, расман 3 октябрь, 2009 йилда Нахчыван келишуви асосида Бокуда “Туркий кенгаш” номи билан тузилди. 2012 йилда такшилот байроғи қабул қилинди.

Дастлаб унга 4 давлат - Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон аъзо бўлди. Ҳозирда Венгрия ва Туркманистон кузатувчи давлат. 2020 йилда Укрина ҳам кузатувчи давлат мақомини олиш ниятини билдирган эди.

Ўзбекистон эса президент Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг - 2019 йил 12 сентябрда аъзо бўлди.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов, 1990 йиллардан то вафотига қадар, Анқара билан совуқ алоқалар боис, Туркия бошчилигидаги интеграция ташаббусларига шубҳа билан қараб келгани айтилади.

Форум

XS
SM
MD
LG